Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги бошланди
Версия для печати
  • 10 Ноябрь 2015

Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги бошланди

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Infolib — 2015” IV миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги бошланди. Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда ёш авлод билимини бойитиш, дунёқарашини кенгайтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш учун барча шарт-шароит яратилганини таъкидлашди.

Анъанавий миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги ҳам аҳоли ўртасида  китобхонлик маданиятини юксалтириш, уларнинг ахборот-коммуникация технологияларига оид кўникмаларини янада мустаҳкамлаш, мазкур маърифат масканида китобхонлар учун яратилган имконият ва қулайликлардан ҳамюртларимизни хабардор этишга қаратилганлиги билан алоҳида аҳамиятга эгадир.
“Infolib — 2015” ҳафталиги “Очиқ эшиклар куни”, “Мутахассис куни”, “Ижод куни”,  “Хорижий тиллар куни”,  “Маданиятлар хилма-хиллиги куни” сингари муайян мавзуларни ўз ичига олади. Тадбир давомида  ёзувчи ва шоирлар, мусаввирлар, режиссёрлар, ёшлар ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари, шунингдек, бир қатор халқаро танловлар ғолиблари билан учрашувлар ўтказиш ҳам режалаштирилган.
— “Infolib — 2015” ҳафталиги фаолиятимиз самарадорлигини оширишда алоҳида ўрин тутади, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги ахборот-ресурс маркази директори Зулфия Сайтниязова. — Яқинда марказимиз учун янги бино қуриб берилди. Унда ўқув заллари, компьютер, мультимедиа хонаси, мажлислар зали ва бошқа бир қатор қулайликлар яратилган. Бу мамлакатимизда маънавият ривожи учун давлатимиз томонидан нақадар юксак эътибор қаратилаётганининг амалдаги яна бир ифодасидир.
Миллий ахборот-кутубхона ҳафталигининг дастлабки кунида “Бетгеров ўқувлари — 2015”: фойдаланувчиларнинг ахборот маданияти ва медиасаводхонлигини шакллантиришда ахборот-кутубхона муассасаларининг ўрни” мавзуидаги давра суҳбати, Алишер Навоийнинг “Хамсат ул-мутаҳаййирийн” асари бадиий таржимаси тақдимоти, китоблар кўргазмалари, ахборот-кутубхона мутахассислари учун маҳорат сабоқлари ҳам бўлиб ўтди.


Мавжуда ХОЛМАТОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn