Бир олам меҳр
  • 06 Ноябрь 2015

Бир олам меҳр

Фарғонанинг Қува туманидаги 16-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Одинахон Холиқова мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма тўрт йиллиги арафасида Президентимиз Фармонига кўра, “Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси” унвонига сазовор бўлди.

Янги ўқув йили бошланган кунларда Одинахонни табриклагани мактабга бордик. У 35 йилдан бери бошланғич синфларга дарс бераркан. Шу топда биринчи синф ўқувчилари ҳузурига кириб бораётганини айтди. Қизиқиб, 45 дақиқалик дарсини тинглашга изн сўрадим. Ахир у кечагина қушлардек учиб, бепоён кенгликларга ҳам сиғмай ўйнаб юрган болаларни бир синфга тўплаб, дарс ўтади-я! Тўрт-беш кун ичида кичкинтойларни ўзига қаратиб улгурдимикан?!
Синфга кириб борганимизда, ширинтойлар баб-баробар ўринларидан туриб, жарангдор овозда: “Ассалому алайкум!” дейишди. Ўқитувчи меҳр билан алик олгач, улар жойларига одоб билан ўтирдилар ва жажжи нигоҳлари тамоман ўқитувчига қаратилди.
Мен орқароқдан жой олиб, болалар қатори муаллимага термилдим. Ва Одинахоннинг кўзларида бир олам меҳр порлаб кетганини кўрдим. Бир олам меҳр, бир олам ҳаяжон ва майин овоз!
Ўқитувчи болалар  эътиборини тамоман ўзига қаратиб, сокин, ёқимли сўзларди:
— Оппоқ қушлар майдончага қўнди. У ён, бу ён қарагач, аввал иккитаси, кейин учтаси учи-иб кетди. Қани... болажонларим, ўйлаб кўринг-чи, оппоқ қушлар нечта экан-а?
Муаллима бу саволни яна бир карра такрорлар экан, болажонлар орасида аста юрар, гўё ҳар бирига ҳарорат улашарди. Ширинтойлар эса жажжи бармоқчаларини букиб-букиб санашди-ю, бир йўла бир нечтаси қўл кўтариб, бирин-кетин бурро-бурро жавоб бердилар.
— Оппоқ қушлар бешта экан, устоз!
— Баракалла! Фирдавс, Аҳрорбек, Мафтуна... Офарин! Мана, ҳар бирингизга “Офарин!” ёрлиғи.
Болаларнинг шу топдаги хурсандчилигини бир кўрсангиз эди. Уларнинг кафтига “Офарин!” сўзи ёзилган жажжи, чиройли қоғоз эмас, гўё “Ҳумо” қуши қўнгандек...
Устоз енгил одимлар билан парталар оралаб юраверди. Жиддий, самимий сўзлаб, илм, рағбат улашаверди. У болаларга жўр бўлиб, ниҳоятда завқ-шавқ билан яйраб-яшнаб бадантарбия қилдирганида ҳам, тўрт қатор қўшиқни биргаликда куйлаганида ҳам унинг ёруғ нигоҳи болаларни эркалар, гоҳ қўллари билан уларнинг жажжи елкаларини, пешоналарини аста-аста силаб ўтар, унинг бу ҳаракатларидан ҳар бир қалбга меҳр тафти сингиб бораётган эди.
Шу чоқ ўқитувчининг “Тун” деган сўзи гўё нафис куйдек, алла оҳангидек эшитилди-ю, болалар парталарга аста бош қўйиб, “ухлаб” қолдилар. Синфхона сув қуйгандек жимжит. Сеҳрли, оромли лаҳзалар...
Ўқитувчи бу пайт товушсиз юриб, ёзув столи устидаги буюмларини, китоб дафтарларни дераза раҳига қўйди. Гулларни гулдонлари билан ёзув столига келтирди. Икки дақиқа чамаси вақт ўтди шекилли, ўқитувчи аста “Тонг” деди. Болалар бирин-кетин бош кўтариб, муаллимага тетик, бардам руҳда қарадилар.
— Қани, айтинг-чи, болажонларим! Сиз “ухлаган” пайтда синфхонада қандай ўзгариш рўй берибди?  —  сўради муаллима.
Болалар атрофни кузатдилар ва ҳадемай кўпчилиги қўл кўтариб, тўғри жавоб айтдилар. Яна рағбат, яна олқиш.
— Болажонлар! — деди муаллима, — сиз ҳар доим синчков, кузатувчан бўлинг. Синфга ёки уйга кириб келганда, кўчага ўйнагани чиққанда ҳам, ҳамма-ҳамма жойда атрофингизда нималар борлигини кузатинг ва билиб олинг. Ана ўшанда сиз зийрак, уқувли, аълочи ўқувчилар бўласиз. Катта бўлганингизда эса Ватанимизни, унинг тупроғини кўз қорачиғидек асрай оласиз! Хўпми, болалар?
— Хўп бўлади, устоз!
Қўнғироқ чалинганда ўқитувчи сўзини якунлагани йўқ эди. Қарангки, 45 дақиқа сабр-қаноат билан фақат ўқитувчининг нигоҳида ўтирган болажонларнинг биронтаси отилиб, кўчага чиқиб кетмади. Ҳаммаси одоб билан устознинг рухсатини кутишди.
Одинахон билан синфдан чиқиб келар эканмиз, мен унинг тўрт-беш кун ичидаёқ болаларни ўзига мафтун қила олганидан лол эдим. Ва бугунги авлод, бугунги устозлар бизнинг эллигинчи, олтмишинчи йиллардаги ўқувчилардан, ўқитувчилардан анча илгарилаб кетганини дилдан ҳис этдим. Президентимизнинг Ўзбекистон Ўқитувчи ва мураббийларига йўллаган табригидаги мана бу сўзларни эсладим: “...тез ва шиддат билан ўзгариб бораётган замон билан ҳамқадам бўлиб, янгича, мустақил фикрлайдиган, тараққий топган давлатлардаги тенгдошлари билан беллашувга тайёр, изланиш ва доимо изланиш, ғурур ва ифтихор билан яшайдиган янги авлодни тарбиялаш бўйича қандай улкан вазифаларни адо этганимизни яна бир бор эслашимиз ўринли, деб ўйлайман”.
Дарҳақиқат, ўқитувчилар эртамиз эгаларини тарбиялаяптилар.
Одинахон билан кейинроқ бафуржа суҳбатлашар эканмиз, у “Биринчи устозим — онам!” деганида овози хиёл титраб кетганини сездим.
— Афсуски, — деди у давом этиб, — ота-онам Ватанимизнинг мустақилликка эришган кунларини кўрмадилар. Онам 52 ёшда, отам 65 ёшда вафот этдилар. Отам Носирхўжа Дадахонов Иккинчи жаҳон урушида қатнашган, кейин иқтисодчи бўлган эдилар. Онам Салимахон Дадахонова мактабни битирибоқ, биринчи синфларга дарс берганлар. Институтда сиртдан ўқиганлар. Онам болаларни, ўқитувчилик касбини шунчалар қаттиқ севардиларки... Онамга ҳавас қилиб, биз олти нафар қизларидан тўрттамиз ўқитувчиликни танлаганмиз.
— Асал қизларим! — дердилар бизни кўпинча ёнларига ўтқазиб. — Шукр, қалбингиз тоза, меҳрибон, ширинсўз, ақлли қизлар бўлиб вояга етаяпсиз. Китоб ўқишга ҳам ҳавасингиз зўр. Мен сизларнинг бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб етишишингизни жуда-жуда хоҳлардим. Ана ўшанда менинг ишларимни мендан яхшироқ давом эттирасиз, деб ишонаман.
Азиз ва муқаддас она! Қизларини жонидан ортиқ севиб, уларнинг қалбларига эзгулик гулларининг бўйини олиб кирган, ўзи каби болажон муаллима бўлишларини юрак-юракдан орзу қилган онаизор!
Руҳингиз шод бўлсинки, орзуларингиз ушалган. Сизнинг яхши ниятларингиз асло уларнинг ёдидан чиқмади. Қизларингиз элсевар, юртсевар муаллималар бўлиб, халқимизга хизмат қилишаяпти. Одинахон қизингизни бугун бутун Ўзбекистон билади.
Одинахон Олтиариқдан Қувага келин бўлиб тушган. Қайнонаси Мукаррам аядан оила илмини ўрганди. Турмуш ўртоғи, тадбиркор Анваржон Холиқов билан аҳил яшаб, Аҳрорбек, Аббосбек ва Дурдона исмли фарзандларини илму ҳунарли қилишди. Куёв, келин ва набиралар кўришди.
Одинахон билан суҳбатимиз давом этар экан, забардаст бир йигит қўлида гул билан кириб келди. Устозини муборакбод этди. У Турон яккакураши бўйича Осиё чемпиони Муҳриддин Абдухалилов экан. Кейин у ҳамёнидан орден-медаллари шодасини олиб, Одинахоннинг бўйнига тақиб қўйди. Самимий кулиб, деди:
— Булар, аввало, Сизники, устоз! Сиз мени бошланғич синфдаёқ лаёқатимни сезиб, спортга қизиқтиргансиз. Мард, қўрқмас йигит бўлишни доим ўргатгансиз. Мен сиздан бир умр миннатдорман, устоз!
— Раҳмат, ўғлим! Бошим осмонга етди. Мукофотлар ўзингга ярашади. Ма, ол! Бу кетишда сен ҳали жаҳон чемпиони бўласан. Илоҳим, омадингни берсин! — астойдил дуо қилди устоз.
Шу куни Одина Холиқова ҳақида унинг ҳамкасблари — Мақсуда Раҳимова, Замира Тошқўзиева, Комила Пўлатова, Манзура Назриддинова, Мавлуда Комилова, Тошмамат Усмонов, Иброҳимжон Қўчқоров дил сўзларини айтдилар.
Улар таъкидлаганидек, бу юксак унвон устозни янги марралар сари чорлайверади. Зеро, у ёш авлодга янада юксак меҳр-муҳаббат, ақл-идрок ва изланиш билан дарс бериб, замонамизга муносиб авлодларни тарбиялашни ҳаётининг мазмуни, инсоний бурчи, деб билади.

Санъат МАҲМУДОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn