Камолот сабоқлари
  • 03 Ноябрь 2015

Камолот сабоқлари

Гулистонлик Севинч Абдувалиева — тасвирий санъат шайдоси. Бир неча йилдирки, Сирдарё вилояти халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги “Баркамол авлод” болалар марказининг “Ёш мусаввир” тўгарагига қатнайди. Машғулотлар мактаб дарсларидан сўнг, ўқувчилар учун қулай вақтда белгиланган. Бу эса Севинч каби ижодкор ёшлар учун айни муддаодир.

Шогирдлар иқболи — устознинг бахти. Бугун марказда болаларга сабоқ бераётган Вилоятхон Бозорованинг асл нияти шу. Республика рассомлик коллежини битирган ёш мусаввир айни пайтда ҳар бир ўқувчининг кўнглига йўл топиб, истеъдодини юзага чиқаришга эришмоқда. Пировардида бу ерда маҳорат оширган навқирон авлод вакиллари орасидан кўплаб тасвирий санъат усталари етишиб чиқаётир.
— Ҳозир бадиий ижодиёт, техник ижодкорлик, ўлкашунослик ва экология йўналишларида 36 та тўгарагимиз фаолият кўрсатмоқда, — дейди муассаса директори вазифасини бажарувчи Наргиза Холмуротова. — Машғулотларда ўқувчиларнинг изланиш ва интилишлари қўллаб-қувватланаётир. Ўзлари танлаган ҳунарларни қунт билан, қисқа муддатда ўзлаштиришларига астойдил кўмаклашаяпмиз.
Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 28 февралдаги “Мактабдан ташқари таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида вилоятдаги “Баркамол авлод” болалар марказлари тубдан таъмирланиб, замонавий жиҳозлар билан таъминланганини алоҳида таъкидлаб ўтиш зарур. Натижада уларнинг моддий-техника базаси янада мустаҳкамланиши баробарида, ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш самарадорлиги ошди. Бинобарин, марказларда янги педагогик технологиялар ва илғор тажрибалардан кенг фойдаланиш йўлга қўйилиб, замонавий ўқув дастурлари ҳамда услубий қўлланмалар ишлаб чиқилди. Ҳозир умумий ўрта таълим мактабларида ҳам ушбу муассасалар тўгараклари ишлаб турибди. Масалан, “Баркамол авлод” болалар маркази машғулотлари Сайхунобод туманидаги чекка қишлоқларни ҳам қамраб олган. Уларни ташкил қилишда болаларнинг қизиқишлари, маҳаллий ўзига хослиги ва ота-оналарнинг таклифлари алоҳида инобатга олинаяпти. Боёвут туманидаги 8-умумий ўрта таълим мактаби қошида боғдорчилик тўгараги очилишига ҳам айнан ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари истаги асос бўлди. Ҳозир бу ерда ўнлаб болалар соҳибкорлик кўникмаларини шакллантиришмоқда.
— Қизим Ироданинг тикувчилик ва тўқувчиликка қизиқиши борлигини сезиб, бундан уч йил аввал вилоят “Баркамол авлод” марказига олиб боргандим, — дейди Гулистон шаҳрида яшовчи Назокат Казакова. —Ҳозир мактаб ўқувчиси бўлса-да, уни оиламиз чевари деб атаймиз. Чунки ўтган қисқа вақт мобайнида фарзандим ушбу ҳунар сирларини пухта ўзлаштириб олди. Қолаверса, у “Журналист ва нотиқлик” тўгарагига ҳам аъзо. Қизимнинг машғулотлардаги иштирокини кузатиш учун ўзим ҳам тез-тез марказга бориб тураман.
Ҳақиқатан ҳам, тўгараклар катта-кичикни ўзига жалб этади. Сабаби, Ирода қатнашадиган тўқиш хонаси тикувчилик цехини эслатади. Бу ерда ҳар бир ўқувчи учун алоҳида тикув машинаси ҳамда зарур жиҳозлар мавжуд. Бундай шарт-шароит ва қулайликлар бошқа тўгаракларда ҳам яратилган.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Эътироф ва рағбат Бир олам меҳр »