Баркамол авлод тарбияси — умуммиллий мақсад
  • 16 Октябрь 2015

Баркамол авлод тарбияси — умуммиллий мақсад

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун “Ўқувчи-ёшлар бўш вақтларининг мазмунли ташкил этилиши” мавзуида медиатур ўтказилди.

Мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида эртамиз эгаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу мустақиллигимизнинг дастлабки йиллариданоқ мактаб таълимини ривожлантиришга, фарзандларимизнинг ҳар томонлама билимли, салоҳиятли бўлиб камол топишларини таъминлашга йўналтирилган қонунлар, Фармон ва қарорларда ҳам ўз ифодасини топган. Юртимизда узлуксиз таълим тизимининг жорий этилиши натижасида мустақил фикрловчи, тафаккури ва иқтидорини тўла намоён қилувчи баркамол авлодни тарбиялаш умуммиллий мақсадга айланди. Ўз-ўзидан аёнки, ушбу жараёнда ўқувчиларнинг дарсдан бўш вақтларини тўғри ва мазмунли ташкил этиш муҳим ўрин эгаллайди.
Айни пайтда вазирлик томонидан “Умумтаълим мактабларида таълим сифатини ошириш, синфдан ташқари машғулотларни ташкил қилиш, маънавий-маърифий, маданий тадбирлар самарадорлигини ошириш, ўқувчиларнинг бўш вақтларидан унумли фойдаланишга қаратилган чора-тадбирлар Дастури” доирасида бир қатор ишлар қилинмоқда. Чунончи, бугунги кунда мамлакатимиздаги мавжуд барча умумтаълим мактабида синфдан ташқари фан тўгараклари, спорт секциялари фаолият кўрсатаяпти.
Ҳар бир таълим муассасасида фанлар бўйича дарсдан ташқари қўшимча машғулотлар жадвали ишлаб чиқилган бўлиб, шу асосда машғулотлар мунтазамлиги таъминланаётир.
Медиатур қатнашчилари ушбу йўналишда пойтахтимизнинг Яккасарой туманидаги 319-умумтаълим мактабида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар. Мазкур ўқув даргоҳида 35 та тўгарак фаолияти йўлга қўйилган. Қолаверса, ўқувчилар тумандаги мавжуд мактабдан ташқари таълим муассасаларида мусиқа, спорт, тасвирий санъат, ҳунармандчилик йўналишларида таҳсил олади. Муассасада 5 ёшдан 17 ёшгача бўлган ўғил-қизлар иштирокида “Истеъдод ниҳоллари” театр-студияси фаолият юритаётгани ҳам эътиборлидир.
Тадбир давомида журналистлар мактабда ташкил этилган “Ёш дастурчи”, “Bravo English”, “Ёш мусаввир”, “Ёш адабиётшунослар”, шунингдек, спорт-соғломлаштириш йўналишидаги тўгараклар фаолияти билан ҳам яқиндан танишдилар.
Ўз навбатида, иштирокчилар тумандаги 5-болалар мусиқа ва санъат мактабида бўлиб, у ерда ўқувчи ёшлар учун яратилган шароитлар билан қизиқишди. Айтиш керакки, мазкур мактабда мусиқа ҳамда санъатнинг ўнта йўналиши, жумладан, фортепиано, скрипка, ўзбек халқ чолғу асбоблари, хореография каби йўналишлар бўйича дарслар олиб борилади.
Тадбир якунида ташкил қилинган брифингда Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари медиатур иштирокчиларининг саволларига батафсил жавоб бердилар.

Мавжуда ХОЛМАТОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn