Илғор таълим тизими
  • 29 Сентябрь 2015

Илғор таълим тизими

фарзандларимизнинг баркамол бўлиб вояга етишига хизмат қилаяпти

Юртимизда ҳаётга татбиқ этилаётган ноёб таълим модели ёш авлоднинг ҳам маънан, ҳам жисмонан етук, шу билан бирга, малакали кадрлар бўлиб камол топишига хизмат қилмоқда. Бу борада умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар ҳамда олий ўқув юртларида яратилган замонавий шарт-шароитларнинг аҳамияти беқиёс. Қолаверса, истиқлол йилларида давлатимиз томонидан биз, ўқитувчи ва мураббийлар меҳнатининг ҳар томонлама рағбатлантирилаётгани, соҳага илғор педагогик технологиялар, ўқитишнинг янги услублари кенг жорий қилинаётгани таълим сифати ва самарадорлигини оширишда қўл келаётир.
Бунинг амалий тасдиғига ўзим фаолият юритаётган лицейдаги ўқув жараёнида ҳам тез-тез дуч келаман. Жумладан, таълим масканимизга қадам қўяр экансиз, даставвал унинг муҳташам биноси диққат-эътиборингизни тортади. Бу ердаги илғор ўқув жиҳозлари ва ахборот технологиялари ҳавас қилгулик даражада. Компьютер хоналари ўғил-қизлар ихтиёрида. Лингафон ва бошқа фан кабинетлари жаҳон андозалари асосида жиҳозланган. Ахборот-ресурс марказида эса адабиётлардан электрон шаклда фойдаланиш мумкин. Шунингдек, интернет тармоғига уланганимиз келажагимиз ворисларининг янада пухта билим олишларида муҳим омил бўлмоқда.
Асосийси, ўқувчиларимизнинг барчаси — иқтидорли ва изланувчан. Уларнинг илм эгаллашга бўлган иштиёқи биз, устоз-мураббийларни доимо ўз устимизда ишлашга ундайди. Масалан, математикадан машғулотлар самарадорлигини оширишда интерфаол усуллардан кенг фойдаланаман. Шу тариқа ушбу фан бўйича суҳбат-мулоқот тарзида дарс ўтиш яхши натижа беришини тажрибада синаб кўрдим. Қолаверса, математика сабоқларини инглиз тилида ўтишни ўзлаштирдим. Бу эса шогирдларим учун таълимнинг кейинги босқичида асқатади, деб ўйлайман.
...Хонамиздаги электрон доска имкониятлари ниҳоятда кенг. Ҳар гал шу илғор техника воситасида ёшларга мавзуни тушунтирар эканман, ўқувчилик даврим кўз олдимдан ўтади. Қаранг, ўша пайтларда дарс олиб бориш услуби деярли бир қолипда бўлган экан. Қолаверса, бугунгидек лицейлар, ихтисослаштирилган мактаблар қаёқда эди, дейсиз?! Шу туфайли мустақил равишда билимини кенгайтириш истагидаги болалар мактаб қўлланмалари билан чегараланишга мажбур эди. Тўгараклар эса фақат қоғоздагина фаолият юритарди, холос. Ҳозир-чи? Аҳвол бутунлай бошқача. Ўғил-қизларимиз ҳар қандай фан бўйича ўзларига керакли маълумотларни бир зумда билиб олиш имкониятига эга. Интернет манбалари орқали фан янгиликларидан тезкор равишда хабардор бўлишаяпти. Қўшимча машғулотларда иштирок этмоқдалар. Хорижий тилларни ўрганишаётир, спорт билан шуғулланишмоқда. “Фан кечалари” ҳамда турли маданий-маърифий тадбирларда фаол қатнашаяптилар.
Лицейимиз ҳаёти ва ўқув-тарбия жараёни ана шундай қайноқ ҳамда жўшқин. Шукрки, бугун юртимиздаги таълим муассасаларида фарзандларимиз юксак меҳр ва эътибор оғушида камол топаётганига гувоҳ бўлаяпмиз. Ўз навбатида, зиммамизга баркамол авлод тарбиясидек масъулиятли вазифа ишониб топширилгани, ўқитувчи ва мураббийларга кўрсатилаётган беқиёс эъзоз-эҳтиромдан қалбимиз тоғдек юксалмоқда. Буларнинг барчаси бизни янада фидокорона меҳнат қилишга ундаб, юксак марралар сари руҳлантиради.


Абдуназар ЗОКИРОВ,
Гулистон давлат университети қошидаги
академик лицей ўқитувчиси,
Ўзбекистон Республикасида
хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn