Таълим сифати ва малакали кадрлар
  • 22 Сентябрь 2015

Таълим сифати ва малакали кадрлар

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида олий таълим тизимида амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Тегишли вазирлик ва идоралар, олий ўқув юртлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашган тадбирда Президентимизнинг 2011 йил 20 майдаги “Олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг жойлардаги ижроси ҳақида сўз юритилди.
Қайд этилганидек, мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб таълим тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўзининг юксак самараларини бермоқда. Бу, айниқса, олий таълим масканларида малакали кадрлар тайёрлаш, таълим тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, инновацион лойиҳаларни жорий қилиш сингари ишларда ўз аксини топаётир.
Тизимдаги бир қатор олий ўқув юртлари бинолари, талабалар тураржойлари, ахборот ресурс марказлари ва бошқа кўплаб иншоотлар янгидан қурилаётгани, реконструкция қилиниб, замон талаблари даражасида жиҳозланаётгани ҳам диққатга сазовордир. Хусусан, жорий йилда 14 та олий таълим муассасасининг 42 та объектида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётган бўлиб, ҳозиргача улардан 26 тасида белгиланган вазифалар ниҳоясига етказилди. Келгуси йилда яна 13 та олий таълим муассасасининг 52 та биносида ана шундай тадбирлар бажарилиши режалаштирилган. Тадбирда, шунингдек, таълим муассасаларини лаборатория тўпламлари, мебель ва инвентарлар, ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда спорт анжомлари билан таъминлаш борасида қилинаётган ишлар юзасидан ҳам маълумот берилди.
Анжуманда малакали кадрлар тайёрлаш йўналишлари  ва мутахассисликларини оптималлаштириш, давлат таълим стандартларини янада такомиллаштириш хусусида ҳам сўз юритилди.

Мавжуда ХОЛМАТОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn