Фарзандлар камоли — энг эзгу мақсад
  • 18 Сентябрь 2015

Фарзандлар камоли — энг эзгу мақсад

Фарзанд бахтидан, камолидан қувонмайдиган инсон йўқ. Худди шундай, биз, ўқитувчи ва мураббийлар ҳам ўз ўғил-қизларимиз қаторида ўқувчиларимиз, шогирдларимизнинг ҳар бир ютуғини кўрганда завқланамиз, чексиз фахрланамиз.

Асли созандаман. Айни пайтда болалар мусиқа ва санъат мактабида дарс бераман. Шу боис ҳам давлатимиз томонидан таълим сифатини ошириш, ёшларнинг иқтидор ва салоҳиятини тўлақонли рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, бу йўлда меҳнат қилаётганларни муносиб рағбатлантириш борасида олиб борилаётган оқилона сиёсат мазмун-моҳиятини ўз фаолиятим мисолида чуқур ҳис қиламан. Бундай юксак ғамхўрликдан руҳланиб, бугун дил сўзларимни айтишга жазм этдим.
Биласиз, ёқимли куй, наво тингловчига ором бағишлайди. Кўнгилда орзу-умидлар уйғотади. Шугина эмас, мусиқанинг ўзига хос тарбиявий аҳамияти ҳам бор. Айтайлик, “тиқ” этган овозни эшитса, бу садо айнан қайси нотага мос келишини фарқлай биладиган одам анчайин синчков, зийрак ва хушфеъл бўлади. Шунинг учун қадимдан халқимиз мусиқанинг инсон камолотидаги ўрнини ниҳоятда қадрлайди. Қувонарлиси, бугун миллий мусиқа санъатимизни янада равнақ топтириш, шу соҳада ўқиб-изланаётган ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 8 июлдаги “Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009 — 2014 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Ана шу эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин самараси ўлароқ, кейинги йилларда дунёнинг ҳали у, ҳали бу ерида ўтаётган нуфузли танловларда ёш мусиқачиларимиз бот-бот зафар қучмоқдалар. Оддий санъат шайдоларидан тортиб, жаҳонда кўзга кўринган мусиқашунослар ҳам ёшларимизнинг ажойиб ижросидан ҳайратга тушмоқда.
Ўзим меҳнат қилаётган мусиқа ва санъат мактабидан қиёс. Қурилганига ярим асрдан ошган, шунча йиллар мобайнида не-не истеъдодларга гувоҳ бўлган бу масканнинг довруғи ҳеч қачон, таъбир жоиз бўлса, Тўйтепадан нарига ўтган эмас. Бугун-чи?
Юқорида тилга олинган қарор асосида капитал таъмирдан чиқарилгач, мактабимиз бутунлай кўркам қиёфага эга бўлди. Замонавий жиҳозлар, нодир қўлланмалар, миллий ва жаҳон мусиқа асбоблари билан таъминланди. Бу мақсадларга давлат ҳисобидан 1 миллиард 150 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланди.
Айни пайтда бу ерда 250 дан ортиқ ўқувчи саккиз йўналишда таҳсил олаяпти. Улар орасида истеъдоди мактаб саҳнасидан чиқиб, мамлакат ва ҳатто жаҳон миқёсида эътирофга сазовор бўлаётган умидли ёшларимиз жуда кўп. Мумтозбегим Исроилова, Мардон Зикиряев, Шоҳруҳ Жўрабоев, Достон Қувашев, Убайдулла Эгамбердиев, Дилшод Муҳаммедов каби ёшларимиз шулар жумласидандир.
Не бахтки, шогирдларимиз ортидан биз ҳам юрт кўраяпмиз. Кейинги икки-уч йилнинг ўзида МДҲ ва Европанинг 10 га яқин шаҳарларида бўлиб қайтдик. Дарвоқе, хориж сафарлари ва гастроллар чоғида қизиқ воқеалар кўп бўлади. Ҳозир шулардан бири ёдга тушди.
Францияда ўтказилган “Париж юлдузлари” халқаро танловида саҳнага чиққан рубобчиларимизнинг завқи жўшдими, ё бошқами, негадир, белгиланган регламентдан четга чиқиб кетишди. Дастурга кўра, улар Йоган Брамснинг “Венгерча рақс” концертини ижро этишлари керак эди. Классик бастакорнинг кўпчиликка яхши таниш бўлган мусиқий асарини ижро эта туриб... бирдан “Андижон полкаси”ни улаб юборишса бўладими!
Энди буёғи нима бўларкин, деб залга разм солдим. Очиғи, ўшандаги ҳаяжонимни сўз билан таърифлаб беролмайман. Не кўз билан кўрайки, санъат саройини тўлдириб ўтирган мусиқа шинавандалари, ҳакамлар, ҳатто, Италия, Россия, Германия, Латвия, Литва, Венгрия, Япония каби ўнлаб давлатлардан келган ёшлару уларнинг устоз-мураббийлари баравар қарсак чалиб, рақсга тушишмоқда. Танлов ҳайъати шуни инобатга олдими, ҳарқалай, бундай “ўзбошимчалик”ни якуний хулосаларга таъсир қилдирмади. Аксинча, европаликларни “анжанча”сига ўйнатган учовлон рубобчимиз танловдан лауреатлик дипломи билан қайтди...
Орзусиз инсон бўлмаса керак. Шогирдларимизнинг нияти улуғ. Мана, кўрасиз, улар ҳали бутун жаҳонга ўзбек миллий мусиқа санъатининг нуфузини, миллий чолғуларимиз сеҳри, оҳанграбосини янада баланд пардаларда намойиш этишади. Биз, устоз ва мураббийлар бундай эзгу мақсад йўлида бор куч ҳамда салоҳиятимизни аямаймиз.

Зокиржон ЎТАЕВ,
Ўрта Чирчиқ туманидаги
12-болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn