Талабалар учун таълим кредити
  • 18 Сентябрь 2015

Талабалар учун таълим кредити

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан талабаларга таълим кредити ажратиш ва ундан фойдаланиш масалаларига бағишланган анжуман ўтказилди.

Тадбирда Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, ёшларнинг таълим олиши учун янада кенг имкониятлар яратиш мақсадида мамлакатимизда қатор ишлар амалга оширилаётгани айтиб ўтилди. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг “Олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари бериш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, республикамиз тижорат банклари талабалар учун имтиёзли таълим кредитлари ажратиб келмоқда. Ўтган тўрт ярим йил мобайнида молия муассасалари томонидан 72 мингдан зиёд талабаларга жами 225 млрд. сўмдан ортиқ миқдорда таълим кредитлари берилгани бунинг амалий ифодасидир. Биргина жорий йилнинг олти ойида эса республикамиз миқёсида 35,7 млрд. сўм ҳажмида таълим кредитлари ажратилган.
Маълумки, бундай турдаги кредитлар олий ўқув юртларида ўқиш даври ҳисобга олинган ҳолда, бакалаврларга 10 йилгача, магистрларга 5 йилгача муддатга берилади. Яъни у Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг амалдаги қайта молиялаш ставкасидан юқори бўлмаган фоиз ставкасида ажратилади. Шунингдек, Меҳрибонлик уйида тарбияланаётган ёки болаликдан биринчи ва иккинчи гуруҳ ногирони бўлган ёшлар фоизсиз таълим кредитидан фойдаланиш имкониятига эгадирлар. Кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари бўлган талабалар учун таълим кредити бўйича қўшилган фоизларнинг 50 фоизи туман Бандликка кўмаклашувчи ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари томонидан Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларидан тўланади.
Имтиёзли таълим кредитларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган оилалар кам таъминланган оилаларни ҳисобга олиш ва уларга моддий ёрдам тайинлаш, беришнинг амалдаги тартибига мувофиқ, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан аниқланади.
Анжуман якунида эътироф этилганидек, таълим кредитларининг ажратилиши мамлакатимизда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, энг муҳими, ёшларнинг малакали мутахассис бўлиб етишишида муҳим ўрин тутмоқда.

Дилмурод СОДИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn