Таълим ва тарбия мезони
  • 16 Сентябрь 2015

Таълим ва тарбия мезони

Мамлакатимизда ёш авлод таълим-тарбиясига катта эътибор қаратилаяпти. Жаҳон стандартларига мос ўқув бинолари, спорт иншоотлари, болалар ижодиёт марказлари — буларнинг барчаси ўғил-қизларимизнинг пухта билим эгаллаши, спорт билан мунтазам шуғулланиши, ўз иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқариши, қисқача айтганда, ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етишига хизмат қилмоқда.

Биргина жорий ўқув йилида вилоятимизда таълим самарадорлигини янада ошириш мақсадида иккита янги мактаб биноси қурилди, 18 та ўқув маскани капитал реконструкция қилинди, 12 таси эса тубдан таъмирланди. Ушбу мақсадлар рўёби учун давлатимиз томонидан 30 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланди. Ана шу далилларнинг ўзиёқ келажагимиз давомчилари бўлган ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилганидан далолат беради.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Юртимизда навқирон авлод таълим-тарбияси йўлида фидокорона меҳнат қилаётган, ўз касбининг жонкуяри саналган ўқитувчи ва мураббийлар ҳам эл-юрт эъзозида. Буни Президентимиз ташаббуси билан ҳар йили 1 октябрь санаси республикамизда умумхалқ байрами — Ўқитувчи ва мураббийлар куни сифатида кенг нишонланаётгани, кўплаб муаллимлар Юртбошимиз фармонларига мувофиқ, давлатимизнинг юксак орден ва медаллари билан тақдирланаётганидан ҳам билиш мумкин. Табиийки, бундай юксак эътибор биз, педагогларнинг кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат қўшаяпти. Ёшларга замонавий фан сирларини чуқур ўргатиш, уларни она-юртга, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашдек эзгу ишга сидқидилдан ёндашишга ундамоқда.
Бизнинг туманимизда ҳам кўплаб ёш иқтидор эгалари етишиб чиқаётир. Қоракўллик ўғил-қизлар республика ва жаҳон фан олимпиадаларида ғолиблар сафидан ўрин олиб келишаяпти. Айниқса, математика, кимё, информатика каби аниқ фанлар бўйича қўлга киритилаётган ютуқлар кишини қувонтиради. Шу ўринда Бухоро давлат университети қошидаги Қоракўл академик лицейи ўқувчилари эришаётган муваффақиятларни тилга олиш кифоя. Бу ҳақда бежиз тўхталаётганим йўқ. Мактабимиз мазкур лицей билан шундоқ ёнма-ён жойлашган. 9-синф битирувчиларимизнинг 50 — 60 фоизи шу лицейда таҳсил олиш бахтига муяссар бўлаяпти. Кейинчалик улар ўқишни мамлакатимизнинг нуфузли олий ўқув юртларида давом эттириб, халқ хўжалиги учун малакали кадр бўлиб етишаяптилар. Бунга, озми-кўпми, ҳисса қўшаётганимиздан мамнунмиз. Зеро, мактабимизда ўқишни янги педагогик технологиялар асосида олиб бориш учун қулайликлар яратилган. Ўқувчиларимиз Билимлар беллашуви, фан олимпиадаларида фаол иштирок этишмоқда. Мактаб таълим самарадорлиги бўйича вилоятдаги  пешқадам ўқув масканларидан бири саналади.
Биз Президентимиз, давлатимизнинг ўқитувчи ва мураббийларга кўрсатаётган ғамхўрлигини ҳар қадамда кўриб, ҳис этиб турибмиз. Бу эъзоз-эътиборга муносиб бўлиш учун ўз кучимизни аямаймиз.

Меҳриддин ҲАЙДАРОВ,
Қоракўл туманидаги 8-умумий ўрта таълим
 мактабининг информатика фани ўқитувчиси.
«Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn