Юрт равнақига дахлдорлик ҳисси
  • 09 Сентябрь 2015

Юрт равнақига дахлдорлик ҳисси

Юртимизнинг барча жойида бўлгани каби Намангандаги таълим муассасаларида ўтказилаётган Мустақиллик дарсларида ҳам ёшлар фаол иштирок этмоқда.

Хусусан, Наманган давлат университети қошидаги академик лицейда “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним — Ўзбекистоним!” шиори остида ташкил этилаётган машғулотларда Президентимизнинг “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш — энг олий саодатдир” китоби, шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2014 йил май ойида Самарқандда “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуидаги халқаро конференцияда сўзлаган нутқи ҳамда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўрт йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги сўзининг мазмун-моҳиятини кенг ўрганишга алоҳида аҳамият қаратилаяпти.
Таъкидлаш лозимки, ёшларимиз қўлга киритаётган юксак марралар замирида юртимизда уларнинг таълим-тарбияси йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, Юртбошимиз ташаббуси билан қабул қилинган “Таълим тўғрисида”ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастури сингари мустаҳкам ҳуқуқий асослар мужассам. Фарзандларимиз яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, пухта билим олиш, касб-ҳунар сирларини эгаллашга астойдил интилишмоқда. Қувонарли жиҳати, уларнинг қалбида ватанпарварлик, юрт тарихидан ғурурланиш, истиқлол ғояларига садоқат, миллий қадриятларимизга ҳурмат туйғуси тобора юксалиб бораётир. Буни, масалан, 1750 нафар ўғил-қиз таҳсил олаётган мазкур таълим муассасаси мисолида ҳам кўриш мумкин. 115 нафар юқори малакали педагог меҳнат қилаётган жамоада ўқув жараёнини бугунги талаб даражасида ривожлантириш, илғор услубларни амалда кенг қўллашга катта эътибор қаратилмоқда. Ўтган ўқув йили якунида 305 нафар битирувчининг олий ўқув юрти талабаси бўлгани ушбу мақсад сари интилишлар ижобий натижа бераётганини яққол ифодалайди.
Шу йилнинг 10 сентябригача давом этадиган Мустақиллик дарсларига профессор-ўқитувчилар, фан номзодлари ҳамда тажрибали педагоглар жалб қилинган. Машғулотларда давлатимиз раҳбарининг “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш — энг олий саодатдир” асари ҳақида сўз юритилиб, мазкур китоб ёшларимизнинг мустақилликнинг қадр-қимматини чуқур англаши, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топишида муҳим ўрин тутиши таъкидланмоқда.
Дарҳақиқат, ушбу китобда Ватанимиз тараққиётининг муҳим босқичлари, жумладан, унинг яқин ўтмиши, бугуни ва истиқболдаги вазифалар кўплаб ҳаётий мисоллар билан очиб берилган. У орқали “Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?” деган саволга муфассал жавоб олиш мумкин.
— Биз чиндан ҳам бахтиёр авлодмиз, — дейди лицейнинг 3-босқич ўқувчиси Искандар Неъматиллаев. — Таълим масканимизда фан асосларини жаҳон андозалари даражасида эгаллашимиз учун барча шарт-шароит яратилган. Янгича педагогик технологиялар асосида ўтказилаётган машғулотларда етарлича сабоқ олиш, дунёқарашимизни кенгайтириш, тафаккуримизни янада чархлаш имкониятига эга бўлаяпмиз. Мустақиллик дарслари эса билимимизни янада бойитишга катта туртки бераяпти.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn