Келажагимизнинг мустаҳкам пойдевори
  • 08 Сентябрь 2015

Келажагимизнинг мустаҳкам пойдевори

Юртимиз таълим муассасаларида Президентимизнинг “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш — энг олий саодатдир” китоби кенг ўрганилмоқда.

Мамлакатимизнинг мустақиллик давридаги тарихи, тараққиёти, бугунги ютуқлари, истиқбол режалари, ҳаётимизнинг турли соҳаларидаги сифат ўзгаришлари, халқимизнинг моддий-маънавий қудрати, унинг бунёдкорлик даҳоси, аждодлар ва келгуси авлодлар олдидаги муқаддас бурч ҳамда масъулият каби долзарб мавзулар ўрин олган мазкур асар юртдошларимиз томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда. Хусусан, шу кунларда олий ўқув юртлари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ҳамда умумтаълим мактабларида бўлиб ўтаётган Мустақиллик дарсларида Президентимиз китобида илгари сурилган ғоя ва фикрларнинг баркамол авлод тарбиясидаги аҳамияти ҳақида сўз юритилаяпти. Бинобарин, ушбу машғулотлар ўғил-қизларимиз қалбида ватанпарварлик, миллий анъана ҳамда қадриятларимизга ҳурмат ҳиссини янада кучайтиришда муҳим ўрин тутаётир.
Мухбирларимиз айрим юртдошларимизнинг Мустақиллик дарслари хусусидаги таассуротлари билан қизиқди.

Нодира ХАЛИЛОВА,
Бухоро нефть ва газ саноати касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси:
— Пухта билим ва касб-ҳунар эгаллаган ёшлар ҳеч кимдан кам бўлмайди. Улар қалбида она-Ватанга меҳр-муҳаббат, садоқат туйғулари мустаҳкам қарор топади. Зеро, навқирон авлод вакилларини комил инсон қилиб тарбиялаш долзарб вазифадир. Мамлакатимизнинг барча ўқув даргоҳларида бўлгани каби касб-ҳунар коллежимизда ҳам Мустақиллик дарсларини ўтишда масаланинг ана шу жиҳатига алоҳида эътибор қаратилаяпти. Чунончи, ўқувчиларимиз Президентимизнинг “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш — энг олий саодатдир” китобини ўрганишга бағишланган машғулотларда фаол иштирок этишмоқда.
Айтиш жоизки, истиқлол йилларида республикамизда таълим тизими тубдан ўзгарди. “Таълим тўғрисида”ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ёшларга билим бериш сифатини жаҳон андозалари даражасига олиб чиқиш имконини яратди. Замонавий ўқув бинолари, спорт мажмуаларининг бунёд этилиши, уларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамлангани илм-фан, маданият, санъат ва спорт каби ижтимоий соҳалар ривожида муҳим пойдевор бўлмоқда. Буни коллежимиз мисолида ҳам кўриш мумкин. Муассасамиз нефть ва газ саноати учун кичик мутахассислар тайёрлайди. Муҳташам ўқув бинолари, лаборатория хоналари, ахборот-ресурс марказига эгамиз. Ўқувчиларимиз амалиётни мамлакатимизнинг энг йирик корхоналарида ўташмоқда. Битирувчиларимизнинг аксарияти нефть ва газ саноати тизимидаги корхона ҳамда ташкилотларда меҳнат қилиб, юрт равнақига муносиб ҳисса қўшиб келишаётир.
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг мазкур асарида Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида босиб ўтган тараққиёт йўли турли ҳаётий мисоллар орқали кенг ёритилган. Шунингдек, унда мамлакатимизни демократик янгилаш, аҳоли фаровонлигини янада ошириш, ислоҳотларни изчиллик билан давом эттиришга оид устувор вазифалар белгилаб берилган. Бинобарин, у барчамиз, жумладан, эртанги кунимиз эгалари бўлган ёшлар учун дастуриламалдир.
Мустақиллик дарсларида ана шу вазифаларнинг мазмун-моҳиятини атрофлича очиб беришга ҳаракат қилаяпмиз. Китобдаги рақам ва далилларга таянган ҳолда “Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?” деган бош ғоя атрофида фикр-мулоҳазалар юритилаяпти. Бизни хурсанд қиладиган жиҳати шундаки, ўқувчиларимизнинг ҳар бири эзгу орзу-истаклар билан камолга етмоқда. Уларнинг қай бири билан суҳбатлашмайлик, ўз касбининг етук мутахассиси бўлиш, шу азиз Ватан тараққиёти йўлида фидокорона меҳнат қилиш ниятида эканлигини билдиришади. Шу маънода, Мустақиллик дарслари ёшларимизнинг билимини янада бойитиш, дунёқарашини кенгайтириш, юрт тақдирига дахлдорлик ҳиссини мустаҳкамлашда беқиёс аҳамият касб этаётир.

Саломат АБДУҚОДИРОВА,
Оҳангарон туманидаги 8-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси,
“Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси:
— Президентимизнинг “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш — энг олий саодатдир” китобини ўқувчиларимиз катта қизиқиш билан ўрганишмоқда. Бу асар эртамиз эгаларининг мустақилликка эришишимиз тарихи, бу йўлда олиб борилган улкан саъй-ҳаракатлар, Ўзбекистонимизнинг жадал тараққиёти асослари ҳақидаги билимларини янада бойитишда нодир манбадир.
Мазкур китобдан давлатимиз раҳбарининг сайловолди жараёнларидаги 20 дан зиёд учрашув ва анжуманларда, Вазирлар Маҳкамасининг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг йиғилишида, Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимидаги нутқ ва маърузаларида, шунингдек, 9 май — Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида билдирган энг муҳим, концептуал аҳамиятга эга ғоя ва фикр-мулоҳазалари ўрин олган.
Давлатимиз, жамиятимизнинг яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган тараққиёт стратегияси аниқ-равшан белгилаб берилган ана шу чиқишларда мамлакатимизни демократик янгилаш ва модернизация қилиш жараёнларини янги босқичга кўтариш, унинг иқтисодий қудратини ошириш, ижтимоий соҳалар — таълим-тарбия, илм-фан, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат, спорт тизимини изчил ривожлантириш, аёллар, кексалар ва ёшларимиз учун янада қулай шароит ва имкониятлар яратиш, ҳар бир ҳудуд ва минтақани равнақ топтиришга доир янги режа ва устувор лойиҳалар, бугунги кунда дунёда юз бераётган кескинлик ва қарама-қаршиликларнинг моҳияти, турли таҳдидларнинг олдини олиш, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат концепцияси тўғрисидаги қарашлар ҳар томонлама пухта асосланган ҳолда баён қилинган.
Мустақиллик дарсларида ўқувчиларимизга ана шулар ҳақида сўзлаб бераяпмиз. Ҳеч кимдан кам бўлмай камолга етаётган фарзандларимизнинг ёниб турган кўзларига боққанимизда, уларнинг истиқлолимиз, ўзларининг эзгу орзу-интилишлари ҳақидаги жўшқин фикрларини эшитганимизда, қалбимиз чексиз фахр ва ифтихорга тўлаяпти.

«Халқ сўзи» мухбирлари
Истам ИБРОҲИМОВ,
Омонулла ФАЙЗИЕВ
ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn