Ватанга садоқат туйғуси ёшларимиз қалбидан мустаҳкам ўрин эгаллаган
  • 05 Сентябрь 2015

Ватанга садоқат туйғуси ёшларимиз қалбидан мустаҳкам ўрин эгаллаган

Мамлакатимизнинг барча ҳудудида бўлгани каби Сирдарё вилоятидаги таълим масканларида ҳам Мустақиллик дарслари қизғин давом этмоқда.

Мазкур сабоқлар ўз замирида Ватанга меҳр-муҳаббат, садоқат туйғуларини мужассамлаштирган таъсирчан мавзуларда ўтказилаётгани бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда.
Хусусан, машғулотларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш — энг олий саодатдир” китоби, шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2014 йил май ойида Самарқандда “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуидаги халқаро конференцияда сўзлаган нутқи ҳамда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўрт йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги сўзининг мазмун-моҳияти асосий қўлланма ва бой ҳаётий манба сифатида кенг ўрганилмоқда.
— Янги ўқув йили Мустақиллик дарслари билан бошланиши бежиз эмас, — дейди Сирдарё вилояти халқ таълими бошқармаси методика маркази раҳбари Шоҳида Мамирова. — Зеро, бу сабоқлар ўқувчиларда Ватанга муносиб фарзанд бўлиш масъулиятини ошириб, уларни янада чуқур билим олишга, изланишга, интилишга ундайди.
Ушбу машғулотлар самарали таълим технологиялари, юртимиз тараққиётини ифодаловчи кўргазмали воситалар, фотосуратлар, ҳужжатли фильмлар, электрон слайдлар асосида олиб борилаётгани, айниқса, эътиборлидир.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn