Баркамол авлод ифтихори
  • 04 Сентябрь 2015

Баркамол авлод ифтихори

Самарқанд давлат тиббиёт институти талабаларининг Билимлар кунидаги дастлабки сабоғи Мустақиллик мавзуига бағишланди. Олий ўқув юрти профессор-ўқитувчилари, вилоятдаги давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари М. Иноятов ҳамда бошқалар Президентимизнинг “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш — энг олий саодатдир” китобида илгари сурилган ғоя ва фикрларнинг баркамол авлод келажаги, таълим-тарбиясидаги аҳамияти ҳақида мароқли ҳикоя қилишди.

Юртбошимиз асарида ҳар бир мавзу мамлакатимиз тараққиёти, жамият ҳаётининг аниқ бир йўналишини пухта таҳлил этишга қаратилгани, шу тарзда бугунги кунда Ўзбекистоннинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий соҳаларда қўлга киритган ютуқлари ҳамда истиқбол режаларининг яхлит манзараси онгу шууримизда намоён бўлиши таъкидланди. Шу жиҳатдан олганда, бу китоб — Ватанимизнинг яқин ўтмиши, бугуни ва унинг келажакдаги ривожи бўйича ҳаётий қўлланма, дейиш мумкин. Мустақиллик, Ватан, миллат қайғуси, дахлдорлик туйғуси, тинчлик ва омонлик, миллий тикланиш, шукроналик асарнинг бош лейтмотивларидир.
Мазкур асарда “Ким эдигу ким бўлдик? Эртага ким бўлишимиз, қандай янги марраларни эгаллашимиз керак?” деган савол ҳар бир ёшни фикрлашга, замон талаблари кун тартибига қўяётган вазифаларни ўз олдига мақсад қилиб белгилашга ундайди. Мустақиллик миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳамма учун энг муқаддас туйғу, олий қадрият ҳисобланади.
2014 йилнинг май ойида Самарқандда “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуидаги халқаро конференцияда давлатимиз раҳбари ўзбек халқининг дунё илм-фани тараққиётидаги беқиёс ўрнини кўрсатиб бердилар. Шундай эзгу фикрлар айни Самарқандда янграгани бежиз эмас. Бир неча кун муқаддам Шарқ тимсоли бўлган кўҳна шаҳарнинг замонлар руҳини ўзида мужассам этган ўлмас обидаларидан шу муқаддас заминда яшаб ижод қилган буюк мутафаккирлар, алломаларнинг овозлари жаранглаб тургандек бўлди. Бой тарихи, мазмунли кечмиши жиҳатидан Римдан қолишмайдиган Самарқанд билан ҳар бир ватандошимиз фахрланиши турган гап.
— Президентимизнинг мазкур китобида келажагимиз эгалари бўлган ёш авлоднинг соғлом ва баркамол вояга етиши, жамиятда муносиб ўрнини топиши учун чексиз ғамхўрлик кўрсатиш мақсади ўз ифодасини топган, истиқлолнинг ҳаётимиздаги ўрни ёрқин акс этган, — дейди “Самарқанд автомобиль заводи” МЧЖнинг йиғув мажмуаси бошлиғи, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Шадихужа Абулкасимов. — Энг улуғ ва энг азиз неъматнинг қадри ҳақида Президентимиз куни кеча Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўрт йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзида барчанинг кўнглидаги гапни айтдилар. Дарҳақиқат, бизга, халқимизга тинчлик ва омонлик керак. Бу — ўзбек халқининг истаги, бу — ўзбек халқининг мақсади, бу — ўзбек халқининг қароридир.
Машғулотларда мамлакатимизда жорий этилаётган ислоҳотлар самарасини ифодаловчи кўргазмали воситалар, фотосуратлар ҳамда ҳужжатли фильмлардан кенг фойдаланилмоқда. Ёшлар ўртасида ўғил-қизларимизнинг бугунги кундаги тафаккурини акс эттирувчи турли мавзуларда иншолар танлови ўтказилаяпти.
Вилоятдаги олий ўқув юртлари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ҳамда умумтаълим мактабларида Мустақиллик дарслари 10 сентябрга қадар давом этади.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn