Мустақиллик дарслари
  • 03 Сентябрь 2015

Мустақиллик дарслари

Кеча мамлакатимиз таълим муассасаларида янги ўқув йили сабоқлари Президентимизнинг “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш — энг олий саодатдир” китобининг мазмун-моҳиятини кенг ўрганиш билан бошланди.

Ватанимиз тараққиёти йўлида, жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузи ва обрўсининг янада юксалишида, ҳаётимизнинг барча жабҳасидаги ислоҳотларни чуқурлаштириш, жамиятимизни янгилашда ёш авлод таълим-тарбияси муҳим ўрин тутади.
Шу  боис  юртимизда таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган. Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган “Таълим тўғрисида”ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва Мактаб таълимини ривожлантириш Давлат умуммиллий дастури туфайли бугун мамлакатимиз ўқув масканларидаги шарт-шароит тубдан яхшиланди. Мактабларда таълим сифатининг оширилгани, тарбия беришнинг ўзига хос усулларидан кенг фойдаланилаётгани, фарзандларимизнинг иқтидор ва салоҳияти юзага чиқарилаётгани ана шундай саъй-ҳаракатлар мевасидир.
Қувонарлиси, ўғил-қизларимизнинг ёрқин келажаги, камолоти учун амалга оширилаётган ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда.
Чунончи, таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида жорий йилда Инвестиция дастури доирасида республика бўйича 384 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. Шундан 29 таси янгидан қуриб фойдаланишга топширилган бўлса, яна 219 таси реконструкция қилинди, 136 та илм маскани капитал таъмирланди. Ушбу мақсадларга жами 341,8 млрд. сўм йўналтирилгани диққатга сазовордир.
...Анъанага кўра, янги ўқув йилининг биринчи сабоғи мактабларда “Мустақиллик дарси” билан бошланди. “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним — Ўзбекистоним!” шиори остида “Биз кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?” мавзуида ўтказилган илк дарсларда келажак сари интилаётган ёшларга Ватанни севиш ҳақиқий бахт эканлиги, мамлакатимиз тинчлигини асраб-авайлаш, унинг тараққиётига ҳисса қўшиш ҳар бир фарзанднинг бурчига айланиши, асосийси, бу ният ва мақсадларга эришиш йўлида ўқувчилар кучли билимга эга бўлиши, одоб-ахлоқ, тарбия билан камолга етиши зарурлиги алоҳида таъкидланди.     Шунингдек, ушбу дарсларда болажонларга  республикамизда мустақиллик йилларида амалга оширилган ислоҳотлар, эришилган ютуқ ва марралар дунё ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилаётгани ҳаётий мисоллар воситасида сингдирилди.
Мактаб остонасига эндигина қадам қўйган жажжи ўқувчиларга “Мустақиллик дарси” бошланишидан аввал Президент совғаси туҳфа этилди. Болажонлар Юртбошимизнинг оталарча ғамхўрлигини ҳис этиб, беҳад қувондилар. Зотан, бугун уларнинг ҳеч кимдан кам бўлмай униб-ўсиши, улғайиши учун барча имконият яратилаётир. Ёшларимиз янгича, замон талабига хос, жаҳон андозаларига мос таълим стандартлари асосида бунёд этилган кўркам ва муҳташам ўқув масканларида билим олмоқда.
Халқ таълими вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, янги ўқув йилида 9698 та умумтаълим мактабининг 1-синфига 631 мингдан зиёд ўғил-қиз қабул қилинди. Уларнинг барчасига 12 номдаги ўқув қуроллари, дарсликлар ва ўқувчи сумкасидан иборат Президент совғаси тантанали равишда топширилди.
Мустақиллик дарсларида Президентимиз Ислом Каримовнинг яқинда нашрдан чиққан “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш — энг олий саодатдир” китобида илгари сурилган ғоялар, факт ва рақамларга, шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2014 йил май ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуидаги халқаро конференциянинг очилиш маросимидаги нутқи ҳамда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўрт йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги сўзининг мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Пойтахтимиздаги 300-ихтисослаштирилган мактаб ҳам илғор таълим даргоҳларидан бири ҳисобланади. Бу ерда янги ўқув йили тантанали тадбир билан бошланди. Таълим жараёнига инновацион технологияларни жорий этаётган, изланувчан, фидойи ўқитувчилар ва фаол ўқувчиларга фахрий ёрлиқлар топширилди. Айни пайтда мазкур илм масканида 3324 нафар ўғил-қиз таълим-тарбия олаётир. Биринчи синфга қадам қўйган 425 нафар ўғил-қизга Президент совғаси берилиши тадбирга ўзгача завқ-шавқ бағишлади.
— Таълим масканимиз аниқ фанларга ихтисослаштирилган, — дейди мактаб директори Насиба Камолова. — Мана, бир неча йилдирки, мактабимиз кўплаб йўналишларда юқори рейтинг балларини қўлга киритиб, юртимиздаги энг намунали таълим даргоҳи сифатида эътироф этиб келинаяпти. Ўқувчиларимиз “Билимлар беллашуви”, педагогларимиз эса “Йилнинг энг яхши  фан ўқитувчиси”  кўрик-танловларида муваффақиятли қатнашишмоқда. Бу таълим муассасамизда энг тажрибали, юқори малакага эга, ўз устида мунтазам ишлайдиган, фидойи, илғор тажрибаларни фаолиятида изчил қўллайдиган фан ўқитувчилари жамлангани билан боғлиқ.
Чиндан ҳам, бугун янгича таълим стандартлари асосида илм олаётган ёшларимизга ҳар қанча ҳавас қилса арзийди. Замонавий ўқув бинолари, кенг ва ёруғ синфхоналар энг сўнгги русумдаги компьютер ҳамда лаборатория жиҳозлари, кутубхона, спорт мажмуаси — буларнинг бари ёшларимиз ихтиёрида.
— Набирамиз Шоҳруҳбек бу йил 1-синфга қадам қўйди, — дейди Сергели туманида истиқомат қилувчи Умриниса Аҳмедова. — Унинг ҳисоб-китобга қизиқиши юқори. Мактабга чиқишига қадар санашни, қўшиш ва айиришларни ҳам ўрганиб олди. Шоҳруҳбек дарсдан бўш вақтларида ушбу таълим муассасасидаги шахмат тўгарагига ҳам қатнашни мақсад қилган. Юртимизда фарзандларимизнинг, набираларимизнинг бахту саодати йўлида узоқни кўзлаб олиб борилаётган эзгу саъй-ҳаракатлар учун Президентимиздан бениҳоя миннатдормиз! 
Дарҳақиқат, истиқлол йилларида фарзандларимизга юксак илм-фан чўққиларини эгаллашлари, соғлом ва баркамол авлод бўлиб вояга етишлари учун барча шарт-шароит яратиб берилди. Шундай экан, истиқболимиз эгалари маррани баланд қўйиб, ўз мақсадларига эришишларига ишончимиз комил.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn