Ҳеч кимдан кам бўлмаган авлод ўз истеъдодини жаҳон узра намойиш этмоқда
  • 18 Август 2015

Ҳеч кимдан кам бўлмаган авлод ўз истеъдодини жаҳон узра намойиш этмоқда

Яқинда самарқандлик ўқувчи-ёшлар халқаро миқёсдаги нуфузли беллашувларда қатнашиб, муваффақият қозониб қайтишди.

Хусусан, Хитой Халқ Республикасининг Чанчунь шаҳрида 27-31 июль кунлари ташкил этилган математика бўйича халқаро олимпиадада Каттақўрғон шаҳридаги 17-ихтисослаштирилган мактабнинг 8-синф ўқувчиси Жаҳонгир Тўраев кумуш медалга сазовор бўлди. 6 август куни Босния ва Герцеговина пойтахти Сараевода ўтказилган дзюдо бўйича ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида эса Пастдарғом политехника коллежи ўқувчиси Диёра Келдиёрова олтин медални қўлга киритди. Аҳамиятлиси, бу йўналишда мамлакатимиз хотин-қизлари эришган илк юксак натижадир.
Самарқандда бўлиб ўтган тадбирда иқтидорли ўғил-қизлар, уларнинг ота-оналари ва мураббийларига алоҳида эҳтиром кўрсатилди.
Таъкидлаш лозимки, юртимизда таълим тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ёшларимизнинг ҳар томонлама пухта билим ва касб-ҳунар эгалари бўлиб камол топишларида муҳим аҳамият касб этаётир. Ўтган давр мобайнида замонавий умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицей ҳамда касб-ҳунар коллежларининг бунёд этилиши ва зарур ўқув жиҳозлари, ахборот-коммуникация технологиялари билан тўлиқ таъминланиши ана шу мақсад рўёбига хизмат қилаётир.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудида қурилиб фойдаланишга топширилаётган спорт мажмуалари эса навқирон авлод вакилларининг маънан ҳамда жисмонан етук бўлиб улғайишларига замин яратмоқда. Бинобарин, Жаҳонгир Тўраевнинг математика илмини чуқур эгаллагани, Диёра Келдиёрованинг йирик мусобақада ўз маҳоратини ёрқин намойиш қилгани ҳам Президентимизнинг ёшларга кўрсатаётган эътибор ва ғамхўрлиги самарасидир.
Жаҳонгир математикага болалигидан қизиқади. Ота-онаси ва устози, Каттақўрғон шаҳар 17-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг математика фани ўқитувчиси Инобат Пармонованинг кўмаги билан у ўз иқтидорини фан олимпиадаларида намойиш этиб келаяпти.
Диёра Келдиёрова эса Самарқанд олий спорт маҳорати мактабида устози Хуршида Холиқова раҳбарлигида дзюдо сирларини ўрганаяпти. У 2013 йилда Хитойнинг Нанкин шаҳрида бўлиб ўтган ўсмирлар ўртасидаги II Осиё ўйинларида бронза медали билан тақдирланган.
Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими З. Мирзаев сўзга чиқди.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn