Инха университети делегацияси учрашувлари
  • 13 Август 2015

Инха университети делегацияси учрашувлари

Корея Республикасининг Инха университети президенти Сунья Чой раҳбарлигидаги делегация Ўзбекистонга келди. Делегация аъзолари Тошкент шаҳридаги Инха университетида бўлиб, бу ерда яратилган шароитлар билан танишди, олий ўқув юрти раҳбарияти, ўқитувчи ва талабалари билан учрашди.

Тошкент шаҳридаги Инха университети ректори Шерзод Шерматов бугунги кунда Ўзбекистонда ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади. Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 2014 йили ташкил этилган Тошкент шаҳридаги Инха университетида бу соҳа учун юқори малакали кадрлар тайёрланади.
Ушбу таълим муассасасида яратилган шароитлар халқаро талабларга тўла жавоб беради. Ўқув аудиториялари, лаборатория ва бошқа хоналар замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Университетда пойтахтимиздаги олий таълим муассасалари орасида энг катта дата-марказ (серверлар ва тармоқ ускуналари жойлаштирилган юқори технологияли майдон) фаолият кўрсатмоқда. Талабалар энг замонавий технологиялар, жумладан, Wi-Fiдан кенг фойдаланмоқда.
Дарслар халқаро муҳандислик аккредитацияси талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган ўқув дастури бўйича инглиз тилида ўтилмоқда. Мамлакатимиз ўқитувчилари билан биргаликда Корея Республикасидан келган 10 нафар мутахассис талабаларга ахборот-коммуникация соҳаси асосларини ўргатмоқда. Ушбу соҳада фаолият кўрсатаётган етакчи компаниялар мутахассислари иштирокида амалий машғулотлар мунтазам ўтказилмоқда. Бу назария ва амалиётни ўзаро боғлаш, талабаларга эса IT-саноатидаги энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлиш имконини бераётир.
Тошкент шаҳридаги Инха университетида ўқитишнинг ўзига хос хусусиятларидан бири шундаки, бу ерда талабаларнинг мустақил изланишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг учун олий ўқув юртида замонавий технологиялар ва анъанавий адабиёт билан таъминланган ахборот-ресурс маркази ташкил этилган. Университетда жамоа бўлиб ишлаш йўлга қўйилган, яъни талабалар баҳс-мунозаралар ва тақдимотлар ўтказиладиган хоналарда гуруҳларга бўлиниб, мураккаб вазифаларга ечим топади. Сўнгра дарсларда тажрибали ўқитувчи раҳбарлигида билимларини мустаҳкамлайди.
Инха университети делегацияси аъзолари талабалар учун яратилган ушбу шароитлар билан яқиндан таништирилди.
— Ўзбекистонда университетимиз филиалининг ташкил этилгани мамлакатларимиз ўртасидаги яқин ҳамкорликнинг ёрқин мисолидир, — деди Инха университети президенти Сунья Чой. — Бу ерда ёш кадрлар учун яратилган шароитлар билан танишиб, ўзаро ҳамкорлигимиз салмоқли натижалар бераётганига гувоҳ бўлдик. Тошкент шаҳридаги Инха университетининг моддий-техник ва интеллектуал базасини мустаҳкамлашдан манфаатдормиз ва шу боис университет раҳбарияти билан қатор ҳужжатлар имзоладик. Масалан, ўзбекистонлик профессор ва ўқитувчиларни Корея Республикасида ўқитиш ва малакасини ошириш бўйича келишувга эришдик. Шунингдек, университет кутубхона фондига 2,6 мингдан зиёд дарслик ва қўлланмалар тақдим этдик.
Инха университети делегацияси мамлакатимизнинг қатор вазирлик ва идоралари, олий ўқув юртларида учрашувлар ўтказиб, юртимизнинг илмий-маданий салоҳияти билан танишади.

Сардор  ТОЖИЕВ,
ЎзА мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn