Янги ўқув йилига ҳозирлик
  • 11 Август 2015

Янги ўқув йилига ҳозирлик

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ота-оналар ҳамда ўқувчиларга қулайлик яратиш мақсадида 10 августдан 10 сентябрга қадар фаолият кўрсатадиган 1876 мактаб ярмаркаси ташкил этилди.

Мамлакатимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билимли, жисмоний ва маънавий жиҳатдан соғлом авлодни тарбиялашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Президентимиз раҳнамолигида ўтган йиллар мобайнида республикамизда фаолият кўрсатаётган мактабларнинг деярли барчаси янгитдан қурилгани, капитал реконструкция қилиниб, замонавий ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари билан таъминлангани ана шу эзгу мақсадга хизмат қилаётир. Энг муҳими, тизимдаги янгиланишлар ўқитиш сифатини яхшилашга, иқтидорли ўғил-қизларни кашф этишга кўмак бермоқда.
Анъанага мувофиқ, Халқ таълими вазирлиги томонидан Республика болалар кутубхонасида мактаб ўқув қуроллари, дарсликлар, адабиётлар, ўқув ва спорт кийимлари, пойабзаллар кўргазмаси ташкил қилиниши ҳам фарзандларимизга бўлган беқиёс ғамхўрлик ифодасидир.
Таъкидлаш керакки, жорий ўқув йили арафасида ота-оналарга қулайлик яратиш мақсадида
10 августдан эътиборан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги савдо мажмуалари, бозорлар, таълим муассасалари қошида жами 1876 та мактаб ярмаркаси иш бошлади.
Жумладан, уларнинг 970 таси умумий ўрта таълим мактабларида, 232 таси академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида, 398 таси аҳоли гавжум бозорларда, 276 таси эса йирик савдо мажмуаларида ташкил қилинди. Шу билан бирга, тоғли ва чўл ҳудудларида 98 та кўчма автодўкон фаолият кўрсатаяптики, бу  юртдошларимизнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилмоқда. Ярмаркаларда юртимиз корхоналарида ишлаб чиқарилган 26 турдаги ўқув қуроллари ва жиҳозлари, мактаб формалари ҳамда спорт кийимлари таклиф этилаяпти.
Шуни ҳам айтиш жоизки, асосий турдаги маҳсулотлар аниқланган эҳтиёж асосида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, “Ўзбекенгилсаноат” компанияси, “Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси ҳамда бир қатор йирик нашриёт-матбаа корхоналари томонидан етказиб берилаётир.
Қувонарлиси, мактаб бозорларида сотилаётган маҳсулотлар нархи — ҳамёнбоп. Қолаверса, аҳолига қўшимча қулайлик яратиш мақсадида савдо ташкилотлари ва хусусий тадбиркорлик субъектларида 1876 дона барча турдаги тўлов терминали ўрнатилди.
— Ушбу ярмаркаларда компаниямиз тасарруфидаги корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган бир миллиондан ортиқ мактаб формалари, спорт кийимлари ҳамда пойабзаллар сотилмоқда, — дейди “Ўзбекенгилсаноат” компанияси бош мутахассиси Шерзод Акбаров. — Уларнинг сифати ва нархи харидорларга маъқул келаётганидан хурсандмиз.
Шунингдек, ярмаркалар бошланиши муносабати билан ўтказилаётган кўргазмада юқори сифатли дарслик ва ўқув адабиётлари ҳам намойиш этилаяпти. Бу ташриф буюрган ота-оналар, ўқувчиларнинг диққат-эътиборини ўзига тортмоқда.
Пойтахтимизнинг Оқибат маҳалласида истиқомат қилувчи Шаҳрибону Қобилова кўргазмага қизи Сурайё Комилжоновани ҳам олиб келди. Сурайё бу йил биринчи синфга қадам қўяди. Шунинг учун маҳсулотларни кўздан кечирмоқда. Уларга, айниқса, қаламдонлар, кузги-қишки мавсумга мўлжалланган пойабзаллар манзур бўлибди.
Бу ерда, шунингдек, умумий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими масканлари ўқувчилари учун спорт маҳсулотлари намуналарига ҳам кенг ўрин берилган.
— Болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, сузиш ҳавзалари ҳамда умумий ўрта таълим мактаблари спорт залларига мос кўплаб маҳсулотлар билан иштирок этаяпмиз, — дейди Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси бўлим бошлиғи Соҳибжон Аҳмадов.
Кўргазмаларда фарзандларимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмай камол топишлари учун улкан ғамхўрлик кўрсатилаётганига яна бир карра амин бўлдик. Зеро, порлоқ келажагимиз айнан бугунги билимли ва бахтли авлод қўлидадир.

Дилмурод СОДИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn