Билим ва заковат синови
  • 04 Август 2015

Билим ва заковат синови

1 август куни республикамиздаги олий таълим муассасаларида тест синовлари бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда ёш авлоднинг фаровон келажагини таъминлаш, бу борада, айниқса, уларни пухта билимли, етук малакали мутахассислар этиб тарбиялаш асосий мақсадлардан биридир. Зеро, Президентимиз раҳнамолигида таълим тизимини такомиллаштиришга қаратилаётган юксак эътибор, ёшларимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмай,
энг замонавий шарт-шароитлар билан таъминланган ўқув даргоҳларида илм олишлари, салоҳият ва иқтидорларини кенг намоён этишлари учун яратилаётган беқиёс имкониятлар фикримиз далилидир.
Қувонарлиси шундаки, бугунги кунда илм-фан, санъат, спорт, саноат, техника ва технологиялар соҳаси жадал тараққий этиб бораётган бир пайтда чуқур билим ҳамда кенг дунёқараш соҳиби бўлишга, замон билан ҳамнафас яшашга интилаётган шижоатли йигит-қизларимиз сафи тобора кенгайиб бормоқда. Айниқса, мамлакатимиздаги барча таълим муассасаларида янгидан-янги мутахассисликлар, ўзига хос ўқитиш услублари кенг жорий қилинаётганлиги боис ёшларда илм чўққиларини эгаллашга интилиш истаги ортаётир. Талаба бўлиш орзусида олий ўқув юртларига ҳужжат топшириб, 1 август куни тест синовларида иштирок этган минглаб ўғил-қизларнинг ҳаяжонию қатъиятига гувоҳ бўлгач, бунга яна бир бор ишонч ҳосил қилдик.
Жорий йилда нуфузли таълим даргоҳларидан бири саналган Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети қабул комиссиясига 18 минг 551 ариза тушди. Таълим масканининг бакалавр таълим йўналишига 1645 нафар талаба қабул қилиниши ҳисобга олинса, ўртача танлов коэффициенти 11,3 ўринни ташкил қилди. Бу, албатта, юртимизда таълим тизими ривожига алоҳида эътибор қаратилаётгани, устозлик мартабаси янада улуғланиб, ушбу касб соҳиблари юксак қадр ҳамда эҳтиромга муносиб кўрилаётганлиги туфайлидир.
Мазкур ўқув юрти қабул комиссияси вакилларининг таъкидлашича, жорий йилда абитуриентларга тест синовларини муваффақиятли топширишлари учун зарур қулайликлар яратилди. Синовлар ўтказилган ҳар бир бинода махсус штаб ташкил қилинган бўлиб, тартибни таъминлаш, шунингдек, зарур ҳолларда, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш учун тегишли соҳа ходимлари жалб этилди.
— Бу йил таълим муассасамизнинг тарих ва ўқитиш методикаси, ўзбек тили ва адабиёти, инглиз тили ҳамда меҳнат таълими йўналишларига энг кўп ҳужжат топширилди, — дейди ўқув юрти қабул комиссиясининг масъул котиби Валижон Ишқувватов. — Энг муҳими, абитуриентлар тест синовларини муваффақиятли топширишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилди. Синовлар 19 та бинода, олти юзга яқин гуруҳларга бўлинган ҳолда ўтказилди.
Мазкур таълим масканига ҳужжат топширган абитуриентларнинг ота-оналари ва яқинларига қулайлик туғдириш мақсадида шу ҳудуддаги маҳаллалар фаоллари эзгу ташаббусни илгари суришди. Университет ёнидаги Бобур номидаги истироҳат боғида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан ташриф буюрганлар учун махсус кутиш жойлари ташкил этилди. Эътиборлиси, бу ерда бир пиёла чой устида бемалол суҳбат қуриш имкони яратилди.
— Қизим Нодира болалигидан “Катта бўлсам ўқитувчи бўламан”, деб ният қиларди, — дейди Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманидан келган онахон Мавлуда Иброҳимова. — Ана шу орзуси уни Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг ўзбек тили ва адабиёти йўналишига ҳужжат топширишга етаклади. Қизимнинг танлаган йўлидан қайтмай, албатта, талаба бўламан, дея тинимсиз ўқиб изланганлигини кўриб, қалбимда фахр туйдим.
* * *
Янги ўқув йилида Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг 11 таълим йўналишига 8731 нафар абитуриентдан ҳужжат келиб тушди. Умумий қабул 790 тани ташкил қилиб, 295 таси давлат гранти, 495 таси эса тўлов-шартнома асосида белгиланди.
Мазкур таълим даргоҳи қабул комиссияси масъул котиби Алишер Усмонқуловнинг айтишича, абитуриентлардан энг кўп ҳужжат касб таълими (енгил саноат буюмлари конструкциясини ишлаш ва технологияси) йўналишига келиб тушди. Бу ерда бир ўрин учун 21,4 нафар абитуриент “беллашди”.
— Синовларда тартиб-интизом қатъий назорат қилинганлиги боис хотиржам кайфиятда тест жавобларини белгиладим, — дейди таассуротлари билан ўртоқлашган қашқадарёлик Нодир Раҳмонов. — Адолат ва ҳаққонийлик бор жойда киши ўзига бўлган ишончни йўқотмас экан. Шунинг учун ҳам тест жавобларини ечишда ортиқча қийналмадим.
Биз ҳам эртамиз эгалари, келажакнинг таянчи ва суянчи бўлмиш ёшларимизнинг шижоати, қатъияти, интилишига боқиб, ич-ичимиздан қувондик, комил инсон бўлиб етишишни мақсад қилган бу ўғил-қизларга омадлар тиладик!
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказидан маълум қилишларича, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги олий ўқув юртларида тест синовлари адолатли ўтиши учун барча шарт-шароит яратилди.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn