Тест билимдонларни аниқлайди
  • 31 Июль 2015

Тест билимдонларни аниқлайди

Эртага мамлакатимиздаги олий ўқув юртларида 605 минг 836 нафар абитуриент ўз билимини синовдан ўтказади. Абитуриентлар учун ҳаяжонли дақиқалар тобора яқинлашмоқда. Зеро, энди талаба бўлиш истагидаги йигит-қизлар ўз билимларини синовдан ўтказади ва мустақил ҳаёт бўсағасидаги ушбу имтиҳонда, албатта, кимнинг мақсад сари қай даражада интилганлиги ойдинлашади.

Мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиб, ўқиб-изланган, ўз устида ишлаб, пухта билим эгаллаган ёшлар, шубҳа йўқки, тест синовларини ижобий топшириб, ўзлари орзу қилган мутахассислик бўйича таҳсил олишга муваффақ бўлади.
Таъкидлаш лозимки, юртимизда давлатимиз томонидан таълим тизимига қаратилаётган юксак эътибор туфайли мукаммал билимга эга, малакали мутахассис бўлиб етишишни мақсад қилган ёшлар сони тобора ортиб бораяпти. Буни жорий йилда олий таълим муассасаларига ҳужжат топширган абитуриентлар сонидан ҳам билиш мумкин.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказидан маълум қилишларича, бу йил абитуриентлардан ҳужжат келиб тушиши бўйича рекорд натижа қайд этилди. Жумладан, республикамиздаги университет ва институтлар қабул комиссияларига 605 минг 836 нафар йигит-қиз ҳужжат топширди. Бу мазкур йилда бир ўринга 10,45 нафар абитуриент тўғри келади, деганидир.
Айтиб ўтиш жоизки, ўтган йили бу кўрсаткич 543 минг 131 нафарни ташкил этган эди. Ўшанда бир ўрин учун ўртача 9,4 нафар абитуриент даъвогарлик қилган.
Президентимизнинг шу йил 23 июнда қабул қилинган “2015/2016 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига қабул тўғрисида”ги қарорига биноан, мазкур ўқув йилида 57 минг 907 нафар талаба қабули амалга оширилади. Шулардан 19 минг 120 нафари давлат гранти, 38 минг 787 нафари эса тўлов-шартнома асосида ўқишга қабул қилиниши белгиланган. Шунингдек, Тошкент кимё-технология институти (Қўнғирот бўлими)нинг махсус сиртқи бўлимига давлат гранти бўйича 65 нафар талаба ва Тошкент ахборот технологиялари университетининг махсус сиртқи бўлимига 50 нафар талаба тўлов-контракт асосида қабул қилинади.
Табиийки, тест синовларида ўзаро рақобат йилдан-йилга ортиб бормоқда. Бу йил республика бўйича энг кўп ҳужжат Термиз давлат университетига топширилди. 33 минг 242 нафар абитуриент мазкур таълим масканининг талабаси бўлиш истагини билдирган. Бу бир ўринга 20 нафар йигит-қиз тўғри келаётганидан далолатдир.
Кейинги ўринларни Жиззах давлат педагогика институти (24 минг 170 нафар), Андижон давлат университети (22 минг 819 нафар), Фарғона давлат университети (22 минг 253 нафар), Қарши давлат университети (21 минг 833 нафар) эгаллаган.
Шуни қайд этиш керакки, тест синовларини ташкил қилиш ва белгиланган тартибда ўтказиш учун бир қатор ташкилий ҳамда амалий ишлар бажарилди. Жумладан, 1 август куни тест синовлари ўтказишни таъминлаш учун 17956 аудитория тайёрланди ва уларнинг дислокацияси ўрганиб чиқилди. Давлат тест марказининг 2970 нафар вакили манфаатдор вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг тавсияси асосида умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасалари ходимлари таркибидан танлаб олинди. Давлат тест маркази вакиллари ва аудитория назоратчилари учун тест синовини ўтказиш тартиби бўйича ўқув-семинарлар ташкил этилди ҳамда улар тест синови давомида бажарадиган вазифаларига оид тарқатма материаллар билан таъминланди. Қисқача айтганда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда белгиланган тартибда тест синовларини ўтказиш учун барча шарт-шароит яратилган.
Шу ўринда эртага бўлиб ўтадиган тест жараёнлари ҳақида ҳам тўхталсак. Абитуриентлар тест синовлари ўтказиладиган куни бино ҳудудига соат 8.00 гача, аудиторияга соат 8.30 гача фақат абитуриент рухсатномаси ва паспорти билан киритилади. Тест синовлари бошланган (соат 8.30)дан кейин абитуриент аудиторияга киритилмайди.
Соат 8.30 дан 9.00 гача абитуриентлар жавоблар варақасини тўғри тўлдириш тартиби билан танишадилар ва унинг тегишли жойига ўзлари тўғрисидаги маълумотларни ёзадилар. Бу вақт тест ўтказиш учун ажратилган вақт меъёрига кирмайди.
Абитуриент жавоблар варақаси рақами билан саволлар китоби рақамининг бир-бирига мослигини ва саволлар китобида фанлар бўйича тест саволларида типографик хато ёки бошқа нуқсонлар йўқлигини текширади. Агар тест саволларида нуқсон бўлганда, дарҳол бу ҳақда аудитория раҳбарига хабар беради.
Тест синовлари ўтказиладиган бинога киришда абитуриент микрокалькулятор, луғат, жадвал, китоб, мобиль телефон, компьютер ва бошқа телекоммуникация воситалари ҳамда шпаргалкалар олиб киришга ҳаракат қилса ёки олиб кирган бўлса, тест синовлари давомида тест материалларини бошқа абитуриентга узатса ёхуд ёрдам берса, тест синови учун ажратилган вақт тугаганидан кейин тест материалларини топширишдан бош тортса, тест материалларини аудиториядан ташқарига чиқарса, саволлар китоби варағини йиртса, абитуриент тест синовларини ўтказиш тартибини бузган ҳисобланади ва Давлат тест маркази вакили ёки аудитория раҳбари ҳамда кузатувчилари томонидан тегишли шаклда далолатнома тузилиб, абитуриент тест жараёнидан четлаштирилади.
Билимли ёшлар, албатта, ўз орзу-мақсадларига етади. Ана шундай эзгу ниятларни дилига туккан йигит-қизларимизга катта ҳаёт остонасидаги муҳим синовда омад ёр бўлишини тилаб қоламиз!

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn