Инновацион ишланмалар илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг интеграциялашувига хизмат қилмоқда
Версия для печати
  • 22 Июль 2015

Инновацион ишланмалар илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг интеграциялашувига хизмат қилмоқда

Ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш саноати юқори даражада ривожланган Ўзбекистонда муҳим амалий аҳамиятга эга янги полимер материаллар олиш учун катта ҳажмдаги чиқинди ресурслари мавжуд. Бу нафақат қимматбаҳо маҳсулотлар ишлаб чиқариш, балки чиқиндилардан самарали фойдаланиш масаласини ҳал этишда ҳам ғоят долзарб аҳамиятга эга.

Ўзбекистонда табиий ипак ишлаб чиқариш азалдан ривожланган бўлиб, ипак қурти чиқиндилари йилига қарийб 8-10 минг тоннани ташкил этади. Бу хом ашё хитин табиий полимерлари — хитозан ва ундан олинадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун истиқболли база бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Хитин табиатда кенг тарқалган органик бирикмалар тоифасидан бўлиб, целлюлозадан сўнг иккинчи ўринда туради. Айни пайтда жаҳонда йилига 3 минг тоннадан зиёд хитин ва хитин маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.  Малайзия, Хитой, Япония, Жанубий Корея, АҚШ, Ҳиндистон ва Россия асосан пўстлоқли чиқиндилар, денгиз маҳсулотларидан олинадиган, таркибида хитин бўлган хом ашё ишлаб чиқарадиган етакчи мамлакатлардир. Шуни таъкидлаш жоизки, ушбу хом ашёнинг доимий равишда ўзини ўзи қайта тиклайдиган захираси мавжудлиги бундай табиий полимер ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш имконини беради. 
Экологик муаммоларни, жумладан, хитин каби биологик емириладиган полимерлардан фойдаланишни кенгайтириш орқали ҳал этиш масаласига катта эътибор берилаётгани, шунингдек, тузилиши ва хусусиятига кўра турли материаллар олиш учун хитиннинг кимёвий ўзгартирилган ҳосилаларидан фойдаланишда имкониятлар кенгаяётгани ушбу полимерни ишлаб чиқариш ва уни турли соҳаларда қўллаш борасида истиқболли материаллардан бирига айлантирмоқда.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги Полимерлар кимёси ва физикаси илмий тадқиқот марказида физик-кимёвий ва биологик хусусиятлари яхшиланган маҳаллий хом ашё — полисахарид асосида биологик парчаланадиган, экологик хавфсиз полимер ва нанополимер тизимлар яратиш бўйича тадқиқотлар олиб борилмоқда. Ушбу тизимлардан қишлоқ хўжалиги, ветеринария, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва бошқа соҳаларда кенг фойдаланиш мумкин.
Марказ ходимлари томонидан ипак қурти ғумбагини комплекс қайта ишлаб, ундан мой, оқсил, хитин, хитозан ва хитозан маҳсулотлари ишлаб чиқариш имконини берадиган инновацион технология яратилди. Бу маҳсулотлар фармацевтика, парфюмерия-косметика, лок-бўёқ, озиқ-овқат, тўқимачилик саноати, тиббиёт, чорвачилик ва бошқа соҳаларда кенг қўлланилади.
Хитозан табиий полимерини ноёб хусусиятлари ва ундан иқтисодиётнинг саксондан ортиқ йўналишида фойдаланилаётгани боис XXI аср полимери, деб аташади.
Биологик фаол полимер, экологик хавфсиз, биологик парчаланадиган зарарсиз препарат ҳисобланган хитозан қишлоқ хўжалигида уруғлик материални, мева-сабзавотларни бактерия ва зараркунандалардан ҳимоя қиладиган, тупроқни нематодлардан тозалайдиган восита, узоқ муддатли таъсир кучига эга ўғит сифатида кенг қўлланилмоқда ва шу тариқа қишлоқ хўжалиги экинларини сақлаш ҳамда ҳосилдорлигини оширишга ёрдам бераётир.
Полимерлар кимёси ва физикаси илмий тадқиқот марказида олиб борилаётган тадқиқотлар ўсимликларни ҳимоя қиладиган полимер воситалар яратиш, полимерларнинг тирик организмлар (уруғлар) билан ўзаро таъсирини, уруғларга биологик таъсир кўрсатиш механизмларини ўрганишда истиқболли илмий йўналишга айланди.
Марказ илмий ходимларининг самарали тадқиқотлари натижасида экологик хавфсиз уруғ дорилагич ва ривожланишни тезлаштирадиган таъсирга эга “ЎЗХИТАН” ишлаб чиқилди. Бу препарат қишлоқ хўжалиги экинларига (чигит, бошоқли дон, сабзавот, полиз ва озуқа экинлари) экишдан аввал ишлов бериш учун қўлланилади.
Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларига экишдан аввал экологик хавфсиз, биологик фаол полимерлар ва ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситаларининг полимер композициялари билан ишлов бериш услуби — капсулалаш технологияси ишлаб чиқилди.
Бу услуб экиладиган уруғлар хусусиятларини яхшилаш, ўсимликларнинг касалликка чалинишини камайтириш, таъсир кўрсатувчи моддаларни асраш, уруғнинг соғлом униб чиқишини таъминлаш ва ҳосилдорликни ошириш имконини беради.
Марказнинг тажриба корхонасида янги табиий полимер — иқтисодиётнинг кўплаб тармоқларида қўллаш мумкин бўлган хитозан ва унинг асосида “ЎЗХИТАН” препаратини ишлаб чиқариш технологияси ўзлаштирилди. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Давлат кимё комиссияси мазкур препаратни амалиётда қўллашга рухсат берди. “Капсулаланган уруғлар”, “ЎЗХИТАН”, “Хитосилк” учун патент ва товар белгилари олинди.
Мамлакатимизда экишдан аввал уруғларга бу препарат билан ишлов бериш технологияси самарали ва иқтисодий фойдали услуб сифатида кенг қўлланилмоқда. Негаки, маҳаллий хом ашёлар асосида ишлаб чиқилган “ЎЗХИТАН” 2014 — 2016 йилларда маҳаллийлаштириш дастурига киритилди ва қўллаш учун тавсия этилди.
2010 — 2015 йилларда “Ўзпахтасаноат” уюшмаси заводларида “ЎЗХИТАН” препарати билан ишлов берилган капсулаланган қобиқсиз чигит ҳажми 6,5 минг тоннадан ошди. Бундай чигит барча вилоятлардаги фермер хўжаликларининг 130 минг гектардан зиёд майдонига экилди ва қатор фермер хўжаликларида белгиланган кўрсаткичлардан ортиқ ҳосил олинди.
Шундай қилиб, инновацион илмий ишланмаларни мамлакатимиз агросаноат комплексида кенг қўллаш иқтисодий ислоҳотларни самарали амалга ошириш, технологияларни модернизация қилиш, илм-фан ва ишлаб чиқаришни интеграциялаштиришга хизмат қилади.

С. РАШИДОВА,
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги Полимерлар кимёси ва физикаси илмий тадқиқот маркази директори, академик.
ЎзА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn