Таълим-тарбиянинг муҳим таянчи
  • 22 Июль 2015

Таълим-тарбиянинг муҳим таянчи

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун “Мактабгача таълим тизимида амалга оширилаётган ишлар, мактабгача таълим муассасаларида ташкил этилган қисқа муддатли гуруҳларда болаларни мактаб таълимига тайёрлаш” мавзуида медиа-тур уюштирилди.

Журналистлар ушбу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан Сирдарё вилоятидаги ана шундай муассасалар фаолияти мисолида танишишди.
Тадбирда қайд этилганидек, ҳудудда болаларни мактабга тайёрлаш жараёни Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастурига мувофиқ амалга оширилмоқда.
Медиа-турда биринчи синфга борувчи ўғил-қизларни мактаб таълимига тайёрлаш мақсадида жорий этилган “Саводхонлик” марказлари, “Болажон” ҳамда “Билимдон” дастурлари асосида олиб борилаётган ишлар ва уларнинг самаралари ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Таъкидланишича, ҳозирги кунда республикамиздаги мавжуд мактабгача таълим муассасаларида 1770 дан зиёд қисқа муддатли гуруҳлар фаолият кўрсатмоқда. Умумтаълим мактаблари қошида эса 3200 га яқин саводхонлик гуруҳлари ташкил қилинган. Айни чоғда 2015/2016 ўқув йилида “Билимдон” дастури асосида мактабгача таълим муассасаларининг бўш гуруҳлари ҳисобидан 1220 та қисқа муддатли гуруҳ очилиши мўлжалланган.
— Уларга 6-7 ёшли болалар жалб этилаётир, — дейди Сирдарё вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Улуғбек Мамарасулов. — Машғулотлар Халқ таълими вазирлигининг мактабгача таълим муассасалари ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш республика ўқув-методика маркази томонидан ишлаб чиқилган дастур асосида ўтказилаётганлиги эътиборга молик. Ушбу дастур болаларнинг ёшига мос бўлиб, уларда таълим бўйича дастлабки кўникма ва билимларни шакллантиради. Бу эса юртимизда таълим самарадорлигининг янада ошишига хизмат қилади. Айтиш лозимки, қисқа муддатли гуруҳларни ташкил этишда жамоат ташкилотлари ва ота-оналар ҳам фаол қатнашмоқда.
Медиа-турда қисқа муддатли гуруҳларда ишлайдиган тарбиячилар малакасини юксалтириш бўйича самарали ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди. Хусусан, ЮНИСЕФ болалар ташкилоти ҳамкорлигидаги “Қисқа муддатли гуруҳлар учун миллий тренерлар тайёрлаш” ўқув-семинари бунга мисол бўла олади. Айни чоғда бундай гуруҳларга, асосан, педагогика коллежларини битирган ёшлар ишга жалб этилаётганлиги ҳам эътиборга моликдир.
Тадбир давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари Гулистон туманидаги 12 ҳамда 21-мактабгача таълим муассасалари фаолияти билан таништирилди.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn