Тест синовлари: холис ва ишончли
  • 15 Июль 2015

Тест синовлари: холис ва ишончли

Шу кунларда институт, университет талабаси бўлиш орзуида юрган йигит-қизлар қалбида ҳаяжон. Зеро, олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари ёшларнинг билим ва тафаккурини чинакамига синовдан ўтказади.

Билимли, иқтидорли, ақлу салоҳияти юксак, зеҳни ўткир ёшлар юртимизнинг ишончи, ифтихори ҳисобланади. Шу боис мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида ёш авлод таълим-тарбияси йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Муҳими, истиқлолнинг илк кунларидан бошланган бу борадаги хайрли ишлар ўз самарасини бераяпти. Буни шаҳару қишлоқларимизда бунёд этилган муҳташам, замонавий мактаблар, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида таҳсил олаётган ёшларимизнинг турли халқаро фан олимпиадаларида юқори ўринларни қўлга киритаётганликлари мисолида ҳам кўриш мумкин.
Мухбиримиз Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази директори Жаҳонгир ИСМОИЛОВ билан мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларида бўлиб ўтадиган бу йилги кириш имтиҳонлари хусусида суҳбатлашди.
— Аввало, шуни таъкидлаш жоизки, республикамизда таълим тизими соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар кейинги йилларда кўплаб нуфузли халқаро ташкилотлар, ривожланган давлатлар томонидан алоҳида эътироф этилаётир, — дейди суҳбатдошимиз. — Давлатимиз томонидан узлуксиз таълим тизимида олиб борилаётган изчил сиёсат айни пайтда бизда халқаро рақобатбардош мутахассис кадрларнинг етишиб чиқишида муҳим асос бўлмоқда. Президентимизнинг шу йил 23 июндаги “2015/2016 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига қабул тўғрисида”ги қарори ҳам юртимиз ҳудудлари ва иқтисодиёт тармоқларини юқори малакали мутахассислар билан таъминлашни назарда тутади.
Таълим соҳасидаги ютуқларимизнинг туб моҳияти ҳам ана шунда.
Юртбошимизнинг ушбу қарорига асосан, олий таълим муассасаларига қабул квоталари тасдиқланди. Унга кўра, мазкур ўқув йилида 57 907 нафар талаба қабули амалга оширилади. Шулардан 19 120 нафари давлат гранти, 38 787 нафари эса тўлов-шартнома асосида ўқишга қабул қилиниши белгиланган.
Тошкент кимё-технология институти (Қўнғирот бўлими)нинг махсус сиртқи бўлимига давлат гранти бўйича 65 нафар талаба ва Тошкент ахборот технологиялари университетининг махсус сиртқи бўлимига 50 нафар талаба тўлов-контракт асосида қабул қилинади. Ўз навбатида, булар билимга чанқоқ ёшларимиз учун улкан имконият ҳамдир.

— Навбатдаги ўқув йилида олий таълим тизимида қандай янги йўналишлар очилаяпти?
— Президентимизнинг юқорида қайд этилган қарорига кўра, республикамиздаги 6 та олий ўқув юртида 7 та янги таълим йўналиши очилди. Эндиликда Тошкент давлат шарқшунослик институтида “Филология ва тилларни ўқитиш: хитой тили”, “Шарқ фалсафаси ва маданияти”, Тошкент давлат техника университетида “Энергоаудит ва саноат корхоналарининг энергетик текшируви”, “Кончилик электр механикаси”, “Маркшейдерлик иши”, “Корпоратив бошқарув”, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида “Корпоратив бошқарув”, Тошкент давлат иқтисодиёт университетида “Корпоратив бошқарув”, Тошкент молия институтида “Давлат бюджетининг ғазна ижроси”, Бухоро муҳандислик-технология институтида “Энергоаудит ва саноат корхоналарининг энергетик текшируви” таълим йўналишлари бўйича абитуриентлардан ҳужжатлар қабул қилинади.

— Бу йилги тест синовларида қандай ўзгариш ва янгиликлар мавжуд? Умуман, бу жабҳада олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берсангиз...
— Тест синовлари ва технологиясининг мукаммаллашуви, энг асосийси, абитуриентларнинг тест синовлари жараёнида тест материалларини расмийлаштиришда хато ёки камчиликка йўл қўймасликлари, тест материаллари билан ишлашларини соддалаштириш биз учун доимо муҳим масала бўлиб келган. Бу борадаги халқаро тажрибалар мунтазам таҳлил қилиниб, мутахассислар ва фуқароларимизнинг таклиф ҳамда тавсиялари ўрганиб борилмоқда. Шуларнинг натижаси ўлароқ, кейинги йилларда бир нечта ўзгариш амалга оширилди. Мазкур ўқув йили ҳам бундан мустасно эмас.
Хусусан, “Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабалар қабул қилишда тест синовларини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомга баъзи ўзгартиришлар киритилди. Булар қуйидагилар:
1. Жавоблар варақаси бўйича.
Бу йилги тест синовларида абитуриентларга янги кўринишдаги жавоблар варақалари берилади. Ўтган ўқув йилига қадар ишлатиб келинган жавоблар варақасини тўлдириш, абитуриентлар томонидан кодларни хато бўяш, саволларга жавобларни бўяшда фан блоклари ва жавоблар рақамларини алмаштириб қўйиш кўп учрайдиган ҳолатлардан эди. Йигит-қизларни шу каби мураккаб вазиятларга солиб қўядиган ҳолатларнинг олдини олиш, абитуриентларнинг жавоблар варақаси билан ишлашларини соддалаштириш, жавоблар варақасини расмийлаштиришда кам вақт сарфланишини назарда тутиб, биринчидан, жавоблар варақасида аввал мавжуд бўлган “Олий таълим муассасаси коди”, “Танлов коди” ҳақидаги маълумотлар олиб ташланди ва фақат “Махсус код”ни киритиш талаби қолдирилди. Иккинчидан, фан номлари олиб ташланиб, саволларга жавоблар белгиланадиган доирачалар 1 дан 108 гача бўлган кетма-кет сонлар билан рақамланди. Бу билан абитуриентларнинг фан блокларини алмаштириб бўяш каби хатоларга йўл қўйиш эҳтимоли камайди. Учинчидан, абитуриент ҳақидаги маълумотларни киритиш ва имзо ўрни жавоб бўяладиган доирачалар билан битта бетга, огоҳлантирувчи ёзувлар эса иккинчи бетга жойлаштирилди.
2. Саволлар китоби бўйича.
Саволлар китобида бериладиган саволлар ҳам 1 дан 108 гача бўлган кетма-кетликда рақамланди. Лекин саволлар китобида фанлар номлари ёзуви қолдирилди. Масалан, учта фандан тест синови топширадиганларнинг биринчи фан саволлари 1 дан 36 гача, иккинчи фан саволлари 37 дан 72 гача, учинчи фан саволлари 73 дан 108 гача сонлар шаклида келтирилди. Булар жавоблар варақаси ва саволлар китобидаги рақамлар бир хиллигини таъминлайди ҳамда абитуриентларнинг тест материаллари билан ишлашини осонлаштиради.
Шу ўринда абитуриентларга янги шаклдаги жавоблар варақаси ва уни тўлдириш намуналари ҳақида интернетдаги www.dtm.uz сайтидан тўлиқ маълумот олишларини маслаҳат берамиз.

— Тест синовларида мавжуд имтиёзлар ҳақида тўхталсангиз?
— Олий таълим муассасаларига имтиёзли (танловдан ташқари, тест синовлари ва касбий (ижодий) имтиҳонларсиз) давлат гранти асосида қабул қилиш Президентимизнинг 1993 йил 5 февралдаги “Ўзбекистоннинг ўқувчи ёшларини рағбатлантириш чоралари тўғрисида”ги Фармони, Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 13 октябрдаги “Ўзбекистон иқтидорли ёшларини тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида”ги қарори ҳамда шу ҳужжатда келтирилган Республика олимпиадалари, танловлари ва спорт мусобақаларини ўтказиш тўғрисидаги Низом асосида амалга оширилади.
Президентимизнинг 1999 йил 10 июндаги “Зулфия номидаги Давлат мукофотини таъсис этиш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармони асосида қабул қилиш ҳам ана шулар жумласидандир.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари ҳамда тегишли вазирликлар, идоралар томонидан ҳар йили ўтказиладиган республика танловлари ғолиблари ҳам ана шундай имтиёзга эга.
Шунингдек, муддатли ҳарбий хизматдан бўшаш чоғида олий таълим муассасаларига кириш учун тавсияномалар олган ҳарбий хизматчилар учун тест синовларида жамғарилиши мумкин бўлган умумий баллнинг 27 фоизи миқдорида (61,2) балл берилиши имтиёзи ҳам мавжуд.

— Жорий йилда қайси олий таълим муассасасига кириш юзасидан келиб тушадиган аризалар сони кўп бўлиши кутилаяпти?
— Бу йил олий таълим муассасаларига ҳужжат топшираётган абитуриентлар сони ўтган йилдагига қараганда 20 фоиз ошиши кутилмоқда. Лекин ҳозирдан бирор аниқ рақамни келтириш ноўрин. Шундай бўлса-да, 2014/2015 ўқув йилида олий ўқув юрти қабул квотасига нисбатан энг кўп абитуриент ҳужжат топширган таълим муассасалари ҳақида ҳам айтиб ўтиш мумкин. Жумладан, Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиалида танлов 20,7 (135 ўринга 2804 та ҳужжат), Қарши давлат университетида — 16,6 (1245 ўринга 20656 та ҳужжат), Термиз давлат университетида — 16,3 (1690 ўринга 27552 та ҳужжат), Гулистон давлат университетида — 15,4 (945 ўринга 14539 та ҳужжат), Андижон тиббиёт институтида — 15,3 (400 ўринга 6105 та ҳужжат)ни ташкил этди.

— Тест синовларига тайёргарлик кўраётган йигит-қизларга яна қандай маслаҳатлар берган бўлардингиз?
— Юқорида қайд этиб ўтганимиздек, юртимизда ёшларнинг билим олиши учун жуда катта имкониятлар яратилган. Бундан йигит-қизлар самарали фойдаланишлари, фурсатни зое кетказмасдан тест синовларига пухта тайёргарлик кўришларини маслаҳат берардик. Тест синови куни арафасида пайдо бўладиган ҳар хил тест саволлари, турли “шпаргалка”ларга чалғимаслик зарур. Булар вақтни беҳуда сарфлашга олиб келади, холос.
Абитуриентларга омад ва талаба бўлиш бахтини тилаган ҳолда, яна тест синовлари жараёнида уларга бериладиган тест материаллари — саволлар китоби, жавоблар варақасининг ўзи ҳақидаги маълумотлар киритилиши белгиланган жойларини тўлиқ, хатосиз расмийлаштиришлари, титул варақаси ва рухсатномасига жавоблар варақаси рақамини кўчириб ёзишлари, ёзганда ҳам бехато ёзишлари, шунингдек, имзо қўйилиши керак бўлган барча илова ва шаклларга имзо қўйишларини унутмасликларини маслаҳат берамиз. Бу уларнинг тест синовининг кейинги босқичларида ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашда катта ёрдам беради.

«Халқ сўзи» мухбири
Омонулла ФАЙЗИЕВ суҳбатлашди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn