Юқори малакали мутахассислар юрт равнақининг таянчи ва суянчидир
  • 14 Июль 2015

Юқори малакали мутахассислар юрт равнақининг таянчи ва суянчидир

Мустақиллик йилларида юртимиз таълим тизимида оламшумул янгиланишлар амалга оширилди. Бу ўтган қисқа даврда ҳаётга татбиқ этилган “Таълим тўғрисида”ги Қонун ҳамда Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида кўзда тутилган вазифаларнинг изчил ижроси самараси, десак, янглишмаймиз.

Эътиборли жиҳати, ана шу чора-тадбирлар натижасида мамлакатимизда фарзандларимизга жаҳон талаблари даражасида таълим-тарбия бериш, касб-ҳунар ўргатиш, замонавий ўқитиш услубларини жорий этиш, янги ўқув муассасалари фаолиятини йўлга қўйишга эришилмоқда.
Буни айни кунларда республикамиздаги олий таълим муассасаларини тамомлаб, катта ҳаётга учирма қилинаётган йигит-қизларнинг Ватан ва миллат олдидаги юксак бурчини нақадар теран англашлари мисолида ҳам кўриш мумкин.
Суратдаги бу бахтиёр ёшлар ҳам жорий ўқув йилида Тошкент кимё-технология институтининг магистратура босқичини якунлаб, магистрлик даражасига эришдилар. Шу муносабат билан мазкур масканда битирувчиларга диплом топширишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Тадбирда сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, бугунги кунда ушбу институтда ўқув, ўқув-услубий, илмий ва маънавий-маърифий йўналишларда серқирра фаолият олиб борилаётир. Муассасада айни пайтда таълимнинг қирққа яқин йўналиши бўйича малакали мутахассислар тайёрланиши баробарида, кимё, нефть-газ, металлургия, қурилиш, озиқ-овқат саноати ва бошқа йўналишларда қўлланиладиган замонавий технологияларни яратиш юзасидан саксонга яқин мавзуда илмий изланишлар амалга оширилмоқда. Тадқиқотлар тегишли тармоқларни замон талаблари асосида ривожлантириш, маҳаллий хом ашё воситасида рақобатбардош маҳсулотлар тайёрлаш услубларини жорий этиш, экологик муаммоларни ҳал қилиш каби устувор масалаларга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 15 июлдаги “Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ушбу олий таълим муассасасида илм-фан ҳамда амалиёт уйғунлигини таъминлаш ва илмий тадқиқот ишлари кўламини янада кенгайтиришда муҳим дастуриламал бўлаётир. Хусусан, институт олимлари мазкур жараёнда мамлакатимиздаги йигирмага яқин саноат корхоналари билан ҳамкорликда иш олиб бораётгани эътиборга молик.
— Институтимизда илмий тадқиқотларга талабаларни фаол жалб қилишга катта аҳамият қаратаяпмиз, — дейди Тошкент кимё-технология институтининг ўқув ишлари бўйича проректори Шуҳрат Муталов. — Уларнинг илмий салоҳиятини юксалтириш мақсадида “Устоз — шогирд” анъанаси йўлга қўйилган, ўндан зиёд тўгарак ташкил этилган. Ҳар йили талабалар ўртасида ўтказилаётган илмий-техник анжуман ҳам ёшларнинг илмий-интеллектуал қобилиятини ривожлантиришга хизмат қилаётир.
Институт талабалари турли кўрик-танловлар, давлат ва жамоат ташкилотлари, молия муассасалари томонидан эълон қилинган лойиҳаларда ғолибликка эришаётгани бунинг далилидир. Шунингдек, жорий ўқув йилини тамомлаётган 178 нафар магистр томонидан нашр этилган илмий рисолалар ва кўплаб мақолалар ҳам уларнинг ўз соҳаси бўйича етук мутахассис бўлиб етишаётганидан далолатдир.
— Шу юрт фарзанди эканлигимдан ғурурланаман, — дейди институт магистратура йўналиши битирувчиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендиати Дилрабо Элмуродова. — Бу ерда таҳсил олиб, билимимни бойитишга, илғор педагогик услубларни таълим тизимига татбиқ этишга эришдим.
Албатта, юксак билим ва ақл-заковат эгалари ҳисобланган бундай ёшларимиз мамлакатимиз тараққиётининг мустаҳкам таянчидир. Зеро, уларнинг камолу иқболини кўриб, келажагимиз ишончли қўлларда эканлигига амин бўламиз.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn