Инновация ва ишлаб чиқариш
  • 01 Июль 2015

Инновация ва ишлаб чиқариш

Ўзбекистонда илмий ишланмаларни иқтисодиётнинг реал секторига жорий этиш бўйича самарали механизм ривожлантирилмоқда. Бугунги кунда ҳар қандай давлатнинг барқарор тараққиёти асосини инновацион фаолият ташкил қилади.

Тарих шундан далолат берадики, инсон ўзининг ақл-заковати билан дастлабки меҳнат қуролларини ўйлаб топишдан, алгоритм ва нанозаррачалар, замонавий инновацион компьютер, супер микроэлектрон, биологик, ген муҳандислиги, қуёш ва бошқа юқори технологияларни кашф этишгача бўлган мураккаб йўлни босиб ўтди.
Ўтган асрнинг 80-йилларидан бошлаб дунё тараққиётнинг янги босқичи, яъни глобаллашув даврига кирди. Бу ички ва халқаро бозорларни кенгайтириш, технологик инновациялар — компьютер техникаси, приборлар микроминиатюризациясини яратиш, янги алоқа воситаларини ривожлантириш зарурати, 90-йилларда эса бугун миллиардлаб фойдаланувчиларга эга интернетнинг пайдо бўлиши билан боғлиқдир. Бугунги глобаллашув жараёни рақобатни кучайтириб, янги маҳсулотлар яратиш даврини қисқартирди ва компанияларни янги инновацион маҳсулотлар (технологиялар, материаллар, машиналар, техника, транспорт ва коммуникация воситалари, дори-дармонлар, қишлоқ хўжалиги ва бошқа маҳсулотлар)ни жадал ишлаб чиқишга мажбур этди.
Илм-фан ва ишлаб чиқаришни интеграциялаштириш, хусусий тадбиркорлар ва давлат ўртасидаги ҳамкорлик, кичик ва ўрта инновацион бизнеснинг халқаро алоқаларини қўллаб-қувватлаш инновацион фаолиятни кенг ривожлантиришнинг муҳим шартларидир. Шуни таъкидлаш керакки, дунёнинг ривожланган давлатларида янгиликларнинг қарийб ярми ташкилотлар, кичик ва ўрта бизнес фирмалари томонидан амалга оширилмоқда.
Чунончи, АҚШ Миллий илм-фан фонди маълумотларига кўра, кичик фирмаларда ҳаётга татбиқ этилаётган янгиликлар сони сарф-харажатлар бирлиги бўйича ўрта ва йирик фирмаларга қараганда анча кўпдир. Бундан ташқари, кичик фирмалар янгиликларни жадал ўзлаштириш ва истеъмолчиларга етказиб беришда ҳам йирик фирмаларга қараганда тахминан учдан бир баробар илгарилаб кетган.
Университет ва техника институтлари ишлаб чиқариш компаниялари ва фирмалар билан биргаликда патентланган ишланмада ўз иштироки улушини белгилаб тадқиқот ва инновацион лойиҳаларни амалга оширгандагина илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг интеграциялашув жараёни катта самара беради. Европа патент идораси томонидан берилган барча халқаро патентларнинг 85 фоизи айнан шундай ҳамкорликдаги ишланмалар улушига тўғри келиши ҳам бежиз эмас.
АҚШ, Япония, Жанубий Корея ва бошқа қатор ривожланган мамлакатларда кичик ва ўрта бизнес инновацияларга мойиллиги билан ажралиб туришини кўриш мумкин. Ўтган асрнинг 90-йилларида ушбу мамлакатларда минглаб ана шундай компаниялар ташкил этилди. Уларнинг аксарияти бугунги кунда жаҳон ишлаб чиқаришида етакчи фирмаларга айланди («Samsung», «Microsoft», «Pfizer», «Hitachi» ва бошқалар). Бу, ўз навбатида, миллионлаб янги иш ўринлари ташкил этиш имкониятини яратди ва саноат ҳамда иқтисодиётни ривожлантиришга кучли туртки берди.
Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, ҳар томонлама ривожланган инновацион тизимга эга мамлакатлардагина инновация жараёнлари самарали амалга оширилиб, технологиялар ва бошқа илмталаб маҳсулотлар тижоратлаштирилмоқда. Бу жараёнда давлатнинг иштироки, иқтисодиётнинг реал сектори ва етакчи компанияларнинг инновация фаолиятини қўллаб-қувватлаши муҳим аҳамиятга эгадир. Зеро, илм-фан давлатнинг техник тараққиёти ва жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлайдиган ушбу интеграция механизмининг асосини ташкил қилади.
Ўзбекистонда мустақилликнинг дастлабки йилларидан мамлакатимиз илм-фани, етакчи илмий мактаблар, биринчи навбатда, энг йирик ва муҳим аҳамиятга эга ташкилот — Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясини янада ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор яратишга алоҳида эътибор қаратилди. Президентимиз Ислом Каримов томонидан қабул қилинган Фармон ва қарорлар янги тарихий воқеликларга мос келадиган фан-техника ва инновация соҳасида давлат сиёсатини изчил амалга ошириш учун ўзига хос рағбат бўлди.
Президентимизнинг 1992 йил 8 июлдаги «Илм-фанни давлат йўли билан қўллаб-қувватлаш ва инновация фаолиятини ривожлантириш тўғрисида»ги Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 21 июлдаги «Илм-фанни ривожлантириш ва инновация фаолиятини давлат йўли билан қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида»ги қарори илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш соҳасидаги дастлабки асосий ҳужжатлардир. Давлатимиз раҳбарининг 2006 йил 7 августдаги «Фан ва технологиялар ривожланишининг мувофиқлаштириш ва бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон илм-фанини бошқариш ва молиялаштиришни давлат томонидан тартибга солиш, унинг саъй-ҳаракатларини устувор соҳаларга йўналтиришга қаратилган ислоҳотлар давом эттирилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 15 июлдаги «Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори бу борада муҳим аҳамиятга эга бўлди. Ушбу қарор мамлакатимизда илмий лойиҳаларни мақсадли молиялаштириш ва илмий лабораторияларни замонавий жиҳозлар билан таъминлаш тизимини яратиш, корхоналарда модернизациялаш ва янги технологиялар фондини ташкил этиш, шунингдек, республика инновацион ярмаркаларини ўтказишга хизмат қилмоқда. Мамлакатимизда ёш мутахассисларни тайёрлаш учун қулай шароитлар яратиш мақсадида илмий муассасалар моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилди.
Илмий муассасаларда катта авлод вакиллари билан бир қаторда, ҳар томонлама пухта билимга эга, бир неча чет тилларни биладиган ёш олимлар ва тадқиқотчилар ҳам кенг кўламли тадқиқотлар олиб бормоқда. Улар замонавий илмий ва лаборатория жиҳозлари, материал ресурслари билан таъминланган. Ёш олимлар томонидан олинган муҳим фундаментал натижалар амалий илмий-техник ва инновацион ишланмаларни кенг ривожлантиришга асос бўлиб хизмат қилаётир ва асосан, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари ҳамда иқтисодиётимизнинг асосий тармоқлари эҳтиёжига йўналтирилмоқда.
Президентимиз Ислом Каримов «Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари» китобида таъкидлаганидек, республика фани қудратли интеллектуал салоҳиятни яратган, у ҳаётимизнинг кўпгина соҳаларида амалда қўлланмоқда, Ватанимизнинг миллий давлатчилиги ва иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлаш учун асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Дарҳақиқат, ўтган йиллар мобайнида олимлари ва илмий жамоалар томонидан жаҳонда ўзига хос аҳамиятга эга илмий натижалар қўлга киритилди. Физика соҳасида янги ярим ўтказгичлар ва наноматериаллар, юқори ҳароратга чидамли сопол материаллар ва буюмлар яратилди. Супрамолекуляр кимё соҳасида полиморф комплекслар тузилиши ва вужудга келиши ўртасида алоқа ўрнатадиган янгилик кашф қилинди. «Шпрингер» (Лондон) нашриёти томонидан инглиз тилида 10 жилдли «Табиий бирикмалар» маълумотномаси тайёрланди ва нашр этилди. Ушбу маълумотнома ўз моҳиятига кўра, ўсимлик моддалар кимёси соҳаси олимлари ва амалиётчилари учун энциклопедия ҳисобланади. Мамлакатимиз олимлари томонидан тиббиёт соҳаси учун оригинал технологиялар асосида самарали дори воситалари ва юқумли касалликларни аниқлашнинг ташхис қўйиш-тест тизимлари ишлаб чиқилди.
Қишлоқ хўжалиги илм-фанда асосий устувор соҳалардан биридир. Бугун ер, сув ресурслари ва биологик хилмахилликдан оқилона фойдаланиш ҳамда унинг ўрнини тўлдириш тизимини такомиллаштириш, самарали агротехнологиялар, генетик ресурслар ва илғор илмий ютуқлардан унумли фойдаланиш асосида қишлоқ хўжалиги экинлари ва чорва молларининг сермаҳсул нав ҳамда зотларини яратишга қаратилган илмий ишланмаларга талаб юқори.
Хусусан, мустақиллик йилларида мамлакатимиз олимлари ғўзани культивация қилишда туб бурилиш ясаб, дунёдаги пахта етиштирадиган етакчи мамлакатлар селекционерларини кўп йиллардан бери ташвишга солиб келаётган вазифани ҳал этди. Фанлар академияси ҳузуридаги Геномика ва биоинформатика маркази, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, «Ўзпахтасаноат» уюшмаси лабораторияларида дунёда биринчи марта ген-нокаут технологияси ишлаб чиқилди. Ушбу технология ишлов бериш ва вегетация даври ҳамда тола сифати бўйича хусусиятлари яхшиланган «Порлоқ» туркумидаги ген-модификациялаштирилган ғўза навини яратиш имконини берди.
Ушбу нав юқори ҳосилдорлиги, эртапишарлиги, қурғоқчиликка чидамлилиги, толасининг сифати юқорилиги билан ажралиб туради. Хориж экспертларининг фикрига кўра, бу нав Мисрда етиштириладиган ингичка толали навдан кейинги ўринда туради, холос. Бугунги кунда «Порлоқ» мамлакатимизда ген-инженерияси технологияси қўлланган ҳолда яратилган ягона қишлоқ хўжалиги ўсимлиги навидир. Олимларимиз юртимиз далаларида етиштириладиган ва асосан, тўртинчи-бешинчи тоифага мансуб тола берадиган анъанавий пахта навларидан 1-2 тоифадаги толани олиш имконини берадиган навни яратди. Ушбу пахта навидан синтетик тола қўшмасдан юқори сифатли тўқимачилик маҳсулоти, яъни кўйлакбоп мато ишлаб чиқариш мумкин.
Бугун пахта етиштирадиган мамлакатларда 60 фоиздан ортиқ ген-модификациялаштирилган ғўза навлари етиштирилмоқда ва уларнинг биологик ҳужайраларига бегона инсектоксин ген киритилмоқда. Мамлакатимиз олимлари ўсимликлар модификацияси учун маъқул бўлган, яъни бевосита ғўзанинг ўзига зарур генни «қўшиш» ёки «ўчириш» механизмини ишлаб чиқди. Бунда ҳужайралар тузилмасига бегона генлар қўшилмайди. Ушбу технология жонли тизимнинг ҳар қандай гени учун универсал бўлиб, уни бошқа қишлоқ хўжалиги ўсимликлари генини модификациялаштириш учун қўллаш мумкин. Технология Ўзбекистон (улуши 70 фоиз) ва АҚШнинг халқаро қўшма патенти билан ҳимояланган, шунингдек, дунёнинг 140 дан ортиқ мамлакатларида патентлаштирилган. Сўнгги йилларда янги «Порлоқ» нави учун уруғ материаллари олинди ва ишлов бериш учун етарлича юқори сифатли пахта ҳосили тўпланди. Пахта толасини мамлакатимиз тўқимачилик саноатига тезроқ жорий этиш ва ушбу толадан ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулотларни хорижий мамлакатларга экспорт қилиш муҳим вазифа ҳисобланади. Ушбу лойиҳа мамлакатимиз енгил саноатининг брендига айланишига ишончимиз комил.
Бугунги кунда марказ ходимлари буғдойнинг янги навини яратиш устида иш олиб бормоқда. Ушбу нав макарон ва нон саноати учун таркибида клейковина миқдори юқори бўлган ун олиш имконини беради. Шунингдек, ҳосилдорликни пасайтирадиган занг касалига чидамли янги буғдой нави ҳам яратилмоқда.
Фанлар академиясининг Биоорганик кимё институти олимлари турли касалликларга чидамли ва маҳаллий иқлим шароитига мослаштирилган, юқори ҳосил берадиган эртапишар картошка навини яратиш устида иш олиб бормоқда. Картошканинг инфекциялар юқмайдиган сара уруғлик нави олингани олимларимиз томонидан қўлга киритилган сўнгги ютуқлардан биридир. Бунинг натижасида бирламчи уруғчилик муаммоси ҳал қилинди. Келажакда мамлакатимиз уруғлик картошкани четдан олиб келишдан воз кечиш баробарида, уни экспорт қилиши ҳам мумкин. Картошкачилик хўжаликлари эса юртимизда етиштирилган сифатли уруғлик материали билан ишончли таъминланади. Институтда яратилган ва картошканинг 150 хил навини ўз ичига олган биотехнологик коллекция бугунги кунда Фанлар академиясининг ноёб объекти ҳисобланади. Ушбу навларнинг баъзилари таркибида темир ва рух моддасининг юқори миқдорда мавжудлиги билан ажралиб туради.
Ўсимлик моддалари кимёси ва Биоорганик кимё институтлари жамоалари Аллапинин, Рагосин, Гозалидон, Экдистен, Рутан, Медамин, Госситан каби элликдан ортиқ дори воситаларини яратди. Уларнинг катта қисми фармацевтика саноатида ўзлаштирилди ва дорихоналарда сотилмоқда. Қатор препаратлар эса чет элга экспорт қилинаётир.
Ўсимликларнинг биологик фаол моддалари банки яратилиб, унда аксариятидан келажакда дори-дармонлар тайёрлаш мумкин бўлган беш мингдан зиёд шундай моддалар сақланмоқда. Биологик фаол бирикмаларнинг ушбу банки дунёдаги кўплаб ана шундай банклардан бири бўлиб, мамлакатимизда янги фармацевтика воситаларини яратиш учун истиқболли инвестиция лойиҳасига асос бўлиб хизмат қилади. Айни пайтда халқаро меъёрлар ва ишлаб чиқариш шартларига мувофиқ, ушбу дори воситаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, уларни халқаро патентлар билан ҳимоялаш зарур. Бу экспорт ҳажмини сезиларли равишда ошириш ва қўшимча валюта маблағларини жалб этиш имконини беради.
Фанлар академиясининг Умумий ва ноорганик кимё институти олимлари томонидан маҳаллий хом ашё асосида юқори самара берадиган ўғитлар, ўстирадиган воситалар, дефолиантлар ва бошқа кимёвий препаратлар олишнинг янги технологияси ишлаб чиқилди. Улар айни пайтда саноатда ўзлаштирилди ва қишлоқ хўжалиги эҳтиёжини тўла таъминламоқда, шунингдек, экспортга ҳам чиқарилаётир.
Физиклар, энергетиклар ва материалшунос олимлар ҳам инновацион тараққиётга салмоқли ҳисса қўшмоқда. Жумладан, улар томонидан яратилган самарали ядровий технологиялар асосида радиопрепаратлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди ва экспорт қилинмоқда. Таъкидлаш керакки, ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажми йил сайин ортиб бормоқда. Мамлакатимизнинг йирик корхоналари ва иқтисодиётимизнинг асосий тармоқларида энергия тежаш ва унинг самарадорлигини ошириш технологияларини ишлаб чиқиш соҳасида ҳам муҳим илмий-амалий натижаларга эришилмоқда. Кремний асосида фотоўзгартгичлар яратилиши ва қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш, гелио-материалшунослик ва приборсозлик соҳаларида ҳам салмоқли ютуқларга эришилди.
Илм-фаннинг юксак  интеллектуал салоҳияти ва юқори технологияли ишланмалар инновацион иқтисодиётни ривожлантириш асоси ҳисобланади. Ўзбекистонда илм-фанни бошқариш тизимининг ислоҳ этилиши фундаментал ва амалий тадқиқотларни ўтказиш, янги ишланмаларни жорий этиш ва улардан амалиётда фойдаланишга қаратилган инновацион ишларни ривожлантиришнинг амалий механизмини яратиш имконини берди. Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан анъанавий ўтказиб келинаётган Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркалари амалий тадқиқотларни жорий этиш ва уларнинг натижаларини тижоратлаштириш, илм-фан ва ишлаб чиқариш, инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқувчилар ва истеъмолчилар ўртасидаги яқин алоқани таъминлашнинг муҳим механизмларидан бирига айланди.
Ушбу инновацион форум инновацион ривожланиш жараёнларини жадаллаштиришдек муҳим вазифани ҳал этишда саноатчилар, олимлар, тадбиркорлар, молиячилар саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга ёрдам бераётир. 2008 — 2015 йилларда ўтказилган ярмаркалар натижалари бунинг ёрқин тасдиғидир. Ушбу ярмаркаларда тўрт мингдан зиёд инновацион ғоя ва ишланмалар, технологиялар намойиш этилиб, умумий қиймати 110 миллиард сўмдан зиёд бўлган уч мингдан ортиқ шартнома имзоланди. Натижада мамлакатимизда қиймати бир триллион сўмдан ортиқ бўлган янги маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Жорий йилги VIII Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасида саноат, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, ахборот технологиялари ва илм-фан каби беш йўналиш бўйича 600 дан ортиқ инновацион лойиҳалар намойиш этилди. Ярмарка якунида умумий қиймати 25 миллиард сўмдан ортиқ бўлган 780 га яқин шартнома имзоланди. Айни пайтда кичик корхоналар ва фермер хўжаликларининг инновацияларга қизиқиши ортганини таъкидлаш жоиз. Форумда улар томонидан 15,7 миллиард сўмлик (ёки умумий ҳажмнинг 61 фоизи) 610 шартнома (умумий миқдорнинг 78,6 фоизи) имзоланди.
Ўтказилган VIII Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасининг яна бир муҳим ютуғи шундаки, унда ёш олим ва талабаларнинг 70 та лойиҳаси намойиш этилди. Бу умумий илмий экспонатларнинг 9 фоизини ташкил қилди. Улар ярмаркада ген муҳандислиги, ҳужайра технологиялари, фармацевтика, биотехнология, нанотехнология ва робот техникаси, қуёш энергиясидан фойдаланиш ва ахборот-коммуникация технологиялари бўйича инновацион ишланмаларни намойиш этди. Бу ярмарка доирасида «Ёшларнинг инновацион ғоялари» республика танловини ўтказиш ва ғолибларни аниқлаш имконини берди. Танлов ғолибларига Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳамда Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг фахрий ёрлиқлари ва қимматбаҳо совғалари топширилди.
Ўтган инновацион ярмаркалар илм-фан, таълим ва ишлаб чиқаришни интеграциялаштириш, Фанлар академияси ва олий ўқув юртлари илмий бўлинмалари инновацион ишланмаларини «Ўзбекнефтгаз» Миллий холдинг компанияси, «Ўзкимёсаноат» давлат-акциядорлик компанияси, «Ўзбекэнерго» давлат-акциядорлик компанияси, «Ўзфармсаноат» давлат-акциядорлик концерни, Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатлари, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг вилоят бошқармалари ва бошқа йирик саноат корхоналарида жорий этишни фаоллаштирди. Саноат, қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиётнинг бошқа секторларига инновацион ишланмаларни жорий этиш борасида ижобий натижаларга эришилаётганига қарамасдан, кашф этиш ва ихтирони ўзлаштириш, уни тижорийлаштириш ва якуний маҳсулот ишлаб чиқаришни ўз ичига олган инновацион жараённинг барча босқичларини бирлаштирадиган узлуксиз тизимни янада изчил ривожлантириш зарур.
Айни пайтда мамлакатимиздаги илмий тадқиқот институтлари ва университетларда қўллашга тайёр бўлган илмий технологиялар мавжуд. Қатор инновацион ишланмаларни тажриба-саноат синовидан ўтказиш, уларни меъёрий ҳужжатлар билан расмийлаштириш, бизнес режа тузиш ва бошқа чораларни амалга ошириш ишлари якунланмоқда. Ушбу ишланмалар Давлат бюджетидан ёки кўпроқ иқтисодиётнинг асосий манфаатдор тармоқлари ва етакчи корхоналари томонидан молиялаштирилиши муҳимдир. Уларни тижоратлаштириш учун эса инновация ғояларини илгари сурадиган ихчам воситачи ташкилотлар, жумладан, мослашувчан, олимларимиз томонидан яратилган инновацияларни таклиф этиш ҳисобидан тармоқларни инновацион ривожлантириш бўйича кўплаб вазифаларни ҳал этадиган ишлаб чиқариш тузилмалари эҳтиёжларини таъминлашга қаратилган кичик воситачилик фирмалари ташкил этиш зарур. Улар олимларимиз томонидан яратилган инновацияларни ривожлантириш ҳисобига тармоқларни инновацион ривожлантиришга доир кўплаб вазифаларни ҳал қилади. Кичик ва ўрта бизнеснинг юқори технологияли корхоналарининг инновацион жараёнда иштирок этиши мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаш учун қўшимча иш ўринлари ташкил этиш имконини беради.
Инновацион иқтисодиёт аслида билимлар иқтисодиётидир. Таълим ва университетларда фан, техника ва технологиялар соҳасида мутахассислар тайёрлаш мамлакатимизни инновацион ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Инновацияларни янада кенгайтириш ва инновацион иқтисодиётни ривожлантиришда замонавий технологиялар, шунингдек, иқтисодиёт, патентлаш, менежмент, маркетинг ва тижоратлаштириш соҳасида билимли ва юқори малакали мутахассислар талаб этилади. Шу боис мамлакатимизнинг техника йўналишидаги аксарият олий таълим муассасалари ўқув дастурларида ишлаб чиқариш, тармоқлар ва умуман, мамлакатимиз кесимида табақалаштирилган инновация жараёнларини ташкил этиш ва унинг ўзига хос жиҳатларини ўрганиш масаласига кўп вақт ажратилиши зарур. Бундан ташқари, корхоналар раҳбарлари ва етакчи мутахассисларини қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш бўйича инновацион жараённи ташкил этиш ва унинг афзалликлари хусусида зарур билимга эга бўлиш имконини берадиган курс ва дастурларни ташкил этиш лозим.
Катта иқтисодий самара берадиган энг яхши миллий ишланмаларни тижоратлаштиришни жадаллаштириш учун янги инновацион тузилмалар (илмий-ўқув ва идоралараро марказлар, юқори технологиялар марказлари, технопарклар, старт-ап фирмалар ва бошқалар), шунингдек, уларни амалга оширадиган корхоналарни ташкил этиш керак. Инновацион жараённинг жадаллашуви савдо бозори учун курашишда қўшимча афзалликлар беради. Зеро, бугун инновацияларни бошқалардан кўра тезроқ жорий қилганларгина муваффақиятга эришади.
Мухтасар айтганда, мавжуд меъёрий-ҳуқуқий, ташкилий-иқтисодий, молиявий, солиқ, инфратузилма, моддий-техник ва ахборот шарт-шароитларини янада ривожлантириш, давлат аҳамиятига молик инновацион вазифаларни амалга ошириш ва инновацион иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш мақсадида кадрлар тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини оширишга оид сиёсатни амалга ошириш зарур. 

Шавкат СОЛИҲОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Фанлар академияси президенти.
ЎзА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn