Ўзбекистоннинг интеллектуал салоҳияти илм-фан равнақига қаратилаётган эътибор натижасида тобора ошмоқда
  • 30 Июнь 2015

Ўзбекистоннинг интеллектуал салоҳияти илм-фан равнақига қаратилаётган эътибор натижасида тобора ошмоқда

Ҳар бир давлатнинг иқтисодий тараққиёти, ижтимоий соҳалар ривожи бевосита унинг илмий ва интеллектуал салоҳияти билан чамбарчас боғлиқ. Айниқса, рақобат кун сайин кучайиб бораётган ҳозирги шароитда амалиётга илмий ҳажмдор, юқори самарали ишланмалар, илғор инновацион технологияларни татбиқ эмасдан туриб, харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг имкони йўқ.

Бироқ, сир эмаски, янгилик сифатида эътироф этиладиган ихтиролар ўз-ўзидан пайдо бўлавермайди. Бу кўп йиллик илмий изланиш ва фидокорона меҳнатни талаб қиладиган машаққатли жараёнки, халқимиз таъбири билан айтганда, игна билан қудуқ қазишдек гап.
Айни шу жиҳат инобатга олинган ҳолда, мамлакатимизда мустақиллик йилларида илм-фанни ривожлантириш, олимлар ва тадқиқотчилар фаолиятини қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада Ўзбекистонимизнинг интеллектуал салоҳияти тобора юксалиб бораяпти. Ҳар йили юзлаб инновацион ишланмалар яратилаётгани, барчани лол қолдирадиган илмий ихтироларга қўл урилаётгани ана шундан далолат беради. Шубҳасиз, бунда Президентимизнинг 2008 йил 15 июлдаги “Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  қарори муҳим дастуриламал вазифасини ўтаяпти.
Дарҳақиқат, мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида кўрилаётган чора-тадбирлар олимларнинг ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлигини мустаҳкамламоқда. Пировардида олий ўқув юртлари ва илмий тадқиқот институтларида олиб борилаётган изланишлар бевосита саноат корхоналарида дуч келинаётган муаммолар ечимини топиш, моддий ва табиий ресурсларни иқтисод қилишга йўналтирилаяпти. Мисол учун, Ўзбекистон кимё-фармацевтика илмий тадқиқот институти лабораторияси мудири, техника фанлари доктори, профессор Мираҳмад Юнусов қарийб ярим аср мобайнида нефть-газ саноати тараққиётига хизмат қиладиган кўплаб ишланмаларни яратишга муваффақ бўлди. Бу ютуқлар билан қизиққанимизда, олим асосий омил сифатида юртимизда илм аҳли учун қулай шарт-шароитлар яратиб берилганини алоҳида эътироф этди.
— Сир эмас, ноёб ихтиролар, илғор инновацион ишланмалар илмий тадқиқот учун қулай шарт-шароит мавжуд бўлган, олимлар фаолияти қўллаб-қувватланаётган жойдагина яратилади, — дейди М. Юнусов. — Зеро, илм йўли машаққатли йўлдир. У кишидан алоҳида қунт, катта матонат, сабр-бардошни талаб этади. Шу маънода айтганда, Ўзбекистонимизда олимларга бўлган эътибор, кўрсатилаётган ғамхўрликнинг чеки йўқ. Бу эса бизга куч-қувват бағишлаб, янги-янги марраларни эгаллашга руҳлантираяпти. Шундай кезларда беихтиёр ёшлик дамларим, ўша пайтлардаги аҳвол ёдимга тушади ва хаёлан ҳозирги шароит билан қиёслайман: ер билан осмонча фарқ бор. Бу ҳақда ёш шогирдларимга сўзлаб берсам, эртакдек тинглашади. Шу боис уларга бундай қулайликлардан унумли фойдаланишни уқтиришдан чарчамайман.
Олимнинг дастлабки ишлари саноатда учраётган муаммоларни бартараф этиш, чиқиндисиз технологияларни жорий этишга бағишланган эди. Яъни нефть ва газни қайта ишлаш саноатида хом ашё ва энергия тежамкорлигини оширувчи технологияларни ишлаб чиқиш, кимё ва кимё-фармацевтика саноати чиқиндиларини қайта ишлаш муаммолари устида изланди. Натижада биринчи бўлиб токсик органик моддалар билан ифлосланган оқова сувларни каталитик зарарсизлантиришнинг энг самарали услубини назарий жиҳатдан асослаб беришга, асосийси, уни амалий жиҳатдан ҳаётга татбиқ этишга муяссар бўлди. Бу борадаги тадқиқотларнинг изчил давом эттирилиши эса, ўз навбатида, иссиқлик каталитик генератори асосида атмосферага азот оксидларини ташлашни бартараф этувчи, саноат оқова сувларини чуқур оксидловчи технологияни яратиш имконини берди.
— Илмий изланишга чоғланган ёшларни уммонга шўнғиган ғаввосларга қиёслайман, — дейди суҳбатдошимиз. — Уларнинг гавҳардек бебаҳо топилмаларни топишида устоз бамисоли машъала вазифасини ўтайди. Шу жиҳатдан қараганда, менинг ютуқларимда устозларимнинг хизмати беқиёс. Айниқса, кимё фани ривожига муносиб ҳисса қўшган академик Абдулло Султонов, кимё фанлари доктори, профессор Обид Сафоевнинг бой илмий салоҳияти, талабчанлиги туфайли кўплаб истеъдодлар кашф этилди. Шунинг учун улкан орзу-умидлар билан олдимга келаётган ёшларга устозларимдан олган бор билимимни беришга ҳаракат қилаяпман. Зотан, устоз — бу авлодлар ўртасидаги ришталарни боғловчи кўприкдир.  
Техника фанлари номзоди Ўктам Умаров — олимнинг иқтидорли шогирдларидан бири. Унинг “Лигниндан ажратилган актив кўмирни ичимлик суви олиш ва ишлатилган этаноламин эритмаларини тозалаш технологияларида қўллаш” мавзуидаги илмий иши дунё бўйича долзарб бўлиб турган тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжни таъминлашга қаратилган.
Маълумки, ичимлик суви олишда активланган кўмирдан фойдаланилади. Бироқ бу қимматбаҳо хом ашё юртимизга хориждан келтирилади. Ёш олим эса пахта лигнинидан ажратилган актив кўмирнинг тозалаш жараёнидаги хусусиятларини илмий асослашга муваффақ бўлди. Шунингдек, актив кўмирнинг табиий газни олтингугурт бирикмаларидан тозалаш жараёнида ишлатилиши ўрганилиб, амалиётга самарали татбиқ этилди.
Юртимиз саноатчилари билан суҳбатлашсангиз, нефть-газ саноатининг равнақида ҳам Мираҳмад Юнусовнинг муносиб ҳиссаси борлигини мамнуният билан тилга олади. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки у нефтни қайта ишлаш, ёнилғи-мойлаш материаллари ишлаб чиқаришда қўлланиладиган самарали катализаторларни ишлаб чиқиш, уларни амалиётга татбиқ этиш билан гидротозалаш, гидрирлаш, гидрокрекинг жараёнларини интенсификациялаш, маҳсулот сифатини, ишлаб чиқариш қувватини ошириш, пировардида замон талабларига жавоб берадиган маҳсулотлар тайёрлаш, уларнинг таннархини арзонлаштиришга муваффақ бўлди. Айни пайтда унинг катализаторлари саноат қурилмаларида қўлланиб келинмокда.
Бундан ташқари, олим биринчи бўлиб нефть ва газни қайта ишлаш жараёнида каталитик тизимлардан фойдаланиш таклифини илгари сурдики, у ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга хизмат қилаяпти.
Унинг шу каби хизматлари давлатимиз томонидан юксак баҳоланиб, 2008 йилда “Ўзбекистон Республикаси фан арбоби” фахрий унвони билан тақдирланди. 2011 йилда эса “Газ ва нефтни қайта ишлаш жараёнлари учун маҳаллий катализаторлар технологияси яратиш ва ишлаб чиқаришни ташкил этиш” иши учун бир қатор кимё саноати олимлари билан бирга Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофотига лойиқ кўрилди.
— Президентимиз ташаббуси билан анъанавий равишда ўтказиб келинаётган Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси биз, олимларга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг яна бир амалий ифодасидир, — дейди Мираҳмад Юнусов. — Чунки ушбу тадбирда нафақат янги технологияларни намойиш этиш, балки амалиётга кенгроқ татбиқ қилиш, бунинг учун ҳамкорлар топиш имкониятини яратиб бераяпти. Пировардида илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси ривожланиб, саноат корхоналари билан мустаҳкам ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда. Ҳар йили мазкур ярмаркалар доирасида тузиладиган бир қатор шартномалар бунинг яққол тасдиғидир.
Мухтасар айтганда, мамлакатимизда илмий тадқиқот ишлари олиб бориш учун барча шарт-шароит муҳайё қилингани, илм аҳли фаолияти қўллаб-қувватланаётгани туфайли Мираҳмад Юнусов сингари етук олимлар сафи тобора кенгаймоқда. Бу, ўз навбатида,  Ўзбекистонимизнинг илмий-техникавий салоҳияти юксалиб, интеллектуал бойлиги кўпайиши, ижтимоий-иқтисодий соҳалар тараққиётида муҳим аҳамият касб этаяпти.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn