Олий таълим тизими ривожининг муҳим асослари
Версия для печати
  • 27 Июнь 2015

Олий таълим тизими ривожининг муҳим асослари

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 12 июндаги “Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони кенг жамоатчилик томонидан қизғин кутиб олинди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталарида мазкур ҳуқуқий ҳужжатнинг аҳамиятига бағишланган қатор тадбирлар ўтказилмоқда.

Чунончи, Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган давра суҳбатида олий таълим муассасаларининг раҳбар ҳамда педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва  малакасини оширишнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Унда қуйи палата депутатлари, Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий муҳофаза масалалари ахборот-таҳлил департаменти, Олий Аттестация комиссияси мутасаддилари, шунингдек, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги вакиллари, журналистлар қатнашди.
Тадбирда асосий эътибор мазкур Фармондан келиб чиқадиган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, бу борада мутасадди вазирлик ва идоралар, олий ўқув юртлари ҳамда жамоат ташкилотлари ўртасидаги изчил ҳамкорликни йўлга қўйиш, унинг мазмун-моҳиятини жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилишга қаратилди.
Таъкидланганидек, юртимизда таълим тизимини тубдан ислоҳ этиш, илғор педагогик технологиялар ҳамда ўқитиш шаклларини жорий қилиш, ёшларнинг жаҳон андозаларига мос шароитларда билим олишини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида олий таълим муассасалари салоҳиятли илмий ва педагогик таркибга, замонавий ўқув-дастурий асосга, моддий-техник база ва ўқув-илмий лабораторияларга эга бўлди. “Таълим тўғрисида”ги Қонун ҳамда Кадрлар тайёрлаш миллий дастури малакали кадрлар тайёрлашнинг янги, бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб берадиган самарали миллий моделини яратишда дастуриламал вазифасини ўтамоқда. Айниқса, профессор-ўқитувчиларнинг малакасини оширишга катта эътибор қаратилаётгани ўтган йилларда мамлакатимизда олий ўқув юртлари педагогик жамоаси салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилувчи малака ошириш механизмини тубдан ислоҳ этишга замин яратди.
— Мазкур Фармон ҳам олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчиларининг касб даражаси ва малакасини муттасил ошириб бориш, уларни замонавий талабларга мувофиқ мунтазам қайта тайёрлашнинг янада такомиллаштирилган тизимини жорий қилишга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир, — дейди Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси Абдуғаппор Қирғизбоев. — Унда олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштиришнинг муҳим устувор йўналишлари белгилаб берилди. Жумладан, олий ўқув юртлари ўқитувчиларининг глобал интернет тармоғи, мультимедиа тизимлари ва масофадан ўқитиш усулларидан фойдаланган ҳолда, замонавий инновацион педагогика, ахборот-коммуникация технологияларини эгаллаши ва уларни ўқув жараёнига фаол татбиқ этишига оид чора-тадбирлар ўз ифодасини топди. Бу, ўз навбатида, профессор-ўқитувчиларнинг ўз устида янада кўпроқ ишлашларига, ўқув жараёнига илғор услубларни кенг жорий этишга, касб маҳорати, илмий фаолиятини муттасил ошириб боришига зарур шарт-шароит яратади.
Тадбир иштирокчилари томонидан Фармонда белгилаб берилган вазифалар чуқур таҳлил қилинди. Қайд этилганидек, мазкур ҳужжат билан мамлакатимиз олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрлари Таянч олий ўқув юртлари курсларида қайта тайёрланиши ва малакасини ошириши шартлиги, курслар якунида тингловчилар аттестациядан ўтиши лозимлиги белгилангани, ўз навбатида, ўқитувчиларга қабул қилинган янги қонунлар, таълим тизимидаги замонавий услублар, ривожланган мамлакатлар тажрибасини ўрганиш ва қўллашга янада кенг имконият беради. Олий ўқув юртлари педагог кадрларининг чет тилини амалий ўзлаштириш даражасини ошириши каби яна бир қатор замонавий талаблар қўйилаётгани соҳа мутахассисларининг бугунги давр билан ҳамнафас бўлишларини тақозо этади. 
Якунда кўриб чиқилган масала юзасидан қўмитанинг таклиф ва  тавсиялари ишлаб чиқилди.
Давра суҳбатида сўзга чиққан депутатлар, вазирлик ва идоралар вакиллари томонидан Президентимизнинг мазкур Фармони ижросини таъминлашда барча мутасаддиларнинг фаол иштирок этиши зарурлиги алоҳида таъкидланди.


Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn