Коллеждан — корхонага
  • 27 Июнь 2015

Коллеждан — корхонага

Ёшлар — эртанги кунимизнинг ишончи ва таянчи. Бугун навқирон авлод вакилларига кўрсатилаётган эътибор ҳамда ғамхўрлик уларнинг истиқболи ёруғ бўлишини таъминламоқда. Хусусан, шу кунларда Жиззах вилоятида ҳам мавжуд 75 та касб-ҳунар коллежи битирувчиларини ишга жойлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда аниқ чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилаётир.

Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 10 мартдаги “Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларимизни янада кучайтиришда дастуриламал бўлиб хизмат қилаяпти. Хусусан, корхона ва ташкилотлар билан уч томонлама шартномалар тузилиб, унинг ижроси қатъий назоратга олинмоқда. Бу борада йил давомида ўтказилиши режалаштирилган 35 та махсус бўш иш ўринлари ярмаркаси муҳим ўрин тутади. Қолаверса, корхона ва ташкилотларда кам таъминланган, кўп болали оилалар фарзандлари ҳамда ногирон битирувчиларни ишга жойлаштириш мақсадида 1733 та квота иш ўринлари захираси яратиб қўйилди.
Иш ўринларининг асосий қисми Бахмал, ўаллаорол, Жиззах, Зомин туманлари ва Жиззах шаҳрида яратилаётгани ёш мутахассисларга қулайлик туғдирмоқда. Бундан ташқари, битирувчиларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш учун ҳар бир таълим муассасасига корхона-ташкилотлар раҳбарлари, вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатлари масъул этиб бириктирилганлиги ҳам бу борадаги ишлар самарадорлигини ошираётир.
Касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларида тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ва уларни кейинчалик ўз бизнесини йўлга қўйишга йўналтириш, таълим муассасалари битирувчилари орасида тадбиркорлик фаолиятини тарғиб қилиб, уларни микромолиявий хизматлардан баҳраманд бўлишларини таъминлаш мақсадида тижорат банклари томонидан 56 марта семинар-тренинг ўтказилди. Учрашувлар натижасида 1389 нафар битирувчи мазкур соҳада фаолият юритиш истагини билдирди. Ёшларни бизнесга жалб этиш мақсадида тижорат банклари томонидан жами 9 млрд. сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилиши белгиланган.
Битирувчиларнинг касбига бўлган қизиқишини янада орттириш, корхона ва ташкилотлардаги шароитлар билан яқиндан таништириш, коллеж ҳамда корхона ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида барча таълим муассасалари битирувчиларига йирик корхона ва ташкилотларга саёҳатлар уюштирилди.
Бу каби амалий тадбирлар натижасида шу пайтга қадар мавжуд коллежларнинг 17173 нафар (97,1%) битирувчиси 9672 та корхона ва ташкилот, хўжалик юритувчи субъектга уч томонлама шартнома асосида бириктирилди. Аксарият корхона ва ташкилотларда ёшларнинг билим ва кўникмаларини амалиётда фаол қўллашлари учун етарли шароитлар яратиб берилгани эътиборга молик. Масалан, “Жиззах пластекс” корхонасида алоҳида ўқув хонаси ташкил этилган.
Вилоятда бўлажак мутахассислар учун нимаики лозим бўлса, барчаси яратиб берилмоқда. Бундай эътибордан руҳланган ёшлар меҳнат фаолиятларини бошлаб, мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаш, элимиз фаровонлигини оширишга ўзларининг муносиб улушларини қўшишга интилмоқдалар.


Шуҳрат ТУРДИЕВ,
Жиззах вилояти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими
бошқармаси бошлиғи.
Шомурот ШАРАПОВ олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn