Мамлакатимиз таълим тизими халқаро талаблар даражасида ривожланмоқда
  • 16 Июнь 2015

Мамлакатимиз таълим тизими халқаро талаблар даражасида ривожланмоқда

Бугун юртимиз таълим тизимида эришилаётган улкан муваффақиятлар, ушбу соҳада фаолият кўрсатаётган мутахассислар, профессор-ўқитувчиларнинг рағбатлантириб борилиши, олий ўқув юртларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, энг аввало, мамлакатимизда ҳеч кимдан кам бўлмаган баркамол авлодни вояга етказиш, уларга пухта билим беришга қаратилгани билан, айниқса, аҳамиятлидир.

Президентимизнинг куни кеча эълон қилинган “Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эса мазкур соҳани янада ривожлантиришга хизмат қилиши, шубҳасиз.
Умуман, истиқлолнинг илк кунлариданоқ Юртбошимиз раҳнамолигида таълим тизимида беқиёс ўзгаришлар амалга оширилди. Бу, энг аввало, ҳаётга татбиқ этилган “Таълим тўғрисида”ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ҳамда Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастурида кўзда тутилган вазифаларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани билан боғлиқ. Фарзандларимизга жаҳон талаблари даражасида замонавий таълим-тарбия бериш, илғор ўқитиш услубларини жорий этиш, янги илм даргоҳлари фаолиятини йўлга қўйиш, қисқача айтганда, ўсиб келаётган ёш авлодни баркамол этиб вояга етказиш бугунги ислоҳотлардан кўзда тутилган пировард мақсаддир.
Мустақил юртимизнинг қисқа вақт ичида эришган ютуқ ва марралари, жумладан, жадал ривожланаётган иқтисодиёти, барқарор ўсиш суръатлари, аҳоли турмуш фаровонлигининг йилдан-йилга ошиб бораётгани бугун халқаро жамоатчилик томонидан юксак эътироф этилмоқда.
Мазкур Фармон ҳам юртимизда олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчиларининг касб даражаси ва малакасини муттасил ошириб бориш, уларни бугунги кун талабларига мувофиқ мунтазам қайта тайёрлашнинг такомиллаштирилган тизимини жорий этиш асосида юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Давр ҳар жиҳатдан илдамламоқда. Янги-янги кашфиётлар яратилаётир, ноёб ишланмалар, инновациялар татбиқ этилаяптики, бу ҳар бир мутахассисдан кучли билимга эга бўлишни, ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдалана билишни тақозо қилмоқда. Шу маънода, олий таълим тизимида фаолият юритаётган ҳар бир ходим, айниқса, таълим муассасалари раҳбарлари, педагог кадрларнинг илғор билим ва кўникмага эга бўлиши ўта муҳим масаладир.
Фармонда олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчиларининг педагогик ва касб даражасини мунтазам ошириш асосида уларнинг қонунчилик нормалари, назария, илмий ва амалий тадқиқотлар, технологик тараққиёт ва ўқитилаётган фанлар бўйича инновациялар, шунингдек, ўқув жараёнини ташкил этишнинг замонавий услублари соҳасидаги сўнгги ютуқларни чуқур ўрганиши алоҳида келтирилган. Бундан ташқари, ўқитувчиларнинг глобал интернет тармоғи, мультимедиа тизимлари ва масофадан ўқитиш усулларидан фойдаланган ҳолда, замонавий инновацион педагогика, ахборот-коммуникация технологияларини эгаллаши ва уларни ўқув жараёнига фаол татбиқ этиши белгиланган. Бундай мезонларнинг барчаси мамлакатимизда билимли, дунёқараши кенг ёшларни тарбиялаш, талабаларни энг истиқболли йўналишлардаги тадқиқотларга жалб қилиш учун улкан имкониятлар эшигини очади.
Ушбу ҳужжатда белгиланганидек, олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлашни ташкил этиш Таянч олий ўқув юртлари зиммасига юклатилади. Яна бир жиҳати шундаки, ушбу курсларда машғулотлар сифат жиҳатидан юқори ташкилий ва профессионал даражада ўтказилади.
Мухтасар айтганда, мазкур Фармон ижроси олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчиларининг касб даражаси ва малакасини муттасил ошириб бориш, уларни замонавий талабларга мувофиқ мунтазам қайта тайёрлашнинг такомиллаштирилган тизимини жорий этиш асосида юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан оширишда муҳим босқич бўлади.

Абдухалил МАВРУЛОВ,
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти проректори,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn