Билимдонлар танлови
  • 10 Июнь 2015

Билимдонлар танлови

Президентимизнинг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори юртимизда хорижий тилларни ўқитишни замон талаблари даражасига олиб чиқишга пухта замин яратди.

Бу жараён ўқувчилар орасида чет тилларни ўрганишга бўлган қизиқишни кучайтиргани эса янада қувонарлидир. Шу маънода, Халқ таълими вазирлиги томонидан умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилган “Инглиз тили билимдонлари” интеллектуал мусобақасининг республика босқичи ҳам қизиқарли, ҳаяжонли дамларга бой кечди.
— Мазкур кўрик-танлов мамлакатимизда таълим-тарбия, хусусан, чет тилларни ўқитиш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар истиқболидан ёрқин далолатдир, — дейди Халқ таълими вазирлиги таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бош бошқармаси бошлиғи Файзулла Аҳмедов. — Танловнинг турли босқичларида 5 — 9-синф ўқувчилари барча шартлар бўйича пухта билимга эга эканини намойиш қилди.
Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида ўтказилган кўрик-танловнинг республика босқичида ўз ҳудудида ғолибликни қўлга киритган 14 жамоа баҳслашди.
Ўқувчилар билими учта тур бўйича синовдан ўтказилди. Жумладан, 5 — 6-синф ўқувчилари тест саволларига жавоб берган бўлса, 7 — 9-синф ўқувчилари танланган мавзу бўйича ижодий ёзма иш топширди.
Қизғин кечган танлов якунида умумий баллар ҳисобига кўра, Тошкент шаҳри жамоаси биринчи, Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги филологияга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби жамоаси иккинчи, Навоий вилояти жамоаси учинчи ўринни эгаллади.
Билимлар беллашувининг барча иштирокчиси махсус диплом ва совғалар билан рағбатлантирилди.
— Инглиз тилида қийналмай мулоқот қиламан, — дейди танловда 3-ўринни қўлга киритган Навоий вилояти жамоаси аъзоси Нилуфар Баҳриддинова. — Айни пайтда вилоятимиздаги 11-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг 8-синфида таҳсил олаяпман. Беллашув жуда қизиқарли ўтди. Билимларимни янада бойитдим. Дугоналарим сафи кенгайганидан хурсандман.

Шавкат ХЎЖАҚУЛОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn