Огоҳликка ундовчи дарслар
  • 11 Май 2015

Огоҳликка ундовчи дарслар

Юртимиз таълим муассасаларида 1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, Қуролли Кучлар ветеранлари, ҳарбий хизматчилар иштирокида “Тинчлик дарслари” бўлиб ўтди. Пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги 28-умумий ўрта таълим мактабида  ҳам ана шундай машғулот юқори савияда ташкил этилди.

Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо. Бу бебаҳо неъматлар туфайли мамлакатимиз кундан-кун чирой очиб, халқимизнинг ҳаёти фаровонлашиб бораётир. Фарзандларимиз муҳташам таълим масканларида замонавий асосда, ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан фойдаланган ҳолда пухта билим олишмоқда. Бунинг замирида истиқлол берган кенг имкониятлар, тинчлик ва фаровонлик мужассам, албатта. Демак, бугунги бахтиёр кунларимизнинг қадрига етиш, асраб-авайлаш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 1999 йилдан буён юртимизда 9 май — Хотира ва Қадрлаш куни сифатида кенг нишонланиб келинаётгани тинчлик йўлида жонфидо қилган ота-боболаримизнинг хотирасини муқаддас билиш, кексаларимизга алоҳида эъзоз ва эҳтиром кўрсатишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Шунингдек, жорий йилнинг мамлакатимизда “Кексаларни эъзозлаш йили” деб номлангани ҳам катта авлод вакилларига кўрсатилаётган ғамхўрликнинг яна бир ифодасидир.
“Тинчлик дарси”да нуронийларимизнинг босиб ўтган ҳаёт йўллари, бугунги дориламон кунлар ҳақида сўз юритилди.
— Ҳеч бир замонда нуронийларга бунчалик иззат-икром кўрсатилмаган, — дейди пойтахтимизнинг Беруний маҳалласида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Абдулла ота Аюпов. — Шифокорлар саломатлигимиздан доимо хабардор. Эндиликда бир йилда бир маротаба санаторийларда бепул дам олишимиз мумкин. Бундан ташқари, фарзандлар, набиралар, маҳалладошлар, умуман, ёш авлод вакилларининг ҳурмат, эҳтиромини айтмайсизми?! Булар одамнинг кучига куч, ғайратига ғайрат қўшади. Энг муҳими, тинч, осуда ва фаровон кунларда яшаяпмиз. Бунинг қадрига етиш, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиш, айниқса, ёшларимизнинг биринчи галдаги бурчидир.
— Ҳозирги осойишта ҳаётимизга осонликча эришилмаганини “Жасорат, бурч, матонат” шиори остида бўлиб ўтган “Тинчлик дарси”да янада чуқур англаб етдик, — дейди ушбу мактабнинг
8-синф ўқувчиси Азиз Қўчқоров — Демак, биз мустаҳкам билим олиб, юртимиз тараққиёти учун хизмат қилишимиз шарт.


Дилмурод СОДИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Таълим ва тажриба Дастурчилар олимпиадаси »