Юксак билимли ва интеллектуал ривожланган авлод мамлакатимиз изчил тараққиётининг муҳим таянчидир
  • 08 Май 2015

Юксак билимли ва интеллектуал ривожланган авлод мамлакатимиз изчил тараққиётининг муҳим таянчидир

Мамлакат тараққиётида малакали кадрларнинг ўрни беқиёс. Шу боис истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ Президентимизнинг бевосита ташаббуси ва кўрсатмаси билан ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилган “Таълим тўғрисида”ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури асосида соҳага алоҳида эътибор қаратила бошланди. Хусусан, бири-биридан кўркам, замонавий таълим муассасалари қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Айни жараёнда олий таълим даргоҳларини сўнгги технологиялар асосида жиҳозлаш, ўқитиш сифатини янада оширишга қаратилган чора-тадбирлар туфайли соҳада аҳамияти беқиёс ижобий ўзгаришлар кўзга ташланди. Фикримизни Тошкент ахборот технологиялари университети (ТАТУ) фаолияти мисолида давом эттирсак. У Ўзбекистон Республикасида ахборот ва телекоммуникация технологиялари соҳасида кадрлар тайёрловчи етакчи маскан ҳисобланади. ТАТУ — замонавий типдаги, юқори илмий-педагогик салоҳият, таълим коммуникацияларининг кенг турлари, халқаро алоқаларнинг ривожланган тармоғи, жамиятда мутахассислар тайёрлаш даражаси бўйича юксак мавқега эга университетдир.
— Ахборот-коммуникация технологиялари жадал тараққий этиб бораётган бугунги кунда соҳага билимли, интеллектуал салоҳияти юқори кадрларни тайёрлаб бериш муҳим вазифа саналади, — дейди мазкур олий ўқув юрти ректори, иқтисод фанлари номзоди Ҳаким Муҳитдинов. — Шундан келиб чиқиб, Марказий Осиёда ягона бўлган ноёб ва кенг қамровли ўқув базасини эътиборга олиб, таълим масканимизда бакалавриат, магистратура ҳамда докторантура йўналиши бўйича мутахассислар тайёрланмоқда. Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 26 мартдаги ахборот технологиялари соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиришга оид қарори муҳим аҳамият касб этаётир.
Айни пайтда Қарши, Нукус, Самарқанд, Урганч ва Фарғонада филиаллари мавжуд бўлган ўқув даргоҳида бакалаврларни ўқитишнинг 15 йўналиши модернизация қилиниб, саккиз янги йўналишга айлантирилди. Компьютер инжиниринги, дастурий инжиниринг, телекоммуникация технологиялари, телевизион технологиялар, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида касб таълими, иқтисодиёт ва менежмент, ахборотлаштириш ва кутубхоначилик, почта алоқаси технологиялари йўналишлари ана шулар жумласидандир. Магистратура босқичида эса “Электрон ҳукумат тизимини бошқариш” ҳамда “Электрон кутубхона ва архивлар” каби мутахассисликлар ташкил этилди. Шу тариқа эндиликда университетда иқтисодиётнинг барча тармоғи бўйича мутахассислар тайёрланмоқда.
Албатта, таълим даргоҳида талабаларга фанларни ўқитишда, аввало, давр талабларидан келиб чиқиб, қайси йўналишлар муҳимлиги инобатга олинаяпти. Шу нуқтаи назардан ҳозиргача бу ерда таълим жараёнига киритилган фанлар сони 115 тага етди. Қолаверса, АКТ соҳасида таҳсил олаётган йигит-қизлар бугунги кунда элликдан зиёд фанни инглиз тилида ўқишаётгани ҳам алоҳида диққатга сазовордир.
Тошкент ахборот технологиялари университети Европа ва Осиёдаги етакчи олий таълим муассасалари, илмий тадқиқот марказлари, нуфузли ташкилот ҳамда компаниялар билан ҳамкорлик ўрнатган. Ўзаро муносабатлар натижасида биргина ўтган йилнинг ўзида университет ва унинг филиалларидан бир гуруҳ профессор-ўқитувчилар Корея Республикаси, Ҳиндистон, Франция, Германия ва бошқа давлатларнинг нуфузли олий таълим муассасалари, ўқув марказларида компьютер ва дастурий инжиниринг, ахборот хавфсизлиги ҳамда телекоммуникация йўналишида малака оширишди. Ҳозирги кунда ТАТУнинг 20 нафар бакалаври, 22 нафар магистри ва 9 нафар докторанти хорижий университетларда таҳсил олаётганини ҳам айтиб ўтиш жоиз.
— Таълим масканимизда машғулотларни замонавий стандартлар асосида олиб бориш учун мультимедиа ва компьютер ўқув хоналари, “Ўзбектелеком” АК, “ZTE”, “Huawei” ва бошқа етакчи компанияларнинг ўқув лабораториялари,  хорижий давлатлар ҳамкорлигида марказлар ташкил қилинган, — дейди  ТАТУ маркетинг хизмати бўлими бошлиғи Акбар Нормуродов. —  Улар фаолияти халқаро миқёсда ҳам алоҳида эътироф этилаяпти. Хусусан, университетимиздаги Ўзбекистон — Корея ахборот алмашиш маркази 2014 йилда дунёнинг 40 га яқин мамлакатидаги шундай ахборот алмашиш марказлари орасида “Энг фаол” деб топилди ва Корея Республикаси ҳукумати томонидан ажратилган, моддий-техник базасини янгилаш, фаолиятини янада кенгайтириш ва ривожлантириш имкониятини берувчи молиявий маблағни қўлга киритди.  Тошкент ахборот технологиялари университети ҳамда унинг ҳудудий филиалларида иқтидорли талабалар билан ишлашга алоҳида эътибор қаратилади. Таълим-тарбия жараёнида талабаларнинг фаоллигини ошириш ва уларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, иқтидорли ёшларни рағбатлантиришга қаратилган дастур ишлаб чиқилган.
Шу маънода, ҳар йили университет миқёсида талабалар ва ёш олимларнинг ихтироларига бағишланган кўргазмани ташкил этиш ҳам яхши анъанага айланган. Мазкур тадбирларда ёшлар янги ғоялар асосида яратган ишланмаларини малакали мутахассислар, олимлар эътиборига ҳавола қилишади. Яқинда бўлиб ўтган кўргазмада иқтидорли талабаларнинг лойиҳалари қатор номинацияларда муносиб эътироф этилди. Масалан, “Энг яхши мобиль илова” йўналишида талаба Ш. Тоғаевнинг “Obida” android” иловаси, “Энг яхши Windows илова” номинациясида Х. Убайдуллаевнинг “e-Lug‘at” электрон луғат дастури ҳамда “Энг яхши техник ишланма”да Ш. Бегматовнинг “Лабиринт” ва “Android автомобиль” дастурлари ғолибликни қўлга киритди. Тадбирда университетнинг телекоммуникация технологиялари факультети магистранти Икром Пармонов яратган “ТАТУ роботи” деб ном олган масофадан бошқариладиган ноёб қурилма барчада қизиқиш уйғотди.
— Бу робот юриш, бурилиш, гапириш, ҳаттоки рақсга тушиш  қобилиятига эга, — дейди ёш кашфиётчи. — У “Arduino” дастурланадиган аппарат платформасида ишлайди. Масофали бошқарув “Android” тизимидаги “Wi-Fi” орқали амалга оширилади. Яъни роботни  мобиль телефон ёрдамида ҳам бошқариш мумкин. Келгусида бу қурилма турли саволларга жавоб берадиган, қўшиқ айтадиган хусусиятлар билан такомиллаштирилади.
Олий таълим муассасидаги шарт-шароит ҳамда талабаларга қаратилаётган эътибордан амин бўлдикки, юртимизда ёшларнинг пухта  билим олиши ва малакали кадр бўлиб шаклланиши учун етарли имкониятлар мавжуд. Буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг энг ривожланган давлатлар қаторига чиқиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари ифодасидир.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Намликни узоқ сақлайди Таълим ва тажриба »