Чет тилларни ўқитиш тизими ва илғор услублар
  • 06 Май 2015

Чет тилларни ўқитиш тизими ва илғор услублар

Пойтахтимизда “Чет тилларни турли соҳаларга йўналтирган ҳолда ўқитиш: имконият ва муаммолар” мавзуида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети қошидаги Чет тилларни ўқитишнинг инновацион методикаларини ривожлантириш республика илмий-амалий маркази томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда тегишли вазирлик ва идоралар, дипломатик корпус ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари, юртимиз олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, талабалар қатнашди.

Таъкидланганидек, узлуксиз таълим тизимининг барча босқичида амалга оширилаётган янгиланишлар жараёнида чет тиллари, хусусан, инглиз тилини ёшларимизга пухта ўргатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада дастуриламал вазифасини ўтаяпти.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ, 2013/2014 ўқув йилидан бошлаб олий ўқув юртларида айрим махсус фанлар, хусусан, техник ва халқаро мутахассисликлар бўйича ўқитиш чет тилларда олиб борилаётир. Албатта, бунинг учун ўқув муассасаларида қатор замонавий имкониятлар яратилди. Инглиз тили хоналари зарур жиҳозлар, ахборот-коммуникация технологиялари, ўқув адабиётлари билан таъминланди.
— Президентимизнинг чет тилларни ўқитиш тизимини такомиллаштиришга доир қарори ушбу йўналишда ўқитувчилар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари зиммасидаги масъулиятни янада оширди, — дейди ЎзДЖТУ қошидаги Чет тилларни ўқитишнинг инновацион методикаларини ривожлантириш республика илмий-амалий маркази раҳбари Аббос Ирисқулов. — Шу маънода, марказимиз томонидан хорижлик ҳамкорлар билан чет тилларни ўқитиш тизимида самарадорликка эришиш, ўқитувчиларнинг мазмунли дарс ўтишини таъминлаш ҳамда талабаларнинг қизиқишини ошириш мақсадида илғор услубларни ўқув жараёнига жорий этишга ҳаракат қилаяпмиз.
Анжуманда чет тилини эгаллаш кўникмаларини ривожлантириш, ўқув режалари ва материалларни ишлаб чиқиш, интерфаол услублар ҳамда технологиялардан унумли фойдаланиш масалалари ҳам муҳокама этилди.

Дилмурод СОДИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn