Инновацион лойиҳалар намойиши
  • 22 Апрель 2015

Инновацион лойиҳалар намойиши

Бухоро шаҳрида VIII Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ҳудудий ярмаркаси ўтказилди. Тадбирда Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд вилоятлари ҳамда пойтахтимиздаги олий ўқув юртлари ва ЎзФА тадқиқот институтлари вакиллари энг сўнгги илмий ишланмалари билан иштирок этди.

— Ярмаркада 150 дан зиёд лойиҳа намойиш қилинди, — дейди вилоят ҳудудий инновация фаолияти ва технологиялар трансфери маркази директори, физика-математика фанлари доктори Даврон Жўраев. — Улар бу ерга келган фермерлар, тадбиркорлар, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларда катта қизиқиш уйғотди. Тадбир олимлар ҳамда илмий тадқиқотчилар учун ўзаро тажриба алмашиш нуқтаи назаридан ҳам фойдали бўлди. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан хўжалик шартномалари тузиш имкониятини яратди. Ўзаро мулоқотлар жараёнида янги ғоялар туғилишига туртки берди.
Намойиш этилган ишланмалар иқтисодий самарадорлиги, қолаверса, халқ хўжалигининг барча соҳасини қамраб олгани билан эътиборга лойиқ. Бу мамлакатимизда илм-фан изчил тараққий топиб бораётганининг яна бир тасдиғидир.
— Биз кимё фанлари доктори, профессор Нурали Муҳаммадиев раҳбарлигида маҳаллий хом ашё асосида сорбент ишлаб чиқариш технологиясини яратдик, — дейди Самарқанд давлат университети ёш тадқиқотчиси Хуршид Саидов. — Сорбентлар Ургут туманининг турли гўшалари тупроғидан тозалаш ва куйдириш орқали олинди. У хроматография соҳасида рангли ҳамда рангсиз бирикмаларни ажратишда, озиқ-овқат саноатида ёғларни оқартиришда, сув ва чиқинди газларни тозалашда қўлланилади.
— Мана бу кичик қурилма муқобил энергия асосида ишлайдиган сув насосидир, — дейди яна бир суҳбатдошимиз, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти катта ўқитувчиси Мансур Ражабов. — Сув оқимининг кинетик энергияси ҳисобига ишловчи ушбу ускуна сувни маълум чуқурликдан юқорига узатиб, 50-70 сотих экин майдонини суғориш ва кунига ўртача 40-60 киловатт-соат электр энергияси етказиб бериш қувватига эга. Унинг йиллик ўртача иқтисодий самарадорлиги 1 миллион 700 минг сўмни ташкил қилади.
Ярмарка давомида шу каби ўнлаб ихтиро ва кашфиётлар намойиш этилиб, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболлари белгилаб олинди.


Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn