Илм-фан ютуқлари — ишлаб чиқаришга
  • 14 Апрель 2015

Илм-фан ютуқлари — ишлаб чиқаришга

Самарқанд шаҳрида VIII Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ҳудудий ярмаркаси уюштирилди. Президентимизнинг 2008 йил 15 июлдаги “Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилган мазкур тадбирда Самарқанд, Тошкент, Қашқадарё ва Бухоро вилоятларидаги олий таълим муассасалари, илмий тадқиқот ҳамда тажриба-конструкторлик ташкилотларининг ишланмалари намойиш қилинди.

— Ярмаркада бир қатор лойиҳаларимиз билан қатнашдик, — дейди Тошкент кимё-технология илмий тадқиқот институти илмий ходими Шавкат Ширинов. — Жумладан, олимларимиз ихтироси — гидрогел воситаси тупроқ таркибидаги намликни узоқ вақт сақлаш имконини беради. Ушбу янги маҳсулот тўлалигича маҳаллий хом ашё асосида яратилди. Шу боис унинг баҳоси хориждан келтириладиган турдошларига нисбатан бир неча баробар арзон. Энг асосийси, гидрогел ёрдамида катта миқдордаги минерал ўғит ва обиҳаёт тежалади, ер ости сувлари ифлосланишининг олди олинади. Аввал фойдаланиш мумкин бўлмаган майдонлардан ҳам юқори ҳосил олиш имконияти юзага келади.
Эътироф этиш керакки, анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур ярмарка олий таълим ва илмий тадқиқот муассасалари салоҳиятидан унумли фойдаланиш, илмий изланишлар натижаларини  амалиётга кенг жорий этиш, фан, таълим ҳамда ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Тадбир давомида саноат корхоналари, фермер хўжаликлари ва кичик бизнес субъектлари вакиллари таклиф этилаётган инновацион лойиҳалар билан яқиндан танишдилар.
— Ярмарка янги муваффақиятларимиз учун кенг йўл очади, — дейди Пастдарғом туманидаги “Чарос Мунис нур”  тикувчилик корхонаси раҳбари Санамжон Матчонова. — Унда олимларимиз томонидан яратилган кўплаб илмий ихтиролар ва ишланмаларни ўз фаолиятимизга татбиқ этиш юзасидан шартномалар имзоладик.
Тадбир давомида 150 га яқин технология ҳамда ишланмалар намойиш этилди.


Акрам ҲАЙДАРОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn