Ёш тадқиқотчилар анжумани
  • 14 Апрель 2015

Ёш тадқиқотчилар анжумани

Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент давлат техника университетида бошланган “Иқтидорли ёшларнинг фан ҳафталиги” доирасида “Фан ва техника тараққиётида интеллектуал ёшларнинг ўрни” мавзуида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Интеллектуал мулк агентлиги, Тошкент давлат техника университети томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда тегишли ташкилот ҳамда муассасалар вакиллари, илмий тадқиқот институтлари ва қатор олий ўқув юртлари олимлари, тадқиқотчилар ҳамда талабалар қатнашди.
Таъкидлаш керакки, мамлакатимизда илм-фанни янада ривожлантириш, таълим, фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш, истеъдодли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларни илмий тадқиқот ишларига кенг жалб этиш бўйича изчил ишлар амалга оширилаяпти. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 15 июлда қабул қилинган “Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.
Мазкур ҳафталик доирасида “Энг яхши инновацион ғоя”, “Энг яхши маъруза” номинациялари бўйича танлов ҳам ўтказилади. Зеро, анжуманда 700 нафардан зиёд иқтидорли ёшлар илмий изланишлари, техник лойиҳалари ва ишланмалари ҳақидаги маърузалари билан иштирок этмоқда. Улар орасидан энг долзарб ва илмий жиҳатдан салмоқли, деб топилганлари VIII Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасида қатнашиш учун тавсия қилинади.
— Лойиҳам қуёш батареялари орқали муқобил энергия ишлаб чиқаришга мўлжалланган, — дейди Тошкент давлат техника университети магистранти Исфандиёр Камолов. — Унинг одатдаги қуёш батареяларидан фарқи шундаки, у Қуёш ҳаракатига қараб ўзгариб бораверади, яъни ҳаракатланади. Қолаверса, энергия ишлаб чиқариш самарадорлиги юқори.
Шунингдек, “Иқтидорли ёшларнинг фан ҳафталиги” давомида Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги ходимлари, университет профессор-ўқитувчилари томонидан “Ихтирога Ўзбекистон Республикаси патентини бериш учун талабнома тузиш, топшириш ва кўриб чиқиш қоидалари”, “ЭҲМ учун дастур ва товар белгиларини рўйхатдан ўтказиш”, “Фундаментал, амалий ва инновация лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга ошириш”, “Саноат мулкини ҳуқуқий муҳофаза қилиш соҳасидаги халқаро шартномалар”, “Патент ахбороти. Халқаро патент таснифлагич” каби мавзуларда семинар-тренинглар ўтказиш кўзда тутилган.


Дилмурод СОДИҚОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn