Интилиш, имконият, қулайлик
  • 11 Апрель 2015

Интилиш, имконият, қулайлик

Пойтахтимиздаги «Ўзэкспомарказ» мажмуида «JobFair — 2015» саккизинчи ихтисослаштирилган бўш иш ўринлари ярмаркаси бўлиб ўтди. Мазкур анъанавий тадбир Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси кўмагида MyJob.uz ишбилармонлик тармоғи, “Карьера+” газетаси таҳририяти ва бошқа ташкилотлар томонидан уюштирилди.

Ярмарканинг очилишида сўзга чиққанлар мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида янги иш ўринлари ташкил этиш, аҳоли, хусусан, ёшларни иш билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани, бу амалда юксак самаралар бераётганини таъкидлашди. Ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва янгилаш, транспорт ҳамда муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни тараққий эттиришни қўллаб-қувватлаш дастурларини амалга ошириш натижасида, масалан, биргина 2014 йилда юртимизда 1 миллионга яқин иш ўрни яратилди. Ўтган йилда мамлакатимиз таълим муассасаларининг 600 мингдан зиёд битирувчиси бандлиги таъминланди. Шуниси қувонарлики, ёшларимизнинг аксарият катта қисми ўз келажагини кичик бизнесда кўрмоқда.
Анъанавий тарзда ўтказилаётган меҳнат ярмаркалари корхоналардаги бўш иш ўринларини тўлдиришнинг энг мақбул йўли бўлиб, у орқали иш берувчи мавжуд меҳнат ўрнига зарур номзодларни танлаб олиш имконига эгадир. Зеро, таълим муассасаларини битираётган йигит-қизлар, шунингдек, тажрибали мутахассислар ҳам ана шундай тадбирлар орқали ўзлари истаган ишни топишга эришадилар.
“JobFair — 2015” ярмаркасида бу гал Ўзбекистонда турли йўналишларда фаолият юритаётган 120 дан зиёд компания қатнашди. Улар орасида “Ўзбекистон ҳаво йўллари”, “GM Powertrain Uzbekistan”, “LG Electronics”, “Artel”, “Uzinfocom.uz”, “Huawei Tech Investment Tashkent” каби кўплаб етакчи фирма ва компаниялар бор. Улар иштирокчиларга 500 га яқин бўш иш ўринларини таклиф этишди.
— Ушбу ярмарка ишга жойлашмоқчи бўлган кадрлар билан яқиндан танишиш учун қулай имконият яратди, — дейди “Huawei Tech Investment Tashkent” масъулияти чекланган жамияти масъул ходими Севара Нурбоева. — Жуда кўп ёшлар билан суҳбатлашдик. Уларнинг билими, интеллектуал салоҳияти бизда алоҳида таассурот уйғотди. Ахборот-коммуникация технологиялари йўналишида 14 нафар янги ходимни жамоамиз сафига жалб этишни режалаштирганмиз. Ярмаркада мулоқот қилган номзодлар орасидан энг муносибларини яқин орада ишга таклиф этамиз.
— Бундай тадбирлар  эгаллаган мутахассислигимиз бўйича муносиб иш топишимиз учун қулай имкониятдир, — дейди Тошкент кимё-технология институти талабаси Сардор Ҳусанов. — Бир қанча компания ва фирмалар таклифлари билан танишиб чиқдим. Менга мобиль компанияларнинг имконият ва шароитлари маъқул келди. Ўйлайманки, ўзим хоҳлаган жамоада иш бошлайман.
13 — 17 апрель кунлари “JobFair Online — 2015” онлайн-ярмаркаси бўлиб ўтади. Мазкур тадбирда www.jobfair.uz интернет портали орқали ҳам иштирок этиш мумкин.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn