Ютуқ ва тажрибаларимиз эътирофи
  • 10 Апрель 2015

Ютуқ ва тажрибаларимиз эътирофи

Навоий шаҳридаги Навоий давлат педагогика институтида “Глобал олий таълим тизимида илмий тадқиқотларнинг замонавий услублари” мавзуида халқаро илмий конференция бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан ташкил этилган тадбирда тегишли олий ўқув юртлари, жамоат ташкилотлари вакиллари, шунингдек, Россия, Болгария, Миср каби давлатлардан ташриф буюрган мутахассислар, профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар ҳамда талабалар қатнашди.

Анжуманда юртимизда Президентимиз раҳнамолигида таълим тизимининг миллий моделини янада мустаҳкамлаш мақсадида соҳанинг яхлит, узлуксиз тизимини шакллантириш ва ривожлантириш борасида салмоқли натижалар қўлга киритилаётгани алоҳида таъкидланди.
— Бундай ютуқларимиз халқаро миқёсда ҳам кенг ўрганилмоқда, — дейди Навоий давлат педагогика институти кафедра мудири Нигора Сафарова. — Ҳатто, бир қатор тараққий этган  мамлакатларда ана шу илғор тажрибаларимиздан андоза сифатида фойдаланилаяпти. Франциядаги дунёнинг энг яхши бешта бизнес мактаби қаторига кирадиган “Инссад” халқаро бизнес мактаби томонидан 2012 йилда эълон қилинган “Инновацияларнинг глобал индекси” номли маърузасига кўра, таълим тизимини ривожлантириш даражаси бўйича Ўзбекистон жаҳондаги 141 мамлакат ўртасида иккинчи ўринни эгаллаган. Бу юртимизда ёш авлод камолоти давлат сиёсати даражасига кўтарилганининг яна бир тасдиғидир.
Тадбир давомида чет эллик олим ва мутахассислар Ўзбекистонда таълим, хусусан, олий таълим тизимида илмий тадқиқотларни амалга ошириш учун барча қулайлик яратилганини алоҳида таъкидлаб ўтишди.
— Мамлакатингизда жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга қодир салоҳиятли кадрлар тайёрлаш учун мустаҳкам замин мавжуд, — дейди Болгария Фанлар академияси Жамият ва билимларни ўрганиш институти доктори Стефан Николов. — Ўқув муассасаларидаги  шарт-шароитлар эса замон талаблари даражасида. Илмга иштиёқманд ёшлар давлат томонидан мунтазам қўллаб-қувватланар экан. Қолаверса, уларнинг бандлигини таъминлаш масаласи ҳам алоҳида эътибор ва назоратда. Албатта, буларнинг бари барқарор тараққиёт кафолатидир.
Конференцияда таълим муассасаларида тарбиявий-маърифий ишларни такомиллаштириш, етук мутахассислар шаклланишида инновациянинг роли ва глобаллашув жараёнида фанлар методологияси, таълим тизимига замонавий педагогик технологияларни жорий этиш каби мавзуларда маърузалар тингланди.

Азамат ЗАРИПОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn