Илғор ғоялар — амалиётга
  • 07 Апрель 2015

Илғор ғоялар — амалиётга

Андижон давлат университетида VIII Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасига тавсия қилинган ишланмаларнинг ҳудудий тақдимоти ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Фанлар академияси илмий тадқиқот институтлари, илмий-ишлаб чиқариш ва конструкторлик корхоналари ҳамда 50 дан ортиқ олий таълим муассасалари олим ва тадқиқотчилари, иқтидорли талабалар ўзларининг 250 дан зиёд инновацион ишланмаларини намойиш қилди.
Журналистлар учун ўтказилган брифингда Президентимизнинг 2008 йил 15 июлдаги “Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори  ижроси доирасида анъанавий тарзда ташкил этилаётган мазкур ярмарка илм-фанда эришилаётган янгиликлар ҳамда кашфиётларни ишлаб чиқаришга кенг татбиқ қилиш орқали саноат тармоқларини модернизациялаш, уларни жадал ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этаётгани алоҳида таъкидланди.
Жумладан, ўтган еттита ана шундай кўргазма давомида тақдим этилган уч мингдан ортиқ ишланмаларнинг асосий қисми амалиётга жорий қилингани ҳам бунинг яққол далилидир. 
Кўргазма давомида қишлоқ хўжалиги, қурилиш, транспорт, таълим, тиббиёт, муқобил энергия манбалари ҳамда бошқа бир қатор соҳаларда таклиф этилаётган инновацион ғоялар ва ишланмалар ўзига хослиги билан ажралиб туради.
Андижон машинасозлик институти доценти Илҳом Носиров ушбу олий ўқув юртининг биринчи босқич талабаси Бегижон Ботиров билан биргаликда яратган сув узатиш қурилмаси шулар жумласидандир. У сувни 20 метр баландликкача чиқариб бера олади.
— Бунинг учун электр энергияси ҳам, ёнилғи ҳам талаб этилмайди, — дейди И. Носиров. — Қурилма лалми ерларда деҳқончиликни ривожлантиришда жуда қўл келади. Шу боис ушбу ишланмамиз кўплаб фермер ва тадбиркорларда катта қизиқиш уйғотди. Ишонаманки, у келгусида суғориладиган экин майдонларини янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Тадбир доирасида электр энергияси ишлаб чиқарувчи қуёш панеллари, такомиллаштирилган аккумуляторлар каби бир қатор инновацион ғоя ва ишланмаларни амалиётга кенг татбиқ этиш юзасидан шартномалар имзоланди.

Саидаҳмад ШУКУРОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn