Чет тиллар пухта ўқитилмоқда
  • 06 Апрель 2015

Чет тиллар пухта ўқитилмоқда

Пойтахтимизда таълим тизимида чет тилларни ўргатишни янада такомиллаштириш юзасидан амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ташаббуси билан -ташкил этилган мазкур тадбирда тегишли вазирлик ҳамда идоралар вакиллари, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети профессор-ўқитувчилари, талабалар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Маълумки, юртимизда навқирон авлодга пухта билим бериш жараёнида уларга чет тилларни ўргатиш масаласига ҳам устувор вазифа сифатида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу йўналишда янги босқични бошлаб берди.
Ушбу қарорга асосан, узлуксиз таълим тизими доирасида чет тилларни ўрганишдаги давлат таълим стандартлари, ўқув режалар ва дастурлар такомиллаштирилди. Хорижий тиллар бўйича дарслик ҳамда ўқув-услубий мажмуаларни модернизациялашга оид “Presett” дастури асосида интеграллаштирилган ўқув режа ва дастурлар амалиётга жорий этилмоқда. -Шунингдек, ўқув адабиётлари ҳамда дарсликлар яратилди.
Таълим муассасаларида чет тилларни ўқитишнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича халқаро тажрибани эътиборга олган ҳолда, хорижий тил кабинетига оид жиҳозлаш меъёрлари ишлаб чиқилди. Яъни Тошкент ахборот технологиялари университети олимлари томонидан яратилган “Lingvo X” дастури тажрибадан ўтказилди. Дастур ёрдамида локал тармоқдаги компьютер синфи лингафонли компьютер синфи сифатида фаолият кўрсатади. Жанубий Кореянинг KOIKA ташкилоти билан Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия ҳамда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетларининг ўқув лабораториялари базасини мустаҳкамлашга кўмаклашиш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилди.
Таълим тизимида чет тилларни ўрганишни оммалаштириш борасида халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий таълим муассасалари билан ҳам самарали ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. Хусусан, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ҳамда Британия Кенгаши томонидан ишчи гуруҳи тузилди.

Дилмурод СОДИҚОВ.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn