Хусусиятларини узоқ вақт йўқотмайди
  • 06 Апрель 2015

Хусусиятларини узоқ вақт йўқотмайди

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти олимлари бўёқ ишлаб чиқаришнинг янги усулини яратди. У маҳаллий хом ашё асосида арзон ва импорт ўрнини босувчи маҳсулот тайёрлаш имконини беради. Мазкур инновацион технология дастлабки тажрибадан муваффақиятли ўтди.

Мутахассисларнинг фикрича, кимёвий йўл билан ажратиб олинган янги турдаги бўёқлар таркиби ва ранги жиҳатидан анъанавийларидан унчалик ҳам фарқ қилмайди. Лекин жилоланиш даражаси юқори. Уч йилгача хусусиятларини йўқотмайди. Қолаверса, атроф-муҳитга зиёни кам бўлиб, 180  даражагача иссиқликка чидамлидир.
— Ҳозирги пайтда бўёқ маҳсулотлари тайёрлашда заҳарли моддалар ажратмайдиган технологияларга эҳтиёж юқори, — дейди лойиҳа муаллифи Шоҳиста Жўраева. — Янги ишланманинг афзаллиги шундаки, кимёвий йўл билан ҳосил қилинадиган бўёқлар юртимизда илк бор ишлаб чиқаришга тавсия этилаяпти. Ундан кимё, полимер, парфюмерия ҳамда тўқимачилик саноатида кенг фойдаланиш мумкин.
Эътиборлиси, ушбу турдаги маҳсулотни ишлаб чиқаришда материал ва хом ашё сарфи 18-20 фоиз қисқариб, таннарх 1,7 марта камаяди.

Аҳад МУҲАММАДИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn