Тафаккур хазинаси
  • 02 Апрель 2015

Тафаккур хазинаси

Мамлакатимизда истиқлолнинг илк йилларидан бошлаб ёш авлод таълим-тарбиясига энг муҳим вазифалардан бири сифатида эътибор қаратиб келинмоқда. Уларнинг замонавий шарт-шароитлардан баҳраманд бўлиб, пухта билим олишаётгани, хусусан, сўнгги русумдаги ўқув ускуналаридан фойдаланишаётгани ўз самарасини бераётир.

Айни пайтда эртамиз эгаларини мутолаага ошно этиш, китоб ўқишга ўргатиш ҳам тарбиянинг таъсирчан усулларидан саналади. Бинобарин, юртимизда
2 апрель — Халқаро болалар китоби куни сифатида кенг нишонланиши ана шу эзгу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Бунда мактаблар, маҳаллалар, ўқув юртларида қатор маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилади. “Фарзандимга китоб ҳадя этаман” акцияси шулардан бири. Ҳар йили ўтказилиши анъанага айланган ушбу тадбир доирасида болаларни китобхонликка даъват этувчи кечалар, ёзувчи ва шоирлар билан учрашувлар уюштирилади.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан китобхонлар билан ишлашни янада яхшилаш, уларни маънавий рағбатлантириш, ёшларнинг мутолаага бўлган қизиқишини кучайтириш, ўғил-қизларимиз онгида эзгу тушунчаларни бойитиб боришга алоҳида эътибор берилмоқда. Қолаверса, китобсевар ўқувчилар ҳамда уларнинг ота-оналари фаоллигини ошириш мақсадида республика миқёсида ҳар йили оилавий китобхонликни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган бир қатор анжуманлар ташкил қилинаётир. Жумладан, уч босқичли “Китобхонлар байрами” тадбирлари, “Китобхон оила”, “Китобхон мактаб”, “Йилнинг энг яхши китобхони”, “Мустақиллик мадҳи болалар ижодида”, “Зукко китобхон” каби ўнлаб кўрик-танловлар фикримиз тасдиғидир.
Шу ўринда Республика болалар кутубхонаси томонидан уюштириладиган “ХХI asrda bolalar kitobxonligi” мавзуидаги илмий-амалий конференция ҳам ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб этиш мақсадига қаратилганлигини айтиш жоиз. Бундай тадбирлар  мактаб кутубхоналари ҳамда  ахборот-ресурс марказлари ўртасида соғлом рақобат муҳитини вужудга келтиришда муҳим восита бўлиб хизмат қилаяпти.
Бугунги кунда Республика болалар кутубхонаси ўқувчиларни китобхонликка жалб қилиш, айниқса, мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ҳамда бошланғич синф ўқувчиларида илк китобхонликни шакллантириш мақсадида муайян ишларни амалга ошираётир. Кутубхонанинг китоб хазинаси ҳар йили юртимиз ва хорижий нашриётлар томонидан чоп қилинган лотин ёзувидаги бадиий, луғавий, қомусий адабиётлар билан тўлдириб борилмоқда. Биргина ўтган йилнинг ўзида кутубхона фонди  6150 номдаги бадиий адабиётлар билан бойитилди.
Ҳеч кимга сир эмас, бугунги глобаллашув даврида интернетнинг таъсир кўлами ва доираси тобора кенгайиб бораётир. Виртуал олам орқали ахборот олишнинг осон, енгил, ихчам кўринишлари пайдо бўлаяпти.  Бу, албатта, қувонарли ҳол. Мазкур қулайликлар китобхонлик йўналишида ҳам урфга кирмоқда. Яъни айни пайтда Республика болалар кутубхонасида ўқувчиларга анъанавий ҳамда замонавий (интернет орқали) хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган. Бу ерга ташриф буюрадиганлар сонининг бир йилда 130 минг нафарни ташкил этаётгани ҳам ёшларимизнинг китобхонлик даражаси муттасил ошиб бораётганидан дарак беради.
Кутубхонанинг  интернет тармоғида www.kitob.uz  сайти ташкил қилинган бўлиб, ундан фойдаланувчилар сони ҳам кундан-кунга ортиб бораяпти. Ушбу сайт орқали юртимизнинг таниқли фан, адабиёт ва маданият вакиллари иштирокида онлайн мулоқотлар ташкил қилинмоқда.
Халқаро болалар китоби куни муносабати билан мамлакатимиздаги 1073 та ахборот-ресурс марказида “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилади. Ушбу тадбирлар доирасида сўнгги йилларда чоп қилинган болалар адабиётлари кўргазмаси, ўқувчиларнинг севимли ёзувчи-шоирлари билан учрашувлар, турли маърифий анжуманлар, викториналар ўтказилади. Акцияда фаол қатнашган ўқувчиларга муаллифлар дастхати битилган китоблар совға қилинади. Иштирокчилар ахборот-ресурс марказларининг китоб хазинаси, уларнинг фаолияти билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўладилар. Шу тарзда китобхонлик байрами ҳар бир мактаб, хонадон ва кўнгилга кўчади. Зеро, болаларимиз учун энг яхши дўст, садоқатли ҳамроҳ, тафаккур қаноти, бу — китоб.


Дониёр ЎРОЛОВ,
Республика болалар кутубхонаси директори.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn