Замонавий ахборот-кутубхона маркази
  • 27 Март 2015

Замонавий ахборот-кутубхона маркази

Ёшлар маънавиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда

Аҳолига тезкор ва замонавий ахборот хизматлари кўрсатишда бундай марказларнинг ўрни беқиёс эканлиги бугун ҳеч кимга сир эмас.
Эътироф этиш жоизки, 2006 йил 20 июндаги “Республика аҳолисини ахборот-кутубхона билан таъминлашни ташкил этиш тўғрисида”ги, 2011 йил 23 февралдаги “2011 — 2015 йилларда ахборот-коммуникация технологиялари асосида ахборот-кутубхона ва ахборот-ресурслари хизматларини янада сифатли ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарорларга мувофиқ, тизимда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Буни Алишер Навоий номидаги Сирдарё вилояти  ахборот-кутубхона маркази (АКМ) фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин. Хусусан, ушбу ҳужжатлар ижроси доирасида марказнинг моддий-техник базаси тубдан яхшиланди. 2006 йилда марказда атиги 3 та компьютердан фойдаланилган бўлса, ҳозирги кунда уларнинг сони 55 тага етди. Муҳими, зиё масканининг фаолият сифати ва самарадорлиги ошиб, мурожаат қилувчилар талабларини тезкорлик билан бажариш имконияти кенгайди. Айни чоғда ахборот ва фойдаланувчилар билан ишлашнинг янги усуллари жорий этилмоқда. Масалан, марказнинг веб-сайтида интерфаол хизматлар мавжуд бўлиб, китобхонлар ундан шу муассаса фаолиятига оид ҳамда ўзларини қизиқтирган барча зарур маълумотни олишлари мумкин.
— Бугун электрон каталоглаштириш ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятининг муҳим қисми ҳисобланади, — дейди марказнинг илмий-услубий бўлими мудири Лариса Егай. — Шу боис марказимизнинг электрон каталог секторида барча адабиётларнинг электрон шакли ИРБИС дастурига киритилади. Ҳозирги кунда олинаётган янги адабиётлар ҳам пешма-пеш ана шу дастурга жойлаштириб борилмоқда.  
Шунингдек, марказ фондида мавжуд бўлмаган қонун ҳужжатлари, ўқув қўлланмалари ва бошқа адабиётларни шу ернинг ўзида электрон манбалардан топиш хизмати ҳам йўлга қўйилди. Сўралаётган манбалар интернет орқали олинади.
Қолаверса, марказнинг электрон маълумотлар базасида оила психологияси, физика, она тили ва адабиёт, информатика, кимё, биология каби фанларга оид маълумотлар ҳам йиғиб борилаяпти. Зарур ҳолларда ходимлар томонидан  адабиётлар фойдаланувчиларга электрон шаклда ҳам  кўчириб берилиши мумкин.
Яқинда марказнинг моддий-техника базаси электрон нусха кўчирадиган замонавий ускуналар тўплами билан янада бойитилди. Ушбу матбаа ускуналари адабиётлардан тез ва сифатли электрон нусха олиш билан бирга, эскирган китобларни қайта саҳифалаш ҳамда муқовалашда ҳам асқатмоқда.
Таъкидлаш лозимки, айни пайтда мазкур зиё маскани вилоятдаги барча ахборот-ресурс муассасалари ва кутубхоналар учун услубий марказ вазифасини ўтамоқда. АКМ томонидан вилоятдаги ахборот-ресурс марказлари ҳамда кутубхоналар билан бу борада доимий  иш олиб борилаяпти. Жумладан, ахборот-кутубхоначилик фаолиятининг барча йўналиши бўйича ўқув-семинарлар ўтказилиб, соҳа ходимларига услубий ва амалий ёрдам кўрсатилаётир. Марказ ҳузурида вилоятдаги ахборот-ресурс марказлари ходимларининг малакасини ошириш ҳамда уларни қайта тайёрлашга йўналтирилган “Ёш мутахассис мактаби” ҳам фаолият кўрсатмоқда.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Шомурот ШАРАПОВ

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn