Иқлимга доир билимларни бойитиш
  • 24 Март 2015

Иқлимга доир билимларни бойитиш

муаммонинг олдини олишнинг энг мақбул йўлидир

Кеча Тошкент шаҳрида “Иқлим тўғрисидаги билимлар иқлим борасидаги ҳаракатларнинг асосидир” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди. Жаҳон метеорология ҳамда Жаҳон сув ресурслари кунларига бағишланган мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази ва Гидрометеорология илмий текшириш институти ҳамкорлигида ташкил этилди.
Таъкидландики, сув — сайёрамиздаги энг қимматбаҳо табиий ресурслардан бири. Зеро, инсоният ҳаёти ва саломатлигини, қишлоқ хўжалиги, коммунал соҳа, саноат тармоқлари ва гидроэнергетика тизими ривожини табиатнинг ушбу неъматисиз тасаввур этиб бўлмайди. Бироқ  истеъмолга яроқли чучук сув захиралари ниҳоятда чеклангани унинг ҳар қатрасидан оқилона фойдаланиш, исрофгарчиликка йўл қўймасликни тақозо этмоқда.
БМТ прогнозларига кўра, 2025 йилда Ер юзи аҳолисининг ярмидан кўпи сув танқислиги ёки сув тошқинларидан азият чека бошлайди. Негаки, нуфуснинг муттасил ўсиши обиҳаётга бўлган талабни янада оширса, кузатилаётган иқлим ўзгаришлари эса мавжуд муаммоларни кучайтириши эҳтимолдан холи эмас. Шунинг учун юзага келиши мумкин бўлган вазиятнинг олдини олиш учун ҳаракатни ҳозирданоқ бошлаш, унинг ечимини биргаликда излаш зарур.
БМТ Бош Ассамблеяси томонидан “Сув — ҳаёт учун” шиори остида халқаро ҳаракатлар ўн йиллиги ўтказилаётганининг боиси ҳам шунда. 
— Охирги ўн йилликларда тўпланган иқлимий маълумотлар, яъни ҳаво ҳароратининг кўтарилишидан музликларнинг эришигача, денгиз сатҳининг кўтарилишидан экстремал об-ҳаво ҳодисаларигача бўлган далиллар сайёрамизда иқлим ўзгаришига, асосан, инсон фаолияти, айниқса, ис газлари ташламалари сабаб бўлаётганини кўрсатмоқда, — дейди “Ўзгидромет” бўлими бошлиғи ўринбосари Ирина Зайцева. — Иқлим борасидаги билимларни бойитиб, атроф-муҳит муҳофазаси бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрилса, воқеалар ривожини ижобий томонга ўзгартириш, унинг оқибатларини мақбул даражада енгиллаштириш мумкин экан. Шунинг учун жорий йилги Жаҳон метеорология кунида айни шу масала кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилаяпти. 
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, 1950 йилдан буён 23 март санаси Жаҳон Метеорология ташкилотига аъзо мамлакатлар, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам “Жаҳон метеорология куни” сифатида нишонланади. Чунки иқлим ўзгариши ҳодисалари чегара билмайдиган глобал муаммодир. Бугунги кунда у дунёнинг деярли барча мамлакатлари ижтимоий-иқтисодий соҳаларига салбий таъсир кўрсатиб, барқарор ривожланиш суръатларини сусайтираётгани айни ҳақиқат. Жаҳон Метеорология ташкилоти мутахассисларининг фикрича, дунё давлатлари ўртасида иқлимий билимлар алмашувини кучайтириб, иқлимий хавфларни камайтириш бўйича биргаликда қатъий ҳаракатларни амалга ошириш орқали иқтисодий ва экологик талафотларнинг олдини олиш мумкин.  
Давра суҳбатида шу каби долзарб масалалар қамраб олинган маърузалар тингланиб, атрофлича муҳокама қилинди.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn