Бугун — талаба, эртага — мутахассис
  • 05 Март 2015

Бугун — талаба, эртага — мутахассис

Маълумки, ҳар йили минглаб ўғил-қиз юртимиздаги олий ўқув юртларини муваффақиятли тамомлаб, ишлаб чиқариш корхоналари, ташкилот ва муассасаларга йўлланма оладилар. Бунда жойларда ўтказилаётган меҳнат ярмаркаларининг аҳамияти катта бўлмоқда.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида ҳам ана шундай тадбир ташкил этилди. Унда вазирлик ва қўмиталар, жамоат ташкилотлари, ЎзФА тизимидаги илмий тадқиқот институтлари, тижорат банклари, шунингдек, кўплаб таълим муассасалари ўзларидаги бўш иш ўринлари билан қатнашди.
Айтиш жоизки, мамлакатимиздаги энг нуфузли олий таълим даргоҳларидан бири ҳисобланган ушбу муассасани жорий йилда бакалавр йўналишлари ва магистратура мутахассислиги бўйича 1315 нафар талаба битираяпти.
— Фалсафа факультетининг магистратура босқичини тугаллаш арафасидаман, — дейди  ярмарка иштирокчиси Муҳаббат Исматова. — Бу ерда иш таклиф қилувчилар фаолияти ва уларда ёш мутахассислар учун яратилган шароитлар билан танишдим. Бу, албатта, келгусида жамиятда муносиб ўрин эгаллашимизда асқатишига ишонаман.
— Биз бир неча мутахассисликлар бўйича бўш иш ўринлари таклиф қилаяпмиз, — дейди Чирчиқ шаҳридаги 12-умумтаълим мактаби директори Саида Мирзараҳимова. — Ҳозирги кунгача бир неча ёш мутахассис билан мулоқот олиб бориб, уларнинг билими, дунёқараши, интилишидан келиб чиққан ҳолда, меҳнат шартномаси туздик. Шунинг учун ҳам бундай меҳнат ярмаркаларининг анъанавий тарзда ўтказилаётгани барчага маъқул тушаяпти.
Эътиборли жиҳати, меҳнат ярмаркасида кўплаб битирувчилар ўз йўналиши ва мутахассислиги бўйича шартнома ҳамда келишувлар имзолашга муваффақ бўлди.


Мавжуда ХОЛМАТОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn