Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси
  • 21 Февраль 2015

Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси

Мамлакатимизда таълим тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида ёшларимиз ҳеч кимдан кам бўлмай камол топаяпти. Замонавий компьютер технологиялари, бир қатор хорижий тилларни пухта ўрганмоқда.

Шу билан бирга, соҳадаги янгиланиш жараёнлари устоз-мураббийларнинг жамиятда нуфузи ортишига, уларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, меҳнатини муносиб рағбатлантиришга асос бўлаётир.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси”, “Йилнинг энг яхши мактаби”, “Йилнинг энг яхши психологи” каби кўрик-танловлар педагоглар орасидан илғор ҳамда ташаббускорларини аниқлаш, уларнинг иш тажрибасини оммалаштиришга хизмат қилмоқда.
“Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” республика кўрик-танловининг Тошкент шаҳар босқичи ҳам қатор фанлардан энг яхши фан ўқитувчиларини саралаб берди.
Таъкидлаш керакки, белгиланган шартларга кўра, мазкур танловда олий маълумотли, камида уч йиллик меҳнат тажрибасига эга, ўзининг илғор педагогик ишланмалари оммалаштирилган, қисқача айтганда, маҳоратли педагоглар иштирок этишади. Қолаверса, қатнашчининг таълим сифатини оширишга қўшган ҳиссаси, ўқувчиларининг “Билимлар беллашуви” ҳамда турли кўрик-танловлар, учрашувларда қўлга киритган ютуқлари ҳам эътиборга олинади.
Танловнинг Тошкент шаҳар босқичи якуний натижаларига мувофиқ, кимё фанидан Чилонзор туманидаги 103-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Э. Аджамамбетова, математика фани бўйича  Шайхонтоҳур туманидаги 180-умумтаълим мактаби ўқитувчиси  А. Алимбекова, тарих фанидан Шайхонтоҳур туманидаги 20-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси И. Салаев биринчи ўринни эгаллади.
Fолиблар кўрик-танловнинг мамлакат босқичида иштирок этади.

Дилмурод СОДИҚОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn