Фан тараққиёти ва халқаро тажриба
  • 03 Февраль 2015

Фан тараққиёти ва халқаро тажриба

Пойтахтимизда илмий тадқиқот ишларини халқаро талаблар даражасида ташкил этиш ва натижаларини расмийлаштиришнинг замонавий услубларига бағишланган семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президентининг истиқболли ёш педагоглар ва илмий кадрлар малакасини ошириш “Истеъдод” жамғармаси, Буюк Британия кенгашининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур семинарда тегишли ташкилот ҳамда муассасалар вакиллари, илмий тадқиқот институтлари ва олий ўқув юртлари олимлари, тадқиқотчилар, хорижлик экспертлар қатнашди.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда илмий тадқиқот муассасалари фаолияти тубдан яхшиланиб, уларда ҳар томонлама билимли ва истеъдодли ёшлар изланишлар олиб бормоқда. Президентимизнинг 2012 йил 24 июлдаги “Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони бу борадаги ишлар кўламини янги босқичга кўтаришда дастуриламал бўлиб хизмат қилаяпти.
Айтиш жоизки, 2013 йилдан бошлаб республикамизда халқаро талаблар ва стандартларга мувофиқ диссертация ҳимоя қилиш ҳамда фан доктори илмий даражасини бериш бўйича олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг бир босқичли тизими жорий этилди. Бунинг самараси ўлароқ, бугунги кунда ёш олимларимиз эришаётган ютуқлар ишлаб чиқариш жараёнларига изчил татбиқ қилиб келинаётир. Бу эса мамлакатимиз иқтисодиётининг янада юксалишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Семинар-тренингда мамлакатимиз олимлари ва ёш тадқиқотчилар  Европа комиссияси илмий тадқиқотлар ва инновациялар бош бошқармаси ҳамда “Researcher Connect” глобал дастури мутахассислари билан илмий ишларни амалга ошириш, уларнинг натижаларини расмийлаштиришга қўйиладиган талаблар юзасидан ўзаро фикр алмашди.

Дилмурод СОДИҚОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn