Билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш
  • 27 Январь 2015

Билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш

мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан биридир

Республикамизда истиқлол йилларида бошқа соҳалар сингари таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, фарзандларимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмай камол топишлари учун барча имконият ва шароитларни яратиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Айни шу мақсадда “Таълим тўғрисида”ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ҳамда унинг мантиқий давоми — Мактаб таълимини ривожлантириш Давлат умуммиллий дастурининг қабул қилиниши туфайли юртимизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам замонавий таълим муассасалари қад ростлади.
Бугун Ватанимизнинг қайси гўшасига бормайлик, бири-биридан муҳташам таълим масканларига кўзимиз тушади, у ердаги қулай шароитларни кўриб, беихтиёр қувонамиз. Кўркам синф хоналари, ўқув ва лингафон, лаборатория, информатика хоналари жаҳон таълим стандартларига тўлиқ жавоб беради. Ўғил-қизларимиз мазкур даргоҳларда фаннинг энг сўнгги ютуқларидан хабардор бўлишаяпти. Айниқса, таълим жараёнига ахборот-коммуникация технологияларининг изчил татбиқ этиб борилаётгани ўзининг юксак самараларини бермоқда. Буларнинг барчаси давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган “ўзбек модели”нинг ёрқин ҳосилидир.
Муҳими, таълимдаги ислоҳотлар қизғин давом этмоқда. Биргина ўтган йилнинг ўзида республикамиз бўйича 380 та мактабнинг тубдан янгилангани фикримиз далилидир. Мазкур таълим муассасалари ўқув, лаборатория, компьютер ҳамда мултимедиа воситалари билан тўлиқ таъминланди. Бундай кенг кўламли ўзгаришлар нафақат юртдошларимиз, балки хорижлик мутахассис ва экспертлар томонидан ҳам эътироф этилаяпти. Айниқса, ота-оналарнинг қувончини сўз билан ифодалаб бўлмайди. Боиси уларнинг аксарияти ўтган замоннинг лойсувоқ мактабларида сабоқ чиқарган бўлиб, бугунги, кўз ўнгимизда чирой очиб турган салобатли ўқув масканларининг аҳамиятини, фарқини жуда яхши ҳис қиладилар. У даврдаги мактабларнинг шарт-шароити, таълим сифати талабга жавоб бермас, ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражаси эса паст кўрсаткичлардан иборат эди. Бугун-чи?! Мустақил диёримизда ёшларимиз таълим-тарбиясига катта куч ва маблағ сарф этилаяпти. Натижада мустақил тараққиётимизнинг қисқа даврида улкан марраларга эришилди.
Узоққа бормайлик, ўтган йили юртимиздаги мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчиларидан 122 нафари Франция, Италия, Латвия, Жанубий Корея, Польша ва бошқа бир қатор давлатларда бўлиб ўтган халқаро кўрик-танловларда ғолибликни қўлга киритгани ҳам юқоридаги фикримизга исботдир. Уларнинг 8 нафари Гран-прига лойиқ кўрилди, 69 нафари биринчи ўрин, 24 нафари иккинчи ўрин ҳамда 21 нафари учинчи ўринга сазовор бўлди.
Агар буни рақамлар ёрдамида таққосласак, йилдан-йилга ўсиш суръатини кузатишимиз мумкин. Айтайлик, 2008 йилда мусиқа йўналишида таҳсил олаётган ўқувчиларимизнинг 31 нафари нуфузли халқаро мусобақаларда муваффақият қозонган бўлса, 2014 йилга келиб, бу кўрсаткич қарийб 4 баробар ошди.
Бундан ташқари, фарзандларимизнинг халқаро фан олимпиадаларида эришаётган натижалари ҳам таҳсинга лойиқ. Жумладан, 2014 йилнинг 21 — 26 июль кунлари Корея Республикасининг Тэжон шаҳрида мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган халқаро математика мусобақасида мамлакатимиз вакиллари жамоавий ҳамда якка тартибдаги баҳсларда иккинчи ўринга сазовор бўлди.
Албатта, ушбу мусобақа жаҳон ҳамжамияти олдида Ўзбекистон ёшлари улуғ аждодларимизга муносиб авлод эканликларини намоён этди. Хусусан, жамоалар ўртасида кечган билимлар баҳсида Самарқанд вилояти, Булунғур туманидаги 15-умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси Сардор Саидқулов, Фарғона вилояти, Бувайда туманидаги 2-ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 7-синф ўқувчиси Жасурбек Имомов, Қашқадарё вилояти, Китоб туманидаги 1-ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 8-синф ўқувчиси Юлдуз Неъматова, Бухоро вилояти, Олот туманидаги 31-ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 8-синф ўқувчиси Даврбек Олтибоев иккинчи ўринни эгаллади.
Якка тартибдаги мусобақада эса Жасурбек Имомов иккинчи ўринга лойиқ топилиб, кумуш медаль билан тақдирланди. Юлдуз Неъматова ҳамда Даврбек Олтибоев махсус сертификатни қўлга киритди.
Шу ўринда ўқувчиларимизнинг спорт йўналишида эришган ғалабаларини ҳам алоҳида айтиб ўтиш жоиз. Ўтган бир йил мобайнида 469 нафар ўқувчимиз жаҳоннинг ўнлаб мамлакатларида бўлиб ўтган мусобақаларда қатнашиб, спортнинг қатор турлари бўйича ўз иқтидорларини намойиш қилди.
Албатта, буларнинг барчаси Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ёрқин натижаларидир. Зеро, фарзандларимизнинг бахту камоли ҳар доим давлатимиз раҳбарининг диққат-эътиборида туради. Чунончи,  Президентимиз 2014 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида “Бугунги кунда катта умид, орзу-мақсадлар билан, Ватаним тараққиётига ҳисса қўшаман, деб белини маҳкам боғлаб майдонга чиқаётган, мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, азму шижоатли ёшларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки бурчимизга айланиши керак”, дея таъкидлаганлари фаолиятимизнинг бош мезони бўлиб қолади.

 

Файзулла АҲМЕДОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Халқ таълими вазирлиги
Таълим муассасалари фаолиятини
ташкил этиш бош бошқармаси бошлиғи.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn