Азму шижоатли ёшлар бугунги ва эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучидир
Версия для печати
  • 22 Январь 2015

Азму шижоатли ёшлар бугунги ва эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучидир

Истиқлол йилларида мамлакатимизда илм-фан ривожи, таълим-тарбияга бўлган эътибор тубдан ўзгарди. Беқиёс ғамхўрлик туфайли ёшларимизнинг ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етишлари учун барча шарт-шароит яратилмоқда.

Президентимиз мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида ҳам ёш авлод вакилларига қаратилаётган эътиборни янада кучайтириш зарурлиги ҳақида сўз юритиб, жумладан, “Бугунги кунда катта умид, орзу-мақсадлар билан, Ватаним тараққиётига ҳисса қўшаман, деб белини маҳкам боғлаб майдонга чиқаётган, мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, азму шижоатли ёшларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки бурчимизга айланиши керак”, дея таъкидладилар.
Дарҳақиқат, юртимизда жисмоний ва маънавий жиҳатдан соғлом авлодни камолга етказишга хизмат қиладиган самарали тизим шакллантирилди. Қай бир соҳа ривожига қаратилаётган эътиборни олиб кўрмайлик, буларнинг бари, аввало, ёшлар тақдири, уларнинг ёруғ келажаги учун амалга оширилаётганига гувоҳ бўламиз. Масалан, Ўзбекистонда таълим соҳасини ривожлантириш ва ислоҳ этишга йўналтирилаётган маблағлар ҳар йили Давлат бюджети харажатларининг асосий қисмини ташкил қилади. Шунинг ўзиёқ мамлакатимизда баркамол авлод тарбиясига нақадар катта аҳамият қаратилаётганини яққол ифодалайди. Мустақиллигимизнинг дастлабки йилидаёқ — 1991 йилнинг 20 ноябрида “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилингани ёшлар масаласи давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири эканлигини англатади. 1997 йилда қабул қилинган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури эса баркамол авлодни тарбиялаш борасидаги ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди. Унга кўра, 9+3 схемаси бўйича 12 йиллик умумий мажбурий бепул таълим тизимининг жорий этилгани алоҳида эътиборга лойиқдир.
Мустақиллик йилларида олий таълим тизимида ҳам улкан ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, таълимнинг “бакалавриат/магистратура” босқичига ўтказилиши мазкур тизим ҳамда меҳнат бозорининг ўзаро алоқасини кучайтирди.
Ўзбекистон олий таълим тизимида рўй бераётган интеграцион жараёнлар натижаси ўлароқ, республикамизда Европа ва Осиёнинг бир қатор етакчи олий ўқув юртларининг филиаллари ташкил этилди. Жумладан, Вестминстер университети, Сингапур менежментни ривожлантириш институти, Турин политехника университети, Россия нефть ва газ университети, Москва давлат университети, Россия иқтисодиёт университети каби етакчи олий таълим муассасалари филиаллари фаолият юритмоқда.
Бугунги кунда таълим соҳасида замонавий ахборот ва компьютер технологиялари, интернет тизими, рақамли ва кенг форматли телекоммуникацияларнинг илғор усулларини ўзлаштириш тараққиёт даражасини белгилаб бераётир. Шундан келиб чиқиб, республикамизда иқтисодиётнинг барча тармоқларига ва кундалик ҳаётимизга ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш масаласига жуда катта эътибор қаратилаяпти. Ушбу жараёнда ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиш, улар билан ҳамкорлик қилишга ҳам алоҳида аҳамият берилаётир. Хусусан, юқори технологиялар соҳасида жаҳонда нуфузли ўринга эга бўлган мамлакатлардан бири бўлмиш Жанубий Корея бу борада Ўзбекистоннинг ишончли ҳамкорига айланган.
Президентимизнинг 2014 йил 24 мартдаги “Тошкент шаҳрида Инха университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига асосан, пойтахтимизда Инха университети филиалининг ташкил этилгани ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси учун кадрлар тайёрлашда муҳим қадам бўлди.
Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, Жанубий Кореянинг Инха университетига 1954 йилда асос солинган бўлиб, айни пайтда таълим муассасасида 20 йўналишда 20 мингдан зиёд талаба таҳсил олади. Сеулнинг “JoongAngIlbo” нашри рейтингида Инха университети Корея Республикасининг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида кадрлар тайёрлайдиган энг пешқадам таълим муассасалари бешталигидан, шунингдек, 2014 йил Осиё давлатлари миқёсида ўрганилган таълим даргоҳлари орасида мазкур йўналишда энг илғор университетлар юзталигидан жой олган.
— Мамлакатимизда ушбу таълим даргоҳи филиалининг очилгани АКТ соҳасида Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг яна бир ёрқин мевасидир, — дейди Тошкент шаҳридаги Инха университети ректори Шерзод Шерматов. —  Университет учун ажратилган бино ва иншоотлардаги шароитлар халқаро талабларга тўла жавоб беради. Ўқув аудиториялари, лаборатория ва бошқа хоналар замонавий жиҳозлар билан таъминланган.
Ҳозирги кунда мазкур таълим даргоҳида Жанубий кореялик 11 нафар мутахассис ёшларга ахборот-коммуникация сирларидан сабоқ бераяпти. Улар қаторида юртимиз ўқитувчилари ҳам бу жараёнда фаол иштирок этишмоқда. Шу билан бирга, маҳаллий мутахассисларни Жанубий Кореянинг Инха университетида тажриба орттириши йўлга қўйилганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.
— Тошкент шаҳридаги Инха университетида иш бошлаганимга салкам тўрт ой вақт бўлди, — дейди ёшларга дастурлаш назариясидан таълим бераётган профессор Канг Санг Гил. — Ўзбекистон ёшларини бошқа мамлакатлардаги тенгдошлари билан солиштирганимда, жуда кўп хислатларини пайқадим. У ҳам бўлса, аввало, билим ўрганишга чанқоқлиги, кучли мутахассис сифатида шаклланишга бўлган интилишидир.
Шу ўринда ўтган йили Жанубий Кореянинг Инха университети президенти Пак Чун-Бэ юртимиздаги академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари битирувчилари билан видеомулоқот шаклидаги учрашувида билдириб ўтган фикрни айтсак. Жаноб Чун-Бэ ёшларимиз салоҳиятига юксак баҳо бериб, Тошкент шаҳридаги Инха университети яқин келажакда нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё минтақасида ахборот технологиялари саноати мутахассисларини тайёрлайдиган етакчи марказлардан бирига айланишига ишонч билдирди. Бу, албатта, барчамизга алоҳида ғурур бағишлайди.
Ҳозир университетнинг компьютер инжиниринги ва дастурий инжиниринг факультетида бакалавриат йўналишларида юз нафардан ортиқ талаба таҳсил олмоқда. Ўқиш давомийлиги тўрт йил бўлиб, битирувчиларга Инха университети (Корея Республикаси)нинг белгиланган намунадаги, Ўзбекистон Республикасида олий таълим тўғрисидаги ҳужжат, деб тан олинадиган дипломи берилади.
— Тошкент шаҳридаги Инха университетига энг юқори баллардан бирини олиб, грант асосида ўқишга кирдим, — дейди биз билан суҳбатда 19 яшар Шаҳбоз Абдулазизов. — Ўзим Наманган вилоятининг Чуст туманидаги Олмос қишлоғиданман. Юртимизда биз, ёшларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан руҳланиб, билимларимни мустаҳкамлашга ҳаракат қилаяпман. Иқтисодиёт коллежида пухта билим олдим. Инглиз тилини ўрганишга қизиқишим юқорилиги боис бўш вақтим бўлди, дегунча шу тилни ўзлаштириш билан астойдил шуғулландим. Халқаро инглиз тили тест тизими (IELTS) бўйича ўтказилган синовда 7,0 балл тўпладим.
Университетдаги таълим жараёни диққатимизни тортди. Масалан, талабалар ҳар бир дарсга алоҳида тайёргарлик кўришади. Бунинг учун ўқув биносида махсус ажратилган жойларда мустақил равишда изланишади. Бундан ташқари, гуруҳларга бўлинган ҳолда, қийин бўлган мавзуларни биргаликда муҳокама қилишади, ўзаро билим алмашишади. Дарс жараёнида эса мавзу бўйича кўникмаларини ўқитувчи ёрдамида мустаҳкамлашади. Шунингдек, талабалар энг сўнгги русумдаги компьютердан дарсдан ташқари ҳам бемалол фойдаланишлари мумкин.
Мухтасар айтганда, буларнинг барчаси Президентимиз ғамхўрлигидан баҳраманд бўлиб, камол топаётган, кўзи порлаб турган, қалби орзу ва мақсадларга лиммо-лим ёшларимизни Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга ундаши, шубҳасиз.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Ҳасан ПАЙДОЕВ
олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn