Бешинчи синфдан касбга йўналтирилади
  • 16 Январь 2015

Бешинчи синфдан касбга йўналтирилади

Янгиер шаҳридаги 3-умумтаълим мактабининг 5-синф ўқувчиси Шуҳрат Насруллаев келажакда қайси касб эгаси бўлиши хусусида аллақачон қатъий қарорга келган. Яъни унинг орзуси — банк-молия соҳаси мутахассиси бўлиш. Шу боис дарсдан сўнг мактабдаги математика тўгараги машғулотларида иштирок этишни канда қилмайди.

Эътиборлиси, ҳозир Шуҳратнинг шаҳардаги 523 нафар тенгдоши ҳам турли тўгаракларга қатнайди. Зеро, Сирдарё вилояти халқ таълими бошқармаси ташаббуси билан болаларни 5-синфданоқ касбга тайёрлаш бўйича Янгиер ва Гулистон шаҳарлари мактабларида жорий қилинган тажриба-синов ишлари ана шундай ижобий самара бермоқда.
— Касбга йўналтиришда ҳар бир ўқувчининг иқтидори, истеъдоди ва қизиқишларини инобатга оламиз, — дейди халқ таълими бошқармасининг ташхис маркази раҳбари Абдумалик Абдураҳмонов. — Албатта, бунда биринчи галда уларнинг орзу-истакларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни чоғда тўгараклар фаолиятини янада жонлантириш ҳамда болаларни ўзлари хоҳлаган касб-ҳунарга тайёрлашда илғор педагогик технологиялардан кенг фойдаланиш ҳам мазкур тажриба-синов амалиётимизнинг муҳим талаблари ҳисобланади. Айтиш лозимки, ҳозир ушбу тажриба қўлланилаётган таълим муассасаларида 20 дан зиёд тўгараклар фаолият юритмоқда.
Шунингдек, мусиқа ва санъат, болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, “Баркамол авлод” болалар марказлари ҳам ушбу янгиликни амалиётга татбиқ этишда фаол қатнашаяпти.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn