Баркамол авлод тарбияси энг устувор ва улуғвор вазифадир
Версия для печати
  • 15 Январь 2015

Баркамол авлод тарбияси энг устувор ва улуғвор вазифадир

Бугун мамлакатимизнинг шаҳару қишлоқларида бунёд этилаётган замонавий янги ишлаб чиқариш корхоналари, маданий, ижтимоий-иқтисодий объектлар, намунавий лойиҳалар асосида қад ростлаётган уй-жойлар уларнинг кўркига ажиб бир тароват бахш этиб турибди.

Айниқса, ўзига хос ва бетакрор қиёфага эга таълим-тарбия муассасалари, том маънода, маънавият ва маърифат масканларига айланиб улгурди.
Президентимиз Конституциямиз қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидлаганларидек, “...биз бундан 17 йил олдин қабул қилган, қўлга киритаётган барча ютуқ ва марраларимизнинг омили ва замини бўлган, ҳаммамизни, аввало, болаларимизнинг онгу тафаккурини, ҳаётга бўлган муносабатини тубдан ўзгартирган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва истиқболли мактаб дастури ҳақида алоҳида тўхталиб ўтишимиз зарур, деб ўйлайман.
Эски тизимнинг қолип ва ақидаларидан холи бўлган, мустақил фикрлайдиган ва ҳаётга қарайдиган, Ватанимиз тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир куч сифатида майдонга чиқаётган бугунги ёш авлодимиз айни шу дастурларнинг, биз амалга ошираётган тарбиявий ишларимизнинг маҳсули, десам, ҳеч қандай хато бўлмайди”.
Айни пайтда республикамиз халқ таълими тизимида 9698 та мактаб фаолият кўрсатмоқда. Ўз навбатида, улар энг сўнгги русумдаги компьютер жамламалари, зарур ўқув-методик адабиётларга эга бўлиб, турли лаборатория ускуналари ва спорт жиҳозлари билан тўлиқ таъминланган. Бундай шароит ва имконият фарзандларимизнинг илм-фан ютуқларини ўзлаштиришларида, ҳам маънан, ҳам жисмонан баркамол бўлиб улғайишларида ҳал қилувчи омил бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши соҳани ўтмишдан қолган мафкуравий қарашлардан тўла халос этиш, юксак маънавий-ахлоқий талабларга жавоб берувчи юқори малакали кадрлар тайёрлаш миллий тизимини яратишга асос бўлди. Мазкур дастур Юртбошимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган тараққиётнинг “ўзбек модели” тамойилларига қатъий риоя этилиб, босқичма-босқич амалга оширилишига эришилди.
Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг узвий ва мантиқий давоми бўлган Мактаб таълимини ривожлантириш Давлат умуммиллий дастурининг қабул қилиниши ислоҳотлар кўламини янада кенгайтирди. Ушбу ҳужжат мактабларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, узлуксиз таълимнинг ягона тизимини шакллантириш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишда асосий дастуриламал бўлгани билан аҳамиятлидир.
Айтиш жоизки, мазкур дастур асосида деярли барча мактабларда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Жумладан, 351 янги мактаб қурилган бўлса, 2470 таси реконструция қилинди, 3608 та мактаб капитал таъмирланди ва 2072 таси жорий таъмирдан чиқарилди.
Белгиланган барча вазифалар ўз вақтида бажарилгани баробарида, мамлакатимизда умумтаълим мактаблари қурилиши билан боғлиқ ишлар изчил давом эттирилмоқда. Бунинг натижасида 2011 — 2014 йилларда 61 янги мактаб биноси қурилди, 748 мактаб биноси ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси мукаммал реконструкция қилинди, 635 мактабнинг бино ва иншоотлари мукаммал таъмирдан чиқарилди. Ушбу мақсадлар учун жами 787,1 миллиард сўм сарфланди.
Халқ таълими вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, 2014 йилги Инвестиция дастурига биноан, республикамиз бўйича 381 таълим объектида жами 275,5 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Улардан 221 тасида 172,1 млрд. сўмлик реконструкция ишлари, 160 тасида эса 103,4 млрд. сўмлик мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилди.
Президентимизнинг 2013 йил 25 декабрдаги қарорига асосан, Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш бўйича бюджетдан ташқари жамғармаси ҳисобидан 3 024 та умумтаълим мактаби ҳамда 48 та болалар мусиқа ва санъат мактаби  106,2 млрд. сўмлик мебель, ўқув-лаборатория ускуналари, компьютер техникаси, спорт анжомлари ҳамда мусиқа чолғу-асбоблари билан жиҳозланди.
— Бизнинг таълим муассасамиз ҳам айни шу дастур асосида капитал таъмирдан чиқарилди, — дейди пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги 70-умумтаълим мактаби директори Барно Қодирова. — Натижада бинонинг том қисми, ёритиш ва иситиш тизимлари тўлиқ таъмирланди. Ойналари пластик ромларга алмаштирилди, эшиклар янгиланди. Кимё, биология ва физика хоналари ўзига хос кўркам қиёфа касб этди, янги мебель билан жиҳозланди. Айниқса, бошланғич чет тили хоналари учун техника воситалари ажратилгани фарзандларимизнинг хорижий тилларни пухта ўрганишига хизмат қилаяпти. Шу кунларда информатика хоналарига ҳам энг сўнгги русумдаги компьютер ускуналари ўрнатилмоқда.
Албатта, бундай ижобий ўзгаришларни юртимизнинг чекка-чекка ҳудудларидаги замонавий таълим масканлари қиёфасида ҳам кўришимиз мумкин. Зеро, таълим-тарбиянинг узвийлигини таъминлаш борасидаги  эзгу саъй-ҳаракатлар фарзандларимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмай, ўз иқтидор ва истеъдодини юзага чиқаришлари учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn